Жамият | 16:00 / 24.08.2023
12567
4 дақиқада ўқилади

«Фақат велойўлак қуриш билан иш битмайди» – шаҳарсоз шахсий автомобилдан фойдаланишни камайтириш ҳақида

Германияда шаҳарсозлик бўйича таълимни давом эттираётган Ҳусан Муқимов шаҳарда инфрзатузилмани яхшилаш учун жамоат транспортига устуворлик бериш тўғрилигини, бироқ фақат бу ишлар билан одамларни шахсий автомобилдан воз кечишга ундаб бўлмаслигини таъкидлади.

Шаҳарсоз шахсий автомобиллардан фойдаланишни камайтиришга ундаш учун тўғри маънодаги тарғибот зарурлигини қайд этди.

«Аввало одамларга бу жараённи мисол тариқасида кўрсатиш зарур. Масалан, Германияни оладиган бўлсак, бу ерда йўлнинг маълум қисмини олиб, ўша йўл учун чиройли, муҳим ва «ақлли» лойиҳа қилинади, шу лойиҳа одамларга кўрсатилгач, улар шаҳарда ҳаракатланиши учун 2 хил вариант борлигини билишади. Чиройли ва кенг кўчаларни қисқартириб, велойўлаклар, ландшафтли жамоат жойларини қилиб, аҳолига кўрсатсак, одамлар ўша ерда сайр қилишни бошлайди ва уларда [автомобилли йўллар билан ҳозиргисига нисбатан] солиштирув пайдо бўлади. Бунинг ортидан эса автомобилдан воз кечиш учун позитив кайфият юзага келади. Бу муҳим омиллардан ҳисобланади.

Сербия пойтахти Белградда бир неча километрлик велойўлаклар қурилган, лекин уларнинг ҳаммаси бўш қолган. Чунки одамларни велойўлак қуриш билан велосипедга ўтирғизиб бўлмайди. Бу – жуда катта нотўғри фикр. Шунинг учун қурмаслик керакми, деган савол ҳам туғилиши мумкин, йўқ, аксинча, қуриш лозим. Лекин тарғиботни ҳам қилиш керак. Бусиз бўлмайди.

Тарғибот жараёни ҳам 2 нафар блогер ва 2 та интернет сайти билан эмас, юқори даражада ўтказилиши лозим. Қизиғи, тарғибот деганда қўпол ва нотўғри пропагандани тушуниш керак эмас, тарғибот тўғри бўлиши керак. Яхши мисолларни кўрсатишимиз керак, яхши лойиҳаларни қилишимиз ва уни асослаб беришимиз керак. Европада шаҳарларни режалаштиришнинг асосий принципи ҳам бу – қилинаётган лойиҳанинг асослаб берилиши.

Агар ўша лойиҳани асослаб беролмасангиз, йўлни ёпиб, велойўлак ташкил қиламиз десангиз, бирданига савол берилади, яъни одамларнинг бу жойлардан фойдаланишига қандай асос бор, бу қандай кафолатланади, деган. Шунинг учун мана шундай факторларни ҳам инобатга олиш лозим. Ҳаммасини параллел равишда амалга ошириш лозим. Биринчи тарғибот қилиб, кейин йўл қуриб, кейин жамоат транспортини ривожлантирамиз десак, бу – қийин масала.

Германиялик бир курсдошим билан суҳбатимизда нима учун Германияда ҳайдовчи пиёдани ҳурмат қилиши ҳақида савол ўртага ташланди ва бунга жавоб берилди. Яъни ҳурмат қилади, чунки Германияда автомобил ҳайдовчиси ўзи ҳам кўп вақтда велосипедчи ёки пиёдага айланади. Шунинг ҳисобига бир-бирини ҳурмат қилади. Германияда автомобилни жуда яхши кўришади, ҳатто уларнинг муҳаббати бизникидан (ўзбекларникидан) ҳам кучли. Айни вақт мен Бавариядаман, биламизки, бу ерда ўша машҳур БМW автомобиллари чиқарилади. Баъзи танишларим автомобилни жуда қаттиқ «севишади». Лекин бу инсон ҳаётидан устун дегани эмас. Асосийси шу, мана шу принципни инобатга олишимиз лозим. Инсоннинг ҳаёти, велосипедчи ва пиёданинг хавфсизлиги муҳим», – дейди Ҳусан Муқимов.

Суҳбатни тўлиқ юқоридаги видео орқали томоша қилиш мумкин.

Мавзуга оид