Ўзбекистон | 12:10 / 30.09.2023
15167
4 дақиқада ўқилади

“ЗАГС”дан ўтмаган шахсларга никоҳ ўқиганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда

Сенатнинг қирқ бешинчи ялпи мажлисида қайд этилишича, сўнгги пайтларда мамлакатда қонуний никоҳсиз туғилган болалар сони ошган. Биргина 2022 йилда 18 955 та ҳолатда туғилган чақалоқлар ёлғиз она аризаси асосида рўйхатдан ўтказилган.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Сенаторлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун муҳокама қилинди

Таъкидланишича, сўнгги пайтларда мамлакатда фақатгина диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳлар сони ва бунинг ортидан кўп хотинлик ҳолатлари ортиб бормоқда. Шунингдек, реклама, кўнгилочар ва таҳлилий материаллар орқали кўп хотинлилик ва унинг “афзалликлари”ни тарғиб қилиш авж оляпти. Бунинг оқибатида қонуний никоҳсиз туғилган болалар сони ҳам ошган.

Республика бўйича 2020 йилда 16 564 та ҳолатда туғилган чақалоқлар ёлғиз она аризаси асосида рўйхатдан ўтказилган бўлса, 2022 йилда ушбу кўрсаткич 18 955 тани ташкил этган.

Конституцияга асосан унда белгиланган ҳуқуқ ва эркинликлар фақат қонунга мувофиқ ва фақат конституциявий тузумни, аҳолининг соғлиғини, ижтимоий ахлоқни, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоат хавфсизлигини ҳамда жамоат тартибини таъминлаш мақсадида зарур бўлган доирада чекланиши мумкинлиги назарда тутилган.

Шу боис мутасадди идоралар томонидан Ўзбекистон халқининг кўп асрлик тарихи ва маданий анъаналарини инобатга олган ҳолда “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун ишлаб чиқилган.

Қонун билан Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш орқали миллий, ирқий, этник ёки диний мансублигига қараб бир тоифа фуқароларнинг бошқа тоифа фуқаролардан устунлигини ёки нуқсонли эканлигини тарғиб қилганлик, никоҳи қонунда белгиланган тартибда қайд этилмаган шахслар ўртасида никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга оширганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгилаш назарда тутилмоқда.

Қонунда икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшашни тарғиб қилганлик, хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилигини очиқдан очиқ инкор этганлик учун ҳам маъмурий жавобгарлик белгиланяпти. 

Шунингдек, “Хавфсиз шаҳар” концепцияси доирасида жорий этилган ахборот дастурларининг самарадорлигини янада ошириш мақсадида жамоат жойларида шахсини идентификация қилиш имконини бермайдиган даражада юзини тўсган ҳолда бўлганлик учун маъмурий жавобгарлик чораси киритилмоқда. Бунда, жавобгарликни истисно қилувчи ҳолатлар ҳам инобатга олинмоқда. 

Янгиланган Конституциямизга кўра, Ўзбекистон – ҳуқуқий, ижтимоий, дунёвий давлат. Конституция эса биринчи навбатда, Ўзбекистон ягона халқининг хоҳиш-иродасини ифодалайди.

Киритилаётган нормаларни кўриб чиқишда, энг аввало, ана шу муҳим жиҳатларга эътибор қаратишимиз лозим. Биз миллий урф-одатлар, шу жумладан диний қадриятларни юксак эъзозлаган халқмиз. Лекин шу билан бирга, жамиятимиз, давлатимиз ҳаёти қонун устуворлиги шароитида кечиши зарур. Ўзбекистон фуқароси бўлган ҳар қандай шахс бунга сўзсиз риоя қилиши шарт.

Бугунги кунда никоҳ тузиш масаласига бирёқлама, қонун доирасидан ташқарида, фақат диний маросим нуқтаи назаридан қараш (шаръий никоҳ), бу борада қонун билан ўрнатилган талабларни писанд қилмаслик, уларни била туриб инкор қилиш ҳолатлари – кейинчалик ҳуқуқий жиҳатдан ечим топиш мушкул бўлган ижтимоий муаммоларни келтириб чиқараётгани барчамизга маълум.

Айтиш муҳимки, янги нормалар фуқароларимизнинг эътиқод, виждон эркинлигига мутлақо дахл қилмайди. Аксинча ҳар қандай ижтимоий-фуқаролик муносабатлар фақат ва фақат Конституция ҳамда қонунлар асосида тартибга солинишини англатади.

Қонуннинг бошқа нормалари ҳам жамиятимизда ижтимоий-ҳуқуқий, маънавий-аҳлоқий муҳит барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.

Шу ўринда айтиш муҳимки, мазкур янги нормалар фуқароларимизнинг эътиқод эркинлигига мутлақо дахл қилмайди. Аксинча ҳар қандай ижтимоий муносабатлар фақат ва фақат Конституция ҳамда қонунлар асосида тартибга солинишинигина англатади”, дея таъкидлаган Сенат раиси Танзила Норбоева. 

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Мавзуга оид