Жаҳон | 09:50 / 29.08.2023
13939
3 дақиқада ўқилади

Украина ТИВ Рим папасининг Россия ҳақидаги баёнотини танқид қилди

Россиядаги ёшлар билан мулоқотда понтифик Россия тарихи ва унинг буюклигини билдирувчи баёнотлар берди, дея маълум қилди Украина ТИВ спикери. Рим папаси Францискка тегишли экани айтилаётган сўзлар унинг нутқи матнида йўқ.

Фото: ТАСС

Украина Ташқи ишлар вазирлиги Рим папаси Францискнинг Санкт-Петербургда ўтказилган католик ёшларнинг 10-умумроссия йиғилишидаги баёнотларига танқидий муносабат билдирди. «Аслида Россиянинг сурункали тажовузкорлигига сабаб бўлган буюк давлат ғоялари онгли ёки онгсиз равишда Рим папасининг оғзидан чиққани жуда ачинарли», деди Украина Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Олег Николенко 28 август, душанба куни понтификнинг Россиядаги ёшлар билан видео-алоқа орқали суҳбатини изоҳлаб. Ватиканнинг вазифаси, Киевга кўра, қўшни давлатга қарши уруш бошлаган Россия амалдаги «бузғунчи йўлига ёшларнинг кўзини очиш», дея қўшимча қилди Николенко. 

Украина Ташқи ишлар вазирлиги спикери Киевни ғазаблантирган иқтибосни келтирди: «Ҳеч қачон меросни унутманг. Сизлар буюк Россиянинг авлодларисиз: авлиёлар, ҳукмдорларнинг буюк Россияси, Пётр I, Екатерина II, ўша империя – буюк, маърифатли, маданиятли, бу меросдан ҳеч қачон воз кечманг, сизлар буюк Россиянинг авлодларисиз, олдинга қараб давом этинг». 

Францискнинг россиялик ёшларга мурожаати матни Рим папаси сайтида эълон қилинган. Ҳужжатда Киев понтификка тегишли эканини айтган баёнотлар йўқ. Бироқ, уларни Россия католик епископлари конференцияси веб-сайтида чоп этилган воқеа ҳақидаги хабардан топиш мумкин. 

УЮКЧ Ватикандан тушунтириш кутмоқда 

Айни пайтда, Украина юнон-католик черкови (УЮКЧ) понтификнинг «ниятлари, контексти ва баёнотлари билан боғлиқ ҳар қандай манипуляцияларга» йўл қўймаслик учун Рим папасидан вазият бўйича тушунтиришни кутмоқда. «Умид қиламизки, унинг бу сўзлари тарихий баҳо беришга уринишларсиз, Россиянинг империалистик амбицияларини қўллаб-қувватламайди», деди УЮКЧ раҳбари Святослав (Шевчук). «Россиянинг Украинага қарши ҳарбий ҳаракатлари контекстида бундай баёнотлар тажовузкор мамлакатнинг янги мустамлакачилик амбицияларини руҳлантиради», дея таъкидлаб ўтди у. 

25 август куни Рим папаси Россиядаги ёшлар билан видео-алоқа орқали суҳбатлашди, шу билан бирга, йигит-қизларнинг саволлари, жумладан, Украинадаги уруш билан боғлиқ бўлди. Аввалроқ Рим-католик черкови раҳбари тинчликпарварлик миссияси ташаббуси билан чиққанди, унинг доирасида Ватикан махсус вакили кардинал Маттео Дзуппи Украина, Россия ва АҚШда дипломатик музокаралар ўтказди. Яқин орада кардинал Дзуппи Хитойга боради. 

Мавзуга оид