Жаҳон | 09:24 / 05.08.2023
6132
1 дақиқада ўқилади

Reuters: Россия бюджетининг учдан бир қисми урушга сарфланяпти

Россия урушга дастлаб мўлжалланганидан кўра кўпроқ маблағ сарфламоқда. Давлат бюджетининг учдан бир қисми шу мақсадларга йўналтириляпти, дея таъкидлайди Reuters ҳукумат ҳужжатига таяниб. 

Фото: AA

2023 йилнинг биринчи олти ойида Россия ҳарбий эҳтиёжларга 5,59 триллион рубл сарфлади, бу барча давлат харажатларининг 37 фоизидан ортиғини ташкил этади. Бу ҳақда 4 август, жума куни Reuters Россия ҳукуматининг ҳужжатига таяниб ёзган. Россиянинг ушбу даврдаги умумий харажатлари, маълумотларга кўра, 14,97 триллион рублни ташкил этди. 

Дастлаб мудофаа бюджетига 4,98 триллион рубл киритилган эди, дея қайд этади Reuters. Шу тариқа, 2023 йилнинг биринчи олти ойида Россия урушга йил давомида режалаштирилганидан 600 миллиард кўп ёки 2023 йил учун режалаштирилган барча харажатларнинг тахминан 20 фоизини сарфлади. 

Ҳужжатда ҳам тақдим этилган янги ҳисоб-китобларга кўра, Россия 2023 йилда урушга 9,7 триллион рубл сарфлашни режалаштирмоқда, бу умумий йиллик 29,05 триллион рублнинг учдан бир қисмини ташкил этади. Россия расмийлари бу маълумотга ҳозирча изоҳ бермаган. 

Мавзуга оид