Ўзбекистон | 08:09 / 20.09.2023
7271
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда қайси «яшил» маҳсулотларга талаб юқори экани маълум бўлди

Аҳоли орасида органик маҳсулотларга талаб бошқа маҳсулотларга нисбатан 2,2 баробар юқори.

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари Ўзбекистонда «яшил» бизнес маҳсулотлари, хизматлари ва мутахассисларга бўлган эҳтиёжни ўрганиб чиқди.

Тадқиқот давомида сўров ўтказилди ва унда 720 киши (респондент) иштирок этди. Иштирок этганларнинг қарийб 60 фоизи мамлакатда амалга оширилаётган «яшил» иқтисодиётга ўтиш стратегиясидан хабардор эканлигини билдирган.

Ўзбекистонда «яшил» иқтисодиёт учун қайси соҳалар муҳим, деган саволга сўровда қатнашганларнинг 18,4 фоизи чиқиндиларни қайта ишлаш, деб жавоб берган. Респондентларнинг 16,9 фоизи «яшил» қурилиш, 8,2 фоизи экологик туризмни энг муҳим соҳалар сифатида қайд этган.

Респондентларнинг 17,3 фоизи қайта тикланадиган энергия манбалари, 15,4 фоизи чиқиндиларни қайта ишлаш, 10,7 фоизи шаҳар майдонини режалаштириш бўйича мутахассисларга  ва энергия тежамкор уйларнинг архитекторларига талаб бугунги кунда нисбатан юқори эканлигини эътироф этган.

Қайси «яшил» маҳсулотларга талаб юқори, деган саволга респондентларнинг 16,2 фоизи табиий озиқ-овқат маҳсулотлари, 15,0 фоизи «яшил» технологиялар, 13,7 фоизи ишлаб чиқаришда атроф-муҳитга камроқ таъсир кўрсатадиган маҳсулотлар, 10,8 фоизи тўқимачилик маҳсулотлари, 10,3 фоизи табиий материалдан тайёрланган маҳсулотларга, дея жавоб берган.

Сўров натижалари аҳоли орасида органик маҳсулотларга талаб бошқа маҳсулотларга нисбатан 2,2 баробар юқори эканлигини кўрсатди. 

Маҳсулотлар, хизматлар ва мутахассисларга бўлган талабни қондириш учун тарғибот ишларини кенгайтириш, қонунчилик базасини такомиллаштириш, «яшил» товарларни ишлаб чиқарувчиларни рағбатлантириш, интеграциялашган маркетинг стратегияси ва алоқа режасини ишлаб чиқиш ва илғор тажрибалардан самарали фойдаланиш ҳамда бошқа зарур чора-тадбирларни кўриш мақсадга мувофиқ, дейилади маълумотда.

Мавзуга оид