Жаҳон | 18:22 / 21.08.2023
15078
5 дақиқада ўқилади

Москвага дронларнинг навбатдаги ҳужуми — аппаратлардан бири Симоняннинг уйи яқинида уриб туширилган

Россия мудофаа вазирлиги душанба куни тонгда ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Москвага украинларнинг икки дрони ҳужумининг олди олингани ҳақида хабар берди. Бу тўрт кун ичидаги иккинчи ҳужум бўлди, жума куни дрон Россия пойтахтининг Краснопресненская соҳилига етиб келганди.

Навбатдаги ҳужум аввалгиларидан бироз фарқ қилади. Бу сафар дронлар Москва областига бу ёзда одатга айлангани каби эрта тонгда эмас, эрталабки тирбандликка яқин вақтда учиб келди. 11 август куни ҳам дрон кечроқ келган ва соат 11 га яқин Москванинг Карамишевская соҳилида қулаганди.

Мудофаа вазирлиги хабар беришича, бу сафар икки дрон Россия пойтахтига кириш жойида қулаган — соат 06:50 ва 08:16 да. Ҳарбий идора версиясига кўра, биринчи дрон радиоэлектрон кураш воситалари орқали йўналишдан оғдирилган, иккинчиси — уриб туширилган. Биринчиси Рузск районидаги Покровское қишлоғи атрофида, иккинчиси — Москва областидаги Истринск районида қулаган.

Мудофаа вазирлиги дронлар қулаган жойларга аниқлик киритмаган, аммо кўп вақт  ўтмай RT телеканали бош муҳаррири Маргарита Симоньян ўз телеграм-каналида дрон ўз уйига яқин ҳудудда қулагани ҳақида ёзди.

«Ўша учувчисиз қурилма. Уни Истринск районида уриб туширишди, биздан битта нариги кўчада қулади. Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимимизга раҳмат, қурбон ва йўқотишлар бўлмади», — дея ёзди у фото остида.

Дронларнинг аввалги ҳужуми 18 август куни рўй берганди, ўшанда дрон пойтахт марказигача учиб келган ва Краснопресненская соҳилидаги «Экспоцентр» кўргазмалар мажмуаси ҳудудига қулаганди. «Экспоцентр»нинг бир томонида «Москва-Сити» ишбилармонлар мажмуаси бор, бу ерга ёз давомида икки бор ҳужум уюштирилди (икки сафар ҳам вазирликлар офислари жойлашган минорага), иккинчи томонида эса — Россия ҳукуматининг Оқ уй биноси жойлашган.

Жума куни бўлгани каби, душманба куни ҳам янги ҳужум ҳақидаги хабарлар билан бир вақтда нафақат Киев йўналишида жойлашган Внуково ва жанубий йўналишда жойлашган Домодедово, балки Москванинг барча тўрт халқаро аэропорти (Шереметьево ва Жуковский аэропортлари ҳам) фаолияти вақтинча тўхтатилди. Жума куни бундай ҳолат илк бор рўй берганди.

Жума кунгидан фарқли ўлароқ, душанба куни самолётлар қўниши ва учиши биринчи дрон қулагани ҳақидаги хабардан кейиноқ тикланмади. Росавиация пресс-релизига кўра барча аэропортлар фаолияти соат 9:00 га келиб тикланган (ўтган ҳафтада ярим соат ичида тикланганди).

Росавициядагилар захира аэродромлардаги чекловлар туфайли 45 йўловчи рейс (ва иккита юк самолёти)ни қайта йўналтиришга тўғри келганини билдирган. «Яндекс.Расписание» сервиси маълумотларига кўра, душанба куни 90 дан ортиқ рейс кечиктирилган ёки бекор қилинган.

Расмийларга кўра, Истрой яқинида ҳужум оқибатида икки киши жароҳат олган. «Ҳолатлардан бирида Истра шаҳар округидаги „Дорожник“ боғдорчилик жамиятидаги боғ уйига парчалар тушган, — дея ёзган губернатор Андрей Воробьев. — Икки киши жабрланган — эркак тиббиёт муассасасига ётқизилган, аёл шифохонага боришдан бош тортган. Шунингдек учта уйнинг ойналари синиб кетган».

Одатда дронлар ҳужуми ҳақида биринчи бўлиб хабар берадиган Москва мэри Сергей Собянин бу сафар қисқача баёнот бериш билан чекланди ва фақат битта дрон ҳақида ёзди. «Ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Москвага кираётган дронни уриб туширди. Вайронгарчиликлар ва жабрланганлар йўқ», — деган у.

Москвага дронлар ҳужуми май ойидан буён амалга ошириб келинмоқда. Украина ҳукумати бу ҳужумларга алоқадорлигини расман тан олмаган.

Душанба куни кейинроқ Москва областига қўшни бўлган Калуга области губернатори Владислав Шапша унинг регионида ҳам дронлар ҳужуми қайтарилгани, жабрланганлар ва вайронгарчиликлар йўқлигини хабар қилди.

Дам олиш кунларида дронлар Россиянинг бошқа регионлари - Курск, Белгород ва Ростов областларига ҳам учиб келди. Курскда марказий вокзал жиддий шикастланган. Дрон бинога тунда келиб урилган бўлса ҳам, портлаш вақтида бу ерда 50 нафар йўловчи бўлган, маҳаллий расмийларга кўра, улардан беш нафари жароҳат олган. Эълон қилинган суратларда кутиш зали, том, фасад ва платформалардан бири ҳам шикастланганини кўриш мумкин.

Шанба куни Россия Украина шимолида жойлашган Черниҳив шаҳрига ракета зарбаси йўллаган. Ҳужум оқибатида етти киши ҳалок бўлиб, 150 дан ортиқ киши яраланган.

Зарба Черниҳив марказидаги драма театри биносига борган, бу вақтда у ерда дрон ишлаб чиқарувчилар ва аэроразведка бўйича ўқув мактаблари йиғилиши ўтказилаётганди. «Украинская правда» хабарига кўра, йиғилиш ўтказиладиган жой фақат унинг иштирокчиларига маълум бўлган.

Мавзуга оид