Спорт | 18:09 / 24.08.2023
30996
7 дақиқада ўқилади

Роналду «Сити» юлдузини кутмоқда, Бензема эса — Салоҳни. Сўнгги трансфер хабарлари

Бу вақтда Гвардиола жамоаси етакчилар билан шартномани янгиламоқда ва Де Брюйне ўрнига футболчи топди.

Европада трансферлар ойнаси ёпилишига оз вақт қолмоқда. Янги шов-шувли трансферлар кам, аммо кўплаб клублар ҳали таркибини мустаҳкамлашни давом эттирмоқда.

«Сити» Де Брюйнега ўринбосар қидирмоқда

«Манчестер Сити»нинг асосий етакчиси Кевин Де Брюйне – жароҳат туфайли камида йил охиригача сафдан чиқди. Клуб майдон марказини мустаҳкамлашга ҳаракат қилмоқда. Номзодлардан бири – Матеус Нунес. Фабрицио Романонинг ёзишича, «Сити» «Вулверҳэмптон»га ушбу 24 ёшли футболчи учун 50 млн евро таклиф қилган. Футболчининг ўзи «Сити» билан шахсий шартномани келишиб қўйган, аммо Sky Sports маълумотига кўра, «бўрилар» «шаҳарликлар»нинг биринчи таклифини рад этган. Нунес «Вулвз»га 2022 йил ёзида «Спортинг»дан 45 млн евро ва 5 млн евро миқдоридаги бонуслар эвазига ўтганди.

Шунингдек, клуб «Кристал Пэлас» яримҳимоячиси Эберечи Эзени сотиб олиш ҳақида ҳам ўйламоқда.

«Сити» асосий футболчилари билан шартномаларни янгилашни ҳам унутмаяпти. Ёз давомида жамоа яримҳимоячиси Бернарду Силва гоҳ «Барса»га, гоҳ «ПСЖ»га, гоҳ Саудия Арабистонига юборилганди. Якунда португалиялик футболчи Манчестерда қоладиган бўлди.

Силва «шаҳарликлар» билан шартномасини 2026 йил ёзига қадар узайтирди. Бернарду яна уч мавсум давомида «Этиҳад»даги мухлисларни хушнуд этишда давом этади.

«Ноттингҳем» жаҳон чемпионини сафига қўшиб олди

АПЛ иштирокчиси бўлган «Ноттингҳем Форест» «Севиля»дан аргентиналик ҳимоячи Гонсало Монтиэлни ижарага олди. Мавсум якунида инглизлар клуби унинг шартномасини 11 миллион еврога сотиб олиши мумкин.

Монтиэл «Севиля»да икки мавсум ўйнади ва Европа Лигасида ғолиб бўлди. 26 ёшли футболчи Қатардаги ЖЧ-2022 финалида Аргентинанинг Францияга қарши пеналтилар сериясида якуний ғалаба зарбаси муаллифи бўлганди.

«Юнайтед» тарбияланувчисидан воз кечдими?

«МЮ» трансферлар ойнаси давомида дарвозабон Андре Онанани сотиб олганди, энди эса бу амплуага туркиялик Алтай Байиндирни ҳам олиб келмоқчи. Жамоа тарбияланувчиси Дин Ҳендерсон эса кетиши мумкин. Фабрицио Романонинг ёзишича, «Юнайтед» дарвозабонни сотиб олиш шарти билан ижарага беради. Ҳендерсон яқин вақтлар ичида клубни тарк этади, унинг учун асосий даъвогар – «Кристал Пэлас».

«Бавария»да Нойер учун вақтинча ўринбосар Исроилдан топилди

Даниэл Перец. Фото: DEFODI IMAGES VIA GETTY IMAGES

Here We Go! Фабрицио Романо «Бавария» дарвоза чизиғига кимни олаётганини тасдиқлади. Инсайдер хабарига кўра, Мюнхенга Тел-Авивнинг «Маккаби» клуби аъзоси Даниэл Перец ташриф буюради. 23 ёшли исроиллик посбоннинг трансфери учун 5 млн евро тўланади, бонуслар ҳам кўзда тутилган. Перец билан шартнома 2028 йилга қадар тузилади. Даниэл Исроил жамоаси билан ёшлар ўртасидаги Евро-2023 турнирида қатнашиб, жамоа яримфиналга етиб боришида ўз ҳиссасини қўшганди.

Саудияликлар клуби «ПСЖ» сардорига қармоқ ташламоқда

RMC Sport хабарига кўра, «Ал-Иттиҳод» «ПСЖ» ҳимоячиси Маркиносни трансфер қилмоқчи. Саудияликлар клуби мудофаа маркази учун футболчи қидирмоқда ва айнан бразилиялик тажрибали футболчи клуб шорт-листидан жой олган. Қайд этилишича, Маркиноснинг ўзи французлар жамоасида қолишни истамоқда. Аммо саудияликларнинг пуллари 2023 йил ёзида кўп футболчиларни фикрини ўзгартиришга мажбур қилди, жумладан «ПСЖ» футболчисининг ҳам. Ҳозирда «Ал-Иттиҳод» — Маркинос муносабатларида нуқта қўйилмаган.

Саудия Арабистонига яна бир юлдуз йўл оладими?

«Ал-Иттиҳод» нишонидаги футболчилар Маркинос билан чекланиб қолмайди. Журналист Руди Галеттининг хабар қилишича, саудияликлар клуби «Ливерпул» форварди Муҳаммад Салоҳ трансфери учун 90 млн евродан ортиқ маблағ тўлашга тайёр.

Мерсисайдликлар устози Юрген Клопп эса 31 ёшли мисрлик футболчи сотилишига қарши. Аммо «Ал-Иттиҳод» катта миқдордаги товон пули билан раҳбарият ва мураббийни кўндириши мумкин.

Август ойи бошида клуб ушбу футболчи билан алоқага чиққани ҳақида хабарлар пайдо бўлганди. Салоҳга икки мавсум учун 180 миллион евро таклиф қилинган.

Агар «қизиллар» мисрлик футболчини қўйиб юборишга рози бўлса, Саудия Арабистони чемпионати тарихидаги энг қимматбаҳо трансферлардан бирига айланади. Айни вақтда «Ал-Иттиҳод» сафида Карим Бензема ва Н’Голо Канте ҳам тўп сурмоқда, Салоҳ улар билан учлик ташкил қиладими, мухлислар буни яқин вақтлар ичида билиб олиши мумкин.

«ПСЖ»нинг ёш форварди АПЛга ўтишга яқин

Трансфер дайжестида «ПСЖ»га алоқадор яна бир хабар. L’Equipe нашри ёзишича, «Вест Ҳэм» ёш форвард Уго Экитике трансферига қизиқмоқда. Лондонликлар футболчини мавсум якунида 35 млн еврога сотиб олиш шарти билан ижарага олиши мумкин. Аввалроқ парижликлар Экитикени Франкфуртнинг «Айнтрахт» клуби форварди Рандал Коло Муани трансферига қўшишни режалаштираётгани хабар қилинганди. Ўтган мавсумда «ПСЖ»нинг икки футболчиси «Вест Ҳэм»га юборилганди: дарвозабон Алфонс Ареола ва ҳимоячи Тило Керер. Экитике учинчиси бўладими?

«Интер» ва «Марсел» форвардларини алмашиши мумкин

Фабрицио Романонинг хабарига кўра, «Марсел» аргентиналик ҳужумчи Хоакин Корреа трансфери бўйича «Интер» билан музокараларни бошлади. Италянлар эса провансалликлар сафини эркин агент сифатида тарк этган Алексис Санчесни таркибга қўшиб олишни истамоқда. Чилилик футболчи аввал ҳам, 2019 йилдан 2022 йилгача «Интер»да ўйнаган. Алексис «Жузеппе Меацца»га қайтадими?

«Сити» юлдузи Роналдунинг ёнига келмоқда

Фото: ROBBIE JAY BARRATT — AMA/GETTY IMAGES

Саудия Арабистонидан хабарлар – 2023 йил ёзининг классикасига айланди. Яна бир катта трансфер амалга ошишга яқин. Фабрицио Романо хабарига кўра, «Манчестер Сити» ҳимоячиси Эмерик Лапорт «Ан-Наср»га ўтмоқда. 29 ёшли испаниялик ҳимоячи янги клуби учун тиббий кўрикдан ўтган. Тез орада Лапорт «Ан-Наср» билан шартнома имзолаш учун Ар-Риёдга учади. Эмерик 2018 йилдан буён «Сити» сафида тўп тепаётганди. Transfermarkt унинг трансферини 25 млн еврога баҳолаган.

Мавзуга оид