Ўзбекистон | 15:38 / 10.09.2023
33458
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда «газзаправка»ларда нархлар чекланмоқда

Автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларида газни сотишда унинг энг баланд чакана нархи келгуси олти ойда куб метр учун 3 250 сўмдан ошиб кетмаслиги бўйича қатъий чоралар кўрилиши режалаштирилмоқда.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон ҳукумати газ тарифлари оширилганидан кейин автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларида нархлар кескин кўтарилишини чеклаш чораларини кўрмоқчи. Бу Вазирлар Маҳкамасининг «Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳасида кўзда тутилган.

Ҳужжат билан бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров, Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси, Солиқ қўмитаси ҳамда «Ўзнефтгазинспекция»га (Электр энергияси, нефт маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси) автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларида ўрнатилган газ ҳисоблаш ускуналарининг Табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимига тўлиқ улангани ва онлайн режимда маълумотлар узатилаётганини қатъий назорат қилиб бориш юклатилган.

Шунингдек, улар ноқонуний уланиш, ёқилғи-энергия ресурсларини талон-торож қилиш ва ноқонуний истеъмол қилишнинг бошқа ҳолатларини, шунингдек, уларни содир этишга имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олиш бўйича назорат тадбирларини янада кучайтириши керак бўлади.

«Табиий газни сотишда унинг энг баланд чакана нархи келгуси олти ойда куб метр учун 3 250 сўмдан ошиб кетмаслиги бўйича қатъий чоралар кўрилсин», дейилган ҳужжат матнида.

Онлайн режимда маълумотлар узатмаётган, чакана сотишда чекланган нархнинг асоссиз оширилишига, ноқонуний уланишга, ёқилғи-энергия ресурсларини талон-торож ва ноқонуний истеъмол қилинишига йўл қўйган автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларига табиий газ етказиб бериш тўхтатилади.

  • Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 1 октябрдан юридик шахслар учун бир куб газ нархи 660 сўмдан 1500 сўмгача оширилмоқда (+840 сўм). Ўз навбатида, лойиҳада аҳоли учун табиий газ (380 сўм) ва суюлтирилган газ (1120 сўм) тарифлари амалдаги нархларда ўзгаришсиз қолиши кўзда тутилган.
  • Айни вақтда «газзаправка»ларда газнинг бир куби ўртача 2800 сўмдан сотилмоқда (ҳудудлар ўртасида нархлар турлича фарқланади).
  • Август ойида Тошкент шаҳрида ва турли вилоятларда ҳайдовчилар кўплаб газ қуйиш шохобчалари ёпилгани ҳақида хабар беришганди, натижада ёқилғи қуйиш шохобчаларида узун навбатлар пайдо бўлди. Энергетика вазирлиги ёқилғи қуйиш шохобчаларига келишилган ҳажмда газ етказиб берилганини маълум қилган, шу билан бирга, талаб ўсганини тан олганди.

Мавзуга оид