Жаҳон | 09:36 / 22.09.2023
4624
3 дақиқада ўқилади

Судан раҳбари халқаро ҳамжамиятни RSF’ни террорчилик гуруҳи деб тан олишга чақирди

Тўқнашувлар RSF қўмондонлигининг муваққат давлат раҳбари Абдул Фаттоҳ ал-Бурҳонни ағдаришга уринишларига жавобан бошланди. 

Фото: AP

Судан суверенитети кенгаши раҳбари ва армия қўмондони генерал Абдул Фаттоҳ ал-Бурҳон халқаро ҳамжамиятни апрел ойи ўрталаридан бери Судан армиясига қарши курашаётган Тезкор ҳаракат кучларини (RSF) «террорчи гуруҳ» деб тан олишга чақирди

Бурҳон Ню-Йоркда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Бош ассамблеясининг 78-сессиясида сўзлаган нутқида 2023 йил 15 апрелдан бери давом этаётган армия ва RSF ўртасидаги тўқнашувлар мавзусига тўхталди. 

Абдул Фаттоҳ ал-Бурҳон ўз нутқида шундай деди: 

«15 апрелдан бери Судан халқи RSF жангчилари ва унга алоқадор гуруҳлар томонидан терроризмга дуч келяпти. Исёнчиларга Судан ташқарисидан олиб келинган ёлланма аскарлар ёрдам бермоқда. Бу гуруҳлар қотиллик, талончилик, ўғирлик, зўрлаш каби оғир жиноятларни содир этяпти. Фуқароларнинг уйлари ва мол-мулкини тортиб олди. Улар фуқаролик объектларини, жумладан, ижтимоий хизматлар, шифохоналар ва давлат идораларини вайрон қиляпти. Судан халқининг тарихи ва ўзига хослигини йўқ қилишга ҳаракат қилмоқда, давлат муассасаларига, аэропортларга, музейларга ҳужум содир этмоқда, тарихий мулкларни, ер регистрларини, фуқаролик ва суд ҳужжатларини йўқ қилмоқда, банкларни, давлат ва хусусий компанияларни талон-торож этяпти. Оғир жиноятлар учун ҳибсга олинганлар ҳам қамоқхоналардан озод қилинди». 

Бурҳоннинг қайд этишича, Дарфурдаги бу кучлар этник тозалаш, жинсий зўравонлик, ирқий қотиллик, қийноқлар ва уруш жинояти ҳисобланиши мумкин бўлган барча ишларни амалга оширмоқда. 

«Бу барча жиноятлар учун биз халқаро ҳамжамиятни ушбу кучларни террорчи гуруҳлар сифатида таснифлашга чақирамиз», деди Абдул Фаттоҳ ал-Бурҳон.

Судандаги қарама-қаршилик 

Африка давлатида кескинликнинг навбатдаги босқичи 15 апрел куни RSF қўмондонлигининг муваққат давлат раҳбари Абдул Фаттоҳ ал-Бурҳонни ағдариш уринишларига жавобан бошланди. 

Қуролли тўқнашувлар бутун мамлакат бўйлаб, жумладан, пойтахт Хартум, Умдурман ва Баҳри шаҳарлари, шунингдек, Дарфур тумани ва Убайдада давом этмоқда. 

RSF бўлинмалари пойтахтнинг марказий қисмларида, шунингдек, Чад, Ливия, Марказий Африка ва Жанубий Судан билан чегарадош ҳудудларда ҳам фаол. 

Ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишувлар ва зиддиятли томонларга халқаро босим ўтказилаётганига қарамай, қон тўкилиши тўхтамаяпти. 

БМТ маълумотларига кўра, бугунги кунда Судан аҳолисининг ярмидан кўпи, 25 миллионга яқин киши фавқулодда ҳуманитар ёрдамга муҳтож, аммо фақат икки миллионга яқин суданлик ёрдам оляпти.

БМТнинг Ҳуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси маълумотига кўра, 2023 йил 15 апрелдан буён миллионлаб одамлар ўз мамлакати ичида ўз уйларини ташлаб кетган ва ярим миллиондан ортиқ қочқиннинг 60 фоизга яқини Мисрда қўним топган. 

Мавзуга оид