Спорт | 09:36 / 02.10.2023
22166
2 дақиқада ўқилади

Осиё ўйинлари. Эшкакчилар яна учта медал олиб беришди

Байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича баҳсларда иккита кумуш ва битта бронза медал қўлга киритилди. Ўзбекистон делегацияси ҳисобидаги медаллар сони 43 тага етди.

Хитойнинг Ҳангжоу шаҳрида XIX ёзги Осиё ўйинлари доирасида навбатдаги беллашувлар бошланди. Кун аввалида Ўзбекистон байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича жамоаси 6 дастур бўйича финал босқичида иштирок этишди.

Дастлаб 1000 метрга байдаркада эшкак эшиш бўйича эркаклар ўртасидаги финал баҳси бўлиб ўтди. Унда стартга чиққан ўзбекистонлик Шаҳриёр Маҳкамов иккинчи бўлиб марра чизиғини кесиб ўтди ва Ўзбекистон делегациясига кумуш медални тақдим қилди.

Биринчи ўринни Хитой вакили қўлга киритди, бронза қозоғистонлик атлетикачига насиб этди.

Байдарка ва каное баҳсларининг иккинчи стартида ҳам Ўзбекистон делегацияси ҳисобига медал ёзиб қўйилди. 1000 метрга каноеда эшкак эшиш бўйича эркаклар ўртасидаги дастурда Владлен Денисов яна бир кумуш медалга эга чиқди.

Бу баҳсда биринчи ўринни тайбэйлик, учинчи ўринни қозоғистонлик спортчилар эгаллашди.

Байдаркада эшкак эшиш бўйича аёллар ўртасида 500 метрга кечган баҳсда яна бир медал қўлга киритилди. Унда стартга чиққан Екатерина Шубина ҳамда Арина Танатмишева жуфтлиги маррага учинчи бўлиб етиб келди ва бронза медалига сазовор бўлди.

Шунингдек, 500 метрга каноеда эшкак эшиш бўйича жуфтлик баҳсларида Артур Гулиев ҳамда Камрон Аҳтамов тўртинчи, Нилуфар Зокирова ҳамда Гулбаҳор Файзиева эса бешинчи бўлиб маррага келди. Худди шу масофада стартга чиққан байдаркачилар Денис Онуфриев ҳамда Озоджон Амриддинов эса еттинчи поғонадан жой олишди.

Эртага, 3 октябр куни Ўзбекистон байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича жамоаси вакиллари яна 6 та дастурда медаллар учун кураш олиб боришади.

Айни вақтда умумий рейтингда 6-ўринда бораётган Ўзбекистон делегацияси ҳисобидаги медаллар сони 43 тага етди - 11 олтин, 14 кумуш ва 18 бронза.

Мавзуга оид