Олов Ҳавайининг собиқ пойтахтини култепага айлантирди. Суратлар
Ҳавайи оролларида ўрмон ёнғинлари қурбонлари сони юзга яқинлашмоқда. Олов собиқ пойтахт — Лаҳайна шаҳрини ер билан яксон қилган. Бу АҚШда сўнгги юз йилликда энг кўп одам ҳалок бўлган ўрмон ёнғинлари бўлмоқда.
Ҳавайи штати ҳукуматининг сўнгги маълумотларига кўра, ўрмон ёнғинлари оқибатида сайёҳлар орасида машҳур бўлган Мауи оролида ҳалок бўлганлар сони 99 кишига етган.
Қурбонлар сони ортиши мумкинлиги истисно этилмайди, чунки юзлаб одамлар ҳамон алоқага чиққани йўқ.
Ҳавайи ороллари губернатори Жош Гриннинг маълум қилишича, бу АҚШда 1918 йилдан буён энг кўп одам ўлимига сабаб бўлган ўрмон ёнғинлари бўлмоқда, 105 йил муқаддам Миннесота ва Висконсинда ёнғинлар 453 кишини ҳаётдан олиб кетганди. Шунингдек, бу Ҳавайи ороллари тарихида рўй берган энг даҳшатли табиий офатга айланди, охирги марта 1960 йилда рўй берган цунами туфайли 61 киши ҳалок бўлганди.
Мауида камида 2,2 мингдан ортиқ бино шикастланган ёки буткул вайрон бўлган, шундан 86 фоизи — турар жойлардир. Бутун оролни тиклаш учун 6 млрд доллар талаб этилиши мумкин. Ороллардан минглаб сайёҳлар ва маҳаллий аҳоли вакиллари эвакуация қилинган, кўплар электр ва мобил алоқасиз қолишган.
Ўт ўчирувчилар бир неча ҳудудларда, жумладан тарихий аҳамиятга эга бўлган Лахайна шаҳрида ёнғинга қарши курашмоқда, бу шаҳар амалда тўлиқ яксон бўлган. Авваллари бу шаҳарга йилига икки миллионга яқин сайёҳ ташриф буюрарди.
Лахайна шаҳри XIX асрда Ҳавайи қироллиги пойтахти бўлган - бу ороллар АҚШга қўшилишидан олдин мавжуд бўлган давлат эди.
Ҳавайи оролларидаги ёнғинлар ҳафта ўрталарида бошланганди.
Бу иссиқ ҳаво ва қурғоқчилик туфайли келиб чиқди, ороллардан юзлаб километр жанубда Тинч океани узра кўтарилган «Дора» довули туфайли кузатилаётган кучли шамоллар эса олов тез тарқалишига сабаб бўлмоқда.
Жорий йил ёзида Американинг кўплаб штатларида, шунингдек Европа ва Осиёда сайёрадаги иқлим ўзгаришлари ва бошқа омиллар натижасида юзага келаётган иссиқ об-ҳаво қайд этилмоқда.
Ҳавайидаги ўрмон ёнғинлари Калифорния ва АҚШнинг материк қисмидаги бошқа штатларидаги каби катта кўламда эмас, аммо маҳаллий аҳоли вакиллари бунақасини ҳали кўришмаганини айтишмоқда.
Ҳавайи штати бош прокурори расмийлар ўрмон ёнғинларига керакли даражада тўғри реакция кўрсатганини синчковлик билан ўрганмоқчи. Қурбонлар сони кўплиги туфайли амалдорлар маҳаллий аҳолини хавф ҳақида қанчалик тез огоҳлантиргани борасида саволларни туғдирмоқда.
Жума куни Лахайнада яшовчиларнинг айримлари ёнғинлар тинганидан кейин шаҳарга қайтишга муваффақ бўлган.
Лахайнага олиб борувчи ва ҳозирда очиқ бўлган кам сонли йўналишлардан бири бўлган Хоноапилани шоссесида толиққан одамлар ўтирган автомобилларнинг улкан навбати юзага келган — машиналар юкхоналарида озиқ-овқат, сув, ёнилғидан тортиб памперс ва ҳожатхона қоғозигача ғамлаб олинган.
Аммо бир неча соат ўтиб йўл яна ёпиб қўйилди, унда фақат фавқулодда хизматлар машиналари қатнаши мумкин.
Маҳаллий аҳоли вакилларидан бири, 26 ёшли Брайан Агиран ёнғин авжига чиққан маҳалда ҳам Лахайнада эди. У мўъжиза туфайли ўз уйини сақлаб қолган, оловни катта челакда сув ташиб ўчиришга муваффақ бўлган. Аммо энди у ерга қайтишни истамаяпти.
«Мен кўзимни юмдим ва Армагеддонни кўрдим, — дейди у ва энди ухлай олмаётганини айтади. — Энди Лахайна буткул ўзгарди».
У Мауининг бошқа аҳолиси каби қурбонлар сони сезиларли даражада ортиши мумкинлигидан хавфсирамоқда.
Мауи оролининг Лахайна шаҳри жойлашган ғарбий қисмида ҳамон электр ва сув таъминоти йўқ. Бу ҳудудда ҳамон қидирув бригадалари ишламоқда ва жабрланганларни топишга ҳаракат қилмоқда.
Қидирув ишлари денгиз бўйлаб ҳам олиб борилмоқда. Соҳил қўриқлаш хизмати ходимлари шаҳар бандаргоҳи яқинида сувдан 17 киши чиқариб олинганини маълум қилган. Айни вақтда уларнинг барчасининг ҳолати қониқарли.
Туристик компания хўжайини Гейб Люси BBC билан суҳбатда олов жуда тез тарқала бошлаган маҳалда даҳшатли воқеа ҳақида эшитганини айтади.
«Одамлар сувга сакрашган. Менимча айримлар шу қадар тез олов қуршовида қолишганки, фақат денгиз соҳилига тушиб қутулишлари мумкин эди», — дейди ўз қайиқларини қутқарув амалиётлари учун тақдим этган Люси хоним.
Унинг сўзларига кўра, одамлар «тўрт ёшли болаларини олиб, уларни сёрфинг тахтасига ўтирғизишган ва соҳилдан нарироққа итаришган». Люсининг айтишича, айрим хабарларга кўра, денгиздаги қояларда одамларнинг жасадлари топилган.
Ҳукумат Мауи оролидаги шаҳарларни тиклаш учун кўп йиллар кетишидан огоҳлантирган. Биргина Лахайнанинг ўзида мингдан ортиқ бинолар вайрон бўлган.