Ўзбекистон | 09:28 / 26.08.2023
13065
2 дақиқада ўқилади

Қонунчиликда меҳнат мигрантларига берилган имтиёзлар санаб ўтилди

Улар ўзини ўзи банд қилган шахс ҳисобланади, иш стажига эга бўлиш учун йилига бир марта ижтимоий солиқ тўлайди, даромад солиғидан озод этилади.

Фото: AP

Ўзбекистонда меҳнат мигрантларига кўплаб имтиёзлар берилиши қонунчиликда белгилаб қўйилган. Hudud24 уларнинг бир қанчасини санаб ўтди.

2021 йил 1 январдан бошлаб меҳнат миграцияси фаолиятини амалга оширувчи шахслар ўзини ўзи банд қилган ҳисобланиб, белгиланган солиқларни тўлаш ҳамда пенсия миқдорини ҳисоблашда инобатга олинади.

Ўзини ўзи банд қилган шахслар ўзига пенсия ҳисобланиши ва иш стажига эга бўлиши учун йилига БҲМ 50 фоизидан кам бўлмаган миқдорда (бугунги кунда 165 минг сўм) ижтимоий солиқ тўлайди.

Солиқ кодексининг 369-моддасига мувофиқ ўзини ўзи банд қилган шахслар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод этилади.

2018 йилнинг 1 апрелидан бошлаб меҳнат мигрантларига темир йўл билетларининг нархларига 20 фоиз миқдорда чегирмалар берилиши йўлга қўйилган. Шунингдек, вақтинчалик меҳнат фаолиятини олиб бориш учун республика ҳудудидан ташқарига жўнаб кетаётган фуқароларга 1000 АҚШ доллари миқдорида кредит бериш жорий жорий этилган.

2021 йил 1 январдан бошлаб меҳнат мигрантларига — тижорат банклари томонидан бозор тамойиллари асосида мустақил равишда ўрнатиладиган ставкаларда микроқарз берилади. Микроқарз хорижда ишга жойлашиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун 10 миллион сўмгача миқдорда бир йил муддатга берилади.

Боқувчиси хорижда ишлаш учун кетган ва «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида рўйхатда бўлган оилаларга БҲМ 2 баравари миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади. Шунингдек, «дафтарлар»дан бирига киритилган оила аъзоларига БҲМ 5 баравари миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади.

Меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқароларнинг Ўзбекистонда улар билан бирга яшовчи пенсия ёшига етган ёки I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган оила аъзоларига касаба уюшмалари тизимидаги санаторий ва профилактик даволаниш муассасаларига бир марталик бепул йўлланма берилади.

Бундан ташқари, меҳнат миграциясига чиқиб кетганларнинг болаларига мавсумий фаолият юритадиган оромгоҳларга бепул йўлланмалар берилади.

Мавзуга оид