Жаҳон | 08:51 / 29.09.2023
3366
2 дақиқада ўқилади

ЕИ украиналикларнинг қочқин мақомини 2025 йил мартигача узайтирди

Украиналик қочқинлар Европа Иттифоқида камида 2025 йил мартигача махсус ҳимоядан фойдаланади. Амал қилиш муддатини узайтириш Европа Иттифоқида қолиб кетган тўрт миллиондан ортиқ украиналик хавфсизлигини таъминлайди.

Фото: Picture Alliance

Украиналик уруш қочқинлари Европа Иттифоқида камида 2025 йил мартигача махсус ҳимоядан фойдаланади. Бундай қарор Еврокомиссия таклифи билан 28 сентябр, пайшанба куни Брюсселда бўлиб ўтган ЕИ ички ишлар вазирларининг йиғилишида қабул қилинди, деб хабар берди Европа кенгаши матбуот хизмати.

Россиянинг Украинага ҳужумидан сўнг Европа Иттифоқи давлатлари биринчи марта Вақтинчалик ҳимоя директивасига мурожаат қилди. У украиналик қочқинларга тез ва бюрократик кечикишларсиз, бошпана бериш тартибисиз вақтинчалик яшаш учун рухсат олиш имконини яратади. Улар ишга жойлашиши, фарзандларини мактабга юбориши ва тиббий суғуртага эга бўлиши мумкин. Ҳозиргача вақтинчалик ҳимоя 2024 йил март ойи бошигача чекланган эди, дея эслатади AFP.

Муддатнинг узайтирилиши Европа Иттифоқидаги тўрт миллиондан ортиқ украиналикларнинг хавфсизлигини таъминлашга қаратилган. Улардан бир миллионга яқини Германиядан бошпана топди. 

Қанча вақт керак бўлса, шунча амал қилади

Германия федерал ички ишлар вазири Нэнси Фезер Брюсселда келишувнинг узайтирилишини «яхши сигнал» деб атади. Европа Иттифоқининг ички ишлар бўйича комиссари Илва Йоханссон сўзларига кўра, шу йўл билан Европа Иттифоқига аъзо давлатлар «қанча керак бўлса, шунча вақт Украина ва украиналиклар қўллаб-қувватланишини» кўрсатмоқда. 

Мавзуга оид