Ўзбекистон | 11:12 / 06.10.2023
15133
2 дақиқада ўқилади

Қатар Ўзбекистон фуқаролари учун 30 кунлик визасиз режим жорий қилди

Эндиликда қайтиш чиптасига эга ҳамда хорижга чиқиш паспортининг амал қилиш муддати 6 ойдан кам қолмаган Ўзбекистон фуқаролари Қатарга визасиз бориши мумкин. Жорий йил 5 июндан Қатар фуқаролари учун ҳам Ўзбекистонга киришда 30 кунлик визасиз режим жорий қилинган. 

Қатар ҳукуматининг электрон виза беришга мўлжалланган расмий порталида Ўзбекистон ушбу мамлакатга визасиз кириш мумкин бўлган 101 та давлатлар қаторида турибди. Маълум қилинишича, Қатарга визасиз киришнинг бир қанча шартлари бор.

Хусусан, хорижга чиқиш паспортининг амал қилиш муддати 6 ойдан кам қолмаслиги ҳамда ташриф буюрувчида қайтиш ёки бошқа давлатга чиқиб кетиш чиптаси бўлиши керак. Шунингдек, ўзбекистонликлар ушбу мамлакатда 30 кун давомида визасиз қола олади.

Жорий йил июн ойида Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамаднинг Ўзбекистонга ташрифи арафасида Қатар фуқаролари учун ҳам Ўзбекистонга киришда визасиз режим жорий қилинган эди.

Ушбу фармонга асосан, қатарликлар 30 кунлик муддатга визасиз режим асосида Ўзбекистонга кириши мумкин.

21 августдан Centrum Air авиакомпанияси Ўзбекистон ҳамда Қатар пойтахтлари ўртасида дастлабки тўғридан тўғри, чартер рейслар йўлга қўйилганини маълум қилган эди. Айни вақтда электрон билет сотувчи платформалар Тошкент-Доҳа йўналишда тўғридан тўғри авиақатновлар йўқлигини кўрсатмоқда.

Мавзуга оид