ЕИда миграция муаммоси туфайли ички келишмовчиликлар кучаймоқда
Лампедуза инқирози ўнлаб йиллар давом этган баҳс-мунозараларни қайтадан қўзғатди.
Италиянинг Лампедуза оролидаги миграция инқирози туфайли Европа Иттифоқи аъзолари ўртасида миграция масаласи бўйича узоқ давом этган мунозаралар янги куч билан авж олди.
Европа Иттифоқи 2015 йилда қитъага бошпана изловчиларнинг катта оқими кела бошлаганидан кейин ноқонуний миграцияга қарши курашиш учун умумий қоидаларни қабул қилишга уринмоқда.
1990 йилда Европа Иттифоқи давлатлари бошпана тақдим этиш бўйича сўровни кўриб чиқадиган давлатни белгиловчи Дублин конвенциясини имзолаган. Ҳужжатга кўра, қочқин ўзи кирган биринчи «хавфсиз мамлакат»дан бошпана сўраши шарт.
Европа комиссияси миграция ва бошпана тўғрисидаги пактни тайёрлади. Унда миграция инқирози шароитида функционаллиги муҳокама мавзусига айланган Дублин конвенциясини алмаштириш бўйича қатор қонунчилик таклифлари мавжуд.
Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен томонидан 2020 йил сентябр ойида Европарламентда эълон қилинган янги қоидалар асосан мигрантлар келган биринчи мамлакатдан миграция юкини олиб ташлаш ва уни барча аъзо давлатлар ўртасида тақсимлашга қаратилган.
Шартнома, шунингдек, Европа Иттифоқининг ташқи чегараларини мустаҳкамлаш, бошпана сўровларини топшириш ва рад этиш тартибини тезлаштиришни ҳам назарда тутади. Ҳужжат, шунингдек, рад этилган қочқинларни ўз мамлакатларига қайтариш жараёнини соддалаштириш ва бу давлатлар билан ҳамкорликни кенгайтиришни ҳам ўз ичига олади.
Бироқ, бугунги кунгача бўлиб ўтган кўплаб музокаралар давомида Европа Иттифоқи мамлакатлари ҳамжамият бир қатор аъзоларининг миграция муаммосига мутлақо қарама-қарши позицияси туфайли консенсусга эриша олмади.
Ноқонуний миграцияга қарши кураш масаласи 2020 йилда коронавирус пандемияси ва 2022 йилда Украинада бошланган уруш туфайли бир мунча вақт Европа Иттифоқи кун тартибидан ташқарида қолди.
Бироқ, пандемия кўлами пасайгач, муҳожирлар оқими деярли барча йўналишлар бўйлаб «жонланди». «Толибон»нинг 2021 йил ёзида Афғонистонда ҳокимиятга қайтиши ва 2022 йил бошида Украинадаги уруш сабаб муҳожирликнинг янги тўлқини Европа Иттифоқини миграция муаммосини ҳал этиш йўлларини излашга эътибор қаратишга мажбур қилди.
Ноқонуний миграцияга қарши кураш бўйича саъй-ҳаракатлар доирасида Ўрта Ер денгизи билан чегарадош тўққизта Европа давлати ЕИ Med9 саммитида учрашади.
Мавзуга оид
14:41
ЕИ давлатлари АҚШ ёрдами қисқарса ҳам Киевни қўллаб-қувватлашга тайёр
20:54 / 19.11.2024
Испания ҳар йили 300 минг мигрантни қонунийлаштириш ниятида
07:50 / 19.11.2024
ЕИ Гуржистон ҳукуматига ажратилган 121 млн еврони қайтариб олди
21:54 / 18.11.2024