Ўзбекистон | 07:46 / 22.09.2023
3826
2 дақиқада ўқилади

Корея мутахассислари билан Чирчиқ дарёси ифлосланиши олдини олиш масаласи ўрганилди

Чирчиқ дарёсида сув нисбатан камлиги туфайли табиий тозаланиш имкониятлари камайиб, ифлосланиш ортиб бормоқда.

Фото: Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда Атроф-муҳит ва табиатни муҳофаза қилиш технологиялари илмий-тадқиқот институти Жанубий Кореянинг GEOSTORY компанияси билан ҳамкорликда «Чирчиқ дарёси ҳавзасида сув ифлосланишини бошқаришнинг ақлли тизими ва атроф-муҳит мониторинги марказини ташкил этиш бўйича Pre-F/S» лойиҳасини амалга оширмоқда.

Лойиҳанинг 2-босқичи доирасида GEOSTORY компанияси мутахассислари республикага ташриф буюрди ва Чирчиқ дарёси сувлари таркибини ўрганди. Белгиланган нуқталардан олинган сув намуналари таркиби жойида 6 та кўрсаткич бўйича таҳлил қилинди.

Таҳлил натижаларидан маълум бўлдики, дарёнинг юқори қисмида жойлашган кўп корхоналар чиқинди сувларини ўрнатилган тартибларгача тозаламасдан умумий тозалаш иншоотига жўнатади. Асосан, биологик усулда маиший сувларни тозалашга мўлжалланган тозалаш иншоотлари бундай мураккаб таркибли сувларни тозалаш имкониятига эга эмас. Чирчиқ дарёсида сув нисбатан камлиги туфайли табиий тозаланиш имкониятлари камайиб, ифлосланиш ортиб бормоқда.

Саноат оқова сувлари назоратини кучайтириш долзарб масала бўлиб, молиялаштириш амалга оширилгач, белгиланган нуқталарда онлайн назорат датчиклари ўрнатиш зарур ва бу чиқинди сув ташламаларини доимий назоратга олиш имконини беради.

Ташриф давомида Чирчиқ дарёсининг юқори ва қуйи оқимларида мониторинг ишлари олиб борилди.

Мавзуга оид