Жаҳон | 09:00 / 29.09.2023
4555
3 дақиқада ўқилади

Мелник: Бразилия Россия ва Украина ўртасидаги тинчликка ёрдам бериши мумкин

Украина элчиси Андрей Мелникнинг фикрича, Бразилия Лотин Америкаси ҳамда бошқа минтақалардаги тинчлик жараёнида етакчи роллардан бирини ўйнашга қодир. У Бразилияни ўз мамлакатини мудофаа қуроллари билан таъминлашга чақирди.

Фото: MFA of Ukraine

Бразилия Лотин Америкаси ва бошқа минтақаларда, хусусан, Украина ва Россия ўртасида тинчликка эришишда етакчи роллардан бирини ўйнаши мумкин. Бу фикрни 28 сентябр, пайшанба куни DW нашрига берган интервюсида Украинанинг Бразилиядаги янги элчиси Андрей Мелник билдирди. «Бразилия бир қанча сабабларга кўра фаолроқ рол ўйнашга қодир. Биз тинчликни хоҳлаймиз. Бразилия тинчлик музокараларига йўл очишга ёрдам бериши мумкин», - деди дипломат.

Бундан аввал Германияда элчи бўлиб ишлаган Мелник, 1991 йилги чегараларда Украина суверенитети тикланган тақдирдагина барқарор тинчликка эришиш мумкинлигини таъкидлади. «Мен учун нафақат дипломат ёки элчи, балки Украина фуқароси сифатида босиб олинган барча ҳудудларни, жумладан Қримни ҳам озод қилишдан бошқа йўл бўлиши мумкин эмас. Бошқача айтганда, биз узоқ муддатли тинчлик ҳақида Украина 1991 йилдаги чегараларини тиклагандан кейингина гапиришимиз мумкин», деди у. 

Андрей Мелник мустаҳкам тинчликка эришиш учун ўт очишни тўхтатишнинг ўзи етарли эмаслигини таъкидлади. «Амалга оширилмаган Минск келишувлари билан ўхшаш нарса яна юзага келиши мумкин, кўплаб давлатлар унга эътибор бермади ва натижада бизнинг ҳудудимизда катта уруш бошланди», деб тушунтирди у. 

Қурол таъминоти 

DW нашрига берган интервюсида Украина элчиси Бразилияни ҳам ўз мамлакатига мудофаа қуроллари етказиб беришга чақирди. «2022 йилда Германия томонидан бизга топширилган Gepard каби мудофаа тизимлари учун қурол-яроғлар кўплаб одамлар ҳаётини сақлаб қолиши мумкин. Бу жанговар ҳаракатларда иштирок этиш ёки можарода у ёки бу томоннинг фойдасига танлов қилиш дегани эмас. Улар бизнинг ҳарбийларимизга шаҳарларни хавфсизроқ қилишга ёрдам беради», деди украиналик дипломат. 

Андрей Мелник, шунингдек, Украина президенти Володимир Зеленский 2024 йилда Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтадиган G20 саммитига, ҳатто Украина G20 аъзоси бўлмаса ҳам, Киев позициясини жаҳон ҳамжамиятига тушунтириш учун таклиф қилинишига умид билдирди. 

Мавзуга оид