Ўзбекистон | 10:34 / 30.08.2023
11890
3 дақиқада ўқилади

Ёш раҳбарларнинг йиллик топ-40 рейтинги эълон қилинди

Бугунги кунда 21 нафар вазирдан 8 нафари (38 фоизи) – 35 ёшдан 45 ёшгача, 5 нафари (24 фоизи) – 46 ёшдан 50 ёшгача, 3 нафари (14 фоизи) – 51 ёшдан 55 ёшгача.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Ижтимоий ва иқтисодий ташаббуслар институти билан ҳамкорликда 2019 йилдан буён Ўзбекистоннинг 40 ёшгача бўлган истиқболли ёш раҳбар кадрлари рейтингини эълон қилиб келмоқда.

Ўтган вақт мобайнида рейтингга 100 нафарга яқин давлат хизматчиси киритилди. Уларнинг 15 фоизи вазир ва вазир ўринбосари лавозимига кўтарилди, камида 10 фоизи президент администрациясида масъул лавозимларда фаолият юритмоқда, 50 фоизга яқини мансаб пиллапояларида сезиларли ўсишга эришган.

Хусусан, Шерзод Асадов 2017 йилда Ўзбекистоннинг Австриядаги элчихонаси маслаҳатчиси ва муваққат ишлари вакили эди. 2018 йилда Ўзбекистоннинг Австриядаги элчиси этиб тасдиқланди. 2020 йилда у ташқи ишлар вазири ўринбосари этиб тайинланди. 2021 йилдан буён Шерзод Асадов президент администрацияси раҳбари ўринбосари – Президент матбуот котиби лавозимида ишлаб келмоқда. Сўнгги ўзгаришларга кўра, у президент матбуот котиби сифатида фаолиятини давом эттирмоқда.

Руслан Давлетов 2017 йилдан буён адлия вазири лавозимида ишлаб келаётганди. 2022 йил ноябрь ойидан у президентнинг ижтимоий-сиёсий ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчиси.

Ҳилола Умарова 2019—2020 йилларда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактаб директори, 2020 йилдан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги раҳбари эди. 2022 йилдан мактабгача таълим ва мактаб таълими вазири.

Дурдона Раҳимова 2020 йилдан буён Тошкент шаҳар ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди. 2023 йил январь ойида у ёшлар сиёсати ва спорт вазири ўринбосари этиб тайинланди.

Бу йилги рейтингга нафақат давлат хизматчилари, балки нодавлат сектор вакиллари ҳам киритилди. Жумладан, Халқаро пресс-клуб раиси Жалолиддин Усмонов, Ўзбекистон Миллий медиа ассоциацияси директори Абдуазиз Абутолипов, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раиси Нозима Давлетова, “Замин” халқаро жамоат фонди директори Тамила Алиева рейтингдан жой олди.

Шунингдек, рейтингга биринчи марта қуйидагилар киритилди:

  • Адилбек Алланазаров (35 ёш) — Қорақалпоғистон Республикаси ёшлар сиёсати ва спорт вазири;
  • Бобур Бекмуродов (38 ёш) — “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси;
  • Мурод Исмоилов (40 ёш) — ёшлар сиёсати ва спорт вазири ўринбосари;
  • Ойбек Ҳамроев (40 ёш) — инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари;
  • Расул Зарикеев (38 ёш) — Қорақалпоғистон Республикаси туризм ва маданий мерос вазири;
  • Умид Мамадаминов (40 ёш) — энергетика вазири ўринбосари;
  • Шуҳрат Худойқулов (39 ёш) — Uzbekistan Airways АЖ бошқаруви раиси;
  • Шерзод Рабиев (40 ёш) — адлия вазири ўринбосари.

Бугунги кунда 21 нафар вазирдан 8 нафари (38 фоизи) – 35 ёшдан 45 ёшгача, 5 нафари (24 фоизи) – 46 ёшдан 50 ёшгача, 3 нафари (14 фоизи) – 51 ёшдан 55 ёшгачадир. Маҳаллий ҳокимият органларининг таркиби ҳам сезиларли даражада янгиланди. Яқинда ўтказилган тадқиқот шуни кўрсатдики, Ўзбекистонда ҳокимларнинг ўртача ёши 46 ёшни ташкил этади.

Мавзуга оид