Спорт | 17:12 / 04.08.2023
22998
13 дақиқада ўқилади

«Барса» ва «Сити» топ-ҳимоячилар олмоқда. Сўнгги трансфер хабарлари

«ПСЖ» трансфер кампаниясини тўхтатмаяпти, Саудия Арабистонига юлдузлар оқими давом этмоқда.

Фото: Getty Images

Топ-лигаларда янги мавсум шу ҳафтадаёқ старт олади. «Манчестер Сити» ва «Арсенал» Англия Суперкубоги учун баҳс олиб боришади. Клублар сўнгги трансферларини амалга оширмоқда. Қуйида амалга ошиб бўлган ва эълон қилиниши кутилаётган навбатдаги трансферлар ҳақида.

«РБ Лейпциг» Андре Силвани ижарага берди

27 ёшли португалиялик ҳужумчи Европа бўйлаб саёҳат қилишда давом этади. Бундеслиганинг ўтган мавсумида урилган тўрт гол «Лейпциг» раҳбариятида яхши таассурот қолдирмади, шунинг учун Силва олдиндаги мавсумни «Реал Соседад»да ўтказади. Испан клубида мавсум якунида футболчининг трансфер ҳуқуқини сотиб олиши ҳам мумкин.

Аввалроқ «Лейпциг»нинг ўтган мавсумда басклар жамоасида ижара асосида ўйнаган норвегиялик ҳужумчиси Александер Сёрлот «Вилярреал»га ижарага берилганди.

Лукас Моура Бразилияга қайтди

«Сан-Паулу» бразилиялик вингер Лукас Моура қайтгани ҳақида эълон қилди. Европада ёрқин, аммо барқарор бўлмаган йилларни ўтказган, шу ёзда «Тоттенҳэм»ни эркин агент сифатида тарк этган 30 ёшли ушбу футболчи Бразилия клуби билан бир йиллик шартнома имзолаган.

Моура — «Сан-Паулу» тарбияланувчиси ҳисобланади, у 2005 йилдан 2013 йилга қадар турли ёш тоифасидаги жамоаларда ўйнаган. Европанинг «ПСЖ» ва «Тоттенҳэм» клубларида жами 10 йил ўтказган футболчи қадрдон клубига қайтди.

Қишда «Тоттенҳэм» Моура билан шартномани узайтириш тўғрисидаги бандни фаоллаштирмаганди, май ойи охирида эса у кетаётгани ҳақида эълон қилди. Бразилиялик футболчига АПЛ, Италия ва Франция клубларидан таклифлар бор эди, аммо Лукас ватанига қайтишни афзал кўрди.

«Янги Ҳоланд» «Манчестер Юнайтед»га ўтаётганини анонс қилди

Айни вақтда ушбу футболчи тиббий кўрикдан ўтиш учун Англияга учиб келган. Инглиз клуби яқин вақтлар ичида трансфер ҳақида эълон қилади. Расмус Ҳойлунднинг ўзи ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали бўлажак клуби формаси суратини жойлаштириб, «Тез орада» ёзувини илова қилганди.

ОАВ маълумотига кўра, «МЮ» даниялик 20 ёшли ушбу  ҳужумчи учун «Аталанта»га 70 млн евродан ортиқроқ маблағ тўлайди. Клублар аллақачон ҳужжатларни алмашган, футболчи билан кейинроқ узайтириш шарти билан 5 йиллик шартнома имзоланади.

Дембеле ва «ПСЖ» — Here We Go!

Инсайдер Фабрицио Романо машҳур ибораси орқали Усмон Дембеленинг «ПСЖ»га трансфери масаласи ҳал бўлганини хабар қилди. 26 ёшли француз аллақачон парижликлар клуби учун тиббий кўрикдан ўтган, трансфер ҳақида яқин вақтлар ичида расман эълон қилинади.

RMC Sport хабарига кўра, Париж клуби у билан беш йиллик шартнома имзолайди У ва унинг агенти «ПСЖ»дан бонус сифатида 25 миллион евро олади.

«Барселона» трансфер учун 50 млн еврога эга бўлади. Француз футболчиси 2017 йил ёзида, Неймарнинг «ПСЖ»га трансферидан кейин шошилинч равишда «Боруссия» Дортмунд клубидан 140 млн евро эвазига харид қилинганди. Аммо унинг Испаниядаги фаолияти жароҳатлар туфайли барқарор кечмади. Унинг каталонлар клуби билан шартномаси муддати 2024 йил ёзигача эди ва у бу шартномани узайтиришни истамади. 

Дембеле ўтган мавсумда «Барселона»нинг барча турнирлар доирасидаги 35 ўйинида қатнашиб, саккиз гол урган ва тўққиз голга узатма берган.

As нашри футболчи кетиш олдидан «Барселона» бош мураббийи Хави билан ўтказган суҳбати тафсилотларини келтирган. Учрашувда Усмон шундай деган: «Мен шу ерда қолишни ва совринлар ютишни истаган бўлардим, аммо бундай носоғлом муҳитда эмас». Футболчига унга клуб раҳбариятининг муносабати ёқмаган.

Дембеле жамоадошлари билан суҳбатда ҳам «доимий равишда унга чиқинди отадиган ва бошини олиб ташлаш учун пайт пойлайдиган» одамлар бор бўлган клубда ўйнашни истамаслигини айтган. Француз ўзининг устидан кулинмайдиган клубда ўйнашни афзал кўришини таъкидлаган.

ОАВ маълумотига кўра, унинг «Барса» раҳбариятидан ранжишига клубнинг ўзи, Рафиня ва Гавини Мбаппега алмашиш режаси борлигини билиб қолгани сабаб бўлган.

Рамуш «ПСЖ»га ўтмоқда

Гонсалу Рамуш. Фото: GUALTER FATIA/GETTY IMAGES

Парижликларнинг трансфер кампанияси Усмон Дембеле билан тўхтамайди, француз суперклуби бошқа бир катта трансферга ҳам тайёрланмоқда — «Бенфика» ва Португалия миллий жамоаси форварди Гонсалу Рамуш.

Фабрицио Романо бу келишув «тез орада» ҳал бўлишини хабар қилган. Яқин кунларда футболчи тиббий кўрикдан ўтади. Инсайдернинг маълумотига кўра, трансфер қиймати 80 млн еврони ташкил этиши мумкин, бонуслар ҳам бўлади. Футболчи билан 2028 йил ёзигача шартнома тузилади.

Ўз навбатида, журналист Педру Сепулведа эса парижликлар 22 ёшли футболчини ижарага олиш вариантини ҳам кўриб чиқаётганини ёзган. Унга кўра, «ПСЖ» «Бенфика»га футболчини бир йилга ижарага олиш ва мавсум якунида 65 миллион еврога трансфер қилиш бўйича таклиф берган. Шунингдек, яна 15 миллион евро бонуслар кўринишида тўланиши мумкин.

«ПСЖ» бу билан молиявий фэйр-плей қоидаларини айланиб ўтишни кўзлаган. «Бенфика» раҳбарияти эса ҳужумчини шу ёздаёқ сотишни истамоқда ва ҳозирча парижликларнинг бундай таклифини ўйлаб кўрмаяпти.

Ўтган мавсумда Рамуш «Бенфика» учун барча турнирлар доирасида 47 ўйинда майдонга тушиб, 27 гол урган ва беш голга узатма берган.

Романонинг маълумотига кўра, «ПСЖ» шорт-листида Рандал Коло Муани («Айнтрахт» Франкфурт) ва Брэдли Баркола («Лион») ҳам бор.

Гвардиола — Гвардиол жуфтлиги

Йошко Гвардиол «Манчестер Сити»га ўтади, Фабрицио Романо тасдиқлади - Here We Go! Футболчи 4 август куни тиббий кўрикдан ўтади, барча ҳужжатлар ҳафта охирига қадар имзоланади. Унинг маълумотига кўра, трансфер қиймати 90 млн евро ва бонуслардан иборат бўлади.

Германиянинг Bild нашри ҳам «Манчестер Сити» ва «РБ Лейпциг» хорватиялик 21 ёшли ҳимоячи Йошко Гвардиол трансфери бўйича келишувга эришгани ҳақида хабар берган.

Шу тарқиа, Гвардиол дунёнинг энг қимматбаҳо ҳимоячисига айланади. Айни вақтда бу мақом Ҳарри Магуайрга тегишли бўлиб турибди, «Манчестер Юнайтед» 2019 йилда унинг трансфери учун «Лестер» 87 миллион евро тўлаганди.

Гвардиолнинг «Манчестер Сити»га сотилиши «РБ Лейпциг» учун бутун тарихидаги рекорд трансфер бўлади. Ҳозирда немис клубининг энг қиммат сотувлари — шу йил ёзида 70 миллион еврога «Ливерпул»га трансфер қилинган Доминик Собослаи ҳамда 60 миллион еврога «Челси»га сотилган Кристофер Нкунку бўлиб турибди.

Хавининг ёздаги асосий мақсади

Жоау Канселу. Фото: ALEX GRIMM/GETTY IMAGES

Фабрицио Романонинг хабарига кўра, «Барселона» португалиялик ҳимоячи Жоау Канселу билан келишувга эришган. 29 ёшли футболчининг ўзи ҳам Испания чемпионатига ўтишни истамоқда.

Хави учун португалиялик ушбу футболчи – 2023 йил январидан буён устувор мақсад бўлиб келаётганди. Mundo Deportivo хабарига кўра, агент Жорже Мендеш «Барса»га мижози ушбу клубга ўтиш учун маоши пасайишига ҳам рози бўлганини айтган.

Ҳозирда каталонияликлар трансфер бўйича «Манчестер Сити» билан музокаралар ўтказмоқда. Бу трансфер учун Усмон Дембеленинг «ПСЖ»га сотувидан тушадиган маблағлар йўналтирилади.

Гвардиола билан низолашиб қолган Канселу 2022/2023 йиллар мавсумининг иккинчи ярмини «Бавария»да ижара асосида ўтказганди. Унинг «Сити» билан шартномаси 2027 йил ёзига қадар тузилган, Transfermarkt унинг трансферини 50 млн еврога баҳолаган.

«Барселона» «Манчестер Сити»нинг яна бир португалиялик футболчиси Бернарду Силвани ҳам қўлга киритмоқчи. Футболчининг ўзи ҳам «Барселона»га ўтишни истамоқда. Diario Sport хабарига кўра, 28 ёшли ҳавбек, агар каталонияликлар унинг учун сўров юборса, клубини ўзини трансфер қилишга кўндиради.

Аммо ҳозирча «Барса»нинг футболчи учун тўлов қилиш учун молиявий имконияти йўқ — клуб Силвага шартнома таклиф қила олиши учун қатор футболчиларини сотиб юбориши талаб этилади.

Айни вақтда «ПСЖ» ҳам ушбу футболчи трансферига қизиқиш билдирмоқда.

Лукаку барибир «Ювентус»га ўтадими?

Фабрицио Романонинг хабар беришича, 30 ёшли белгиялик «Юве» билан шахсий шартномани келишиб олган. Аммо, шунга қарамай, Лукакунинг трансфери амалга ошмай қолиши ҳам мумкин.

«Ювентус» Душан Влаҳович учун «Челси»дан Лукакудан ташқари яна 40 млн евро миқдорида қўшимча тўлов талаб этмоқда. Лондонликлар ҳозирча Влаҳовични трансфер қилиш борасида якуний қарорга келмаган, шу туфайли жавоб қайтаришга шошилмаяпти. «Ювентус» эса «Челси»нинг қарорини кутмоқда. Келишув барибир амалга ошса, Ромелу кейинроқ яна бир йилга узайтириш шарти билан уч йиллик шартнома имзолайди.

«Челси» Эдуар Мендига ўринбосар топди

«Челси» бутун ёз мобайнида «Брайтон» билан яримҳимоячи Мойсес Кайседо трансфери бўйича музокара олиб борди. Ҳозирча бу борадаги музокаралар муваффақиятсиз кечмоқда. Лекин клублар дарвозабон Роберт Санчеснинг трансферини тезда ва ортиқча шовқинсиз ҳал қилишди. Фабрицио Романо хабарига кўра, 25 ёшли испаниялик трансфери лондонликларга 29 млн еврога тушган, қўшимча бонуслар ҳам кўзда тутилган. Санчес «Брайтон»га 17 ёшида «Леванте»дан келганди. У Испания миллий жамоасига ҳам чақирув олган.

«Ювентус» Доннаруммага қизиқиш билдирмоқда

Туринликлар азалий рақибларининг собиқ футболчиларини таркибга жалб этишда давом этади. «Юве» сўнгги мавсумларда «Интер»да тўп тепган Лукакудан ташқари «Милан»нинг собиқ посбони Жанлуиджи Доннаруммани ҳам трансфер қилмоқчи. La Gazzetta dello Sport хабарига кўра, 24 ёшли италиялик ватанга қайтишга қарши эмас. Бунинг учун «Ювентус» Войцех Шченснига янги жамоа топиши керак бўлади. Доннарумма эса кутишга рози. Жанлуиджи – «Милан» тарбияланувчиси, у 2021 йилда «ПСЖ»га ўтганди. Унинг парижликлар билан амалдаги шартномаси 2026 йил ёзига қадар тузилган.

«Барселона» яримҳимоячиси Фирмино, Маҳрез ва Мендининг ёнига йўл олмоқда

Фото: ALEX CAPARROS/GETTY IMAGES

Фабрицио Романонинг хабар беришича, Саудиянинг «Ал-Аҳли» клуби яримҳимоячи Франк Кессие учун «Барселона»га 15 млн евро миқдорида таклиф юборган. 26 ёшли футболчи саудияликлар билан уч йиллик шартнома бўйича келишиб олган. Унга кўра, Кессие йилига 18 млн евро олади. Ивуарлик футболчи ўтган мавсумда «Барса» сафида барча турнирлар доирасида 38 ўйинда майдонга тушиб, уч гол урган ва уч голга узатма берган. Энди эса у Роберто Фирмино, Риёз Маҳрез ва Эдуар Мендига жамоадош бўлади.

«Барса»нинг яна бир футболчиси Саудия Арабистонига йўл олади

«Барселона» саудияликларга сотаётган футболчи биргина Кессие эмас. Mundo Deportivo маълумотига кўра, каталонияликлар франциялик ҳимоячиси Клеман Лангле бўйича «Ан-Наср» билан келишувга эришган. Аммо саудияликлар клуби ҳозирча 28 ёшли футболчининг ўзи билан шартнома масаласини ҳал қилмаган. Лангле аввалига Европада ўйнашда давом эттиришни режалаштирганди, аммо Саудия Арабистони клубидан бериладиган катта маош барчасини ўзгартириши мумкин. Клеман ўтган мавсумда ижара асосида «Тоттенҳэм»да тўп сурганди. Унинг «Барса» билан шартномаси муддати 2026 йил ёзига қадар тузилган.

Мавзуга оид