Жаҳон | 08:15 / 07.08.2023
6020
2 дақиқада ўқилади

Песков Путиннинг 2024 йилда рекорд натижа билан қайта сайланишини тахмин қилди

Путин матбуот котибининг айтишича, Россиядаги президентлик сайловлари - «айнан демократия эмас». Амалдаги президент уларда 90 фоиздан кўпроқ овоз олиши мумкин. 

Фото: Sergei Karputkin/TASS/IMAGO

Россия президенти Владимир Путин 2024 йилги сайловларда 90 фоиздан ортиқ овоз билан қайта сайланиши мумкин, деди унинг матбуот котиби Дмитрий Песков. Бу ҳақда у The New York Times газетаси журналистига берган интервьюсида айтиб ўтди, ундан парчаларни нашр 6 август, якшанба куни чоп этган. 

«Бизнинг президентлик сайловлари - айнан демократия эмас, бу қиммат бюрократия. Жаноб Путин келаси йили 90 фоиздан ортиқ овоз билан қайта сайланиши мумкин», - деди Песков. 

Бундан ташқари, Песков Россия ҳозир эгаллаб турган ҳудудлардан ташқари, Украинанинг янги ҳудудларини ҳам тортиб олмоқчи эмаслигини таъкидлади. «Биз конституциямизга киритилган барча ерларни ўзимизникидек назорат қилмоқчимиз», — деди Песков. 

Украина ҳудудлари қуролли босиб олинганидан кейин Россия конституцияси ўзини мустақил деб эълон қилган «Донецк» ва «Луҳанск халқ республикалари», шунингдек, Херсон ва Запорижжя вилоятларининг босиб олинган қисмларини Россия вилоятлари рўйхатига киритди. 

Украина ва Россия ўртасидаги эҳтимолий тинчлик музокараларига муносабат билдирар экан, Песков ҳозир бундай келишувга асос йўқлигини, Россия «яқин келажакда» ҳарбий ҳаракатлар олиб боришда давом этишини таъкидлади. 

Мавзуга оид