Топ 100 таликка кирган университет ўз хоҳиши билан рейтингни тарк этди. Бунга сабаб нима?
2024 йил учун топ университетлар рейтинги эълон қилинди. 2023 йилги рейтингда 66-ўринда бўлган Нидерландиянинг Утрехт университети бу йил рейтингда ўз хоҳиши билан қатнашмаган. Университет асосий эътиборни рейтингга эмас, ҳамкорлик ва фанга очиқ бўлишга қаратишини билдирди.
The Times Higher Education ташкилоти 2024 йил учун дунёнинг топ университетлари рейтингини эълон қилди. Университетлар бу рейтингга кириш учун тинимсиз ҳаракат қилаётган бир пайтда 2023 йилги рейтингда топ 100 таликда бўлган, 66-ўринни эгаллаган Нидерландиянинг Утрехт университети рейтингда қатнашиш учун маълумот тақдим этмади.
Бунга сабаб нима?
Университет сайтида берилган маълумотга кўра, рейтингда қатнашмасликнинг сабаблари бор:
- рейтингларда балл тўплаш ва рақобатга катта эътибор берилади, бироқ университет бунинг ўрнига ҳамкорлик ва фанга очиқ бўлишга эътибор қаратишни хоҳлайди;
- бутун университет миқёсида барча курслар ва ўқитиладиган фанлар доирасида бир хил сифатга эришиш деярли имконсиз;
- рейтингни тузишда тадқиқотчилар фойдаланадиган маълумот ва услубларнинг чалкашликлари ҳам бор. Масалан, университетлар рейтинг учун маълумот тақдим этишга жуда кўп вақт сарфлашади.
“Рейтингларга муносабат масаласида университетлар кучларини бирлаштириши муҳимдир. Талабаларга эса кўпроқ ўзлари танлайдиган таълим дастурининг мазмуни ва табиатига, тадқиқотчиларга эса тадқиқот дастурларининг сифатига эътибор беришларини тавсия қиламиз”, дейилади университет хабарида.
The Times Higher Education ташкилотига кўра, ОТМ учун рейтингда қатнашишнинг фойдали томонлари бор:
Рейтингда қатнашиш давомида ОТМда соғлом ички диалог ўрнатилади. Иқтисодий тараққиёт ва ҳамкорлик ташкилоти (OECD) ўтказган тадқиқотга кўра, 68 фоиз ОТМ ректорлари рейтингларни стратегик, ташкилий ва академик ўзгаришларни амалга оширишда асосий восита сифатида ишлатади.
Рейтинглар ОТМ брендини яратишга, уни халқаро даражада танитишга ёрдам беради. Масалан, халқаро талабалар университет танлашда иккинчи энг муҳим омил ОТМнинг рейтинги ҳисобланади.
Маълумот учун: “Ўзбекистон – 2030” стратегиясига кўра, Ўзбекистон 2030 йилгача 10 та ОТМни топ мингталикка киритишни режа қилган.
Мавзуга оид
17:36 / 18.11.2024
Ўзбекистон мобил интернет тезлиги рейтингида пастлади
17:37 / 12.11.2024
Ўзбекистон такси хизмати энг арзон давлатлар қаторига кирди
16:40 / 12.11.2024
Ўзбекистон сунъий интеллектга тайёрлик рейтингида Марказий Осиёда сўнгги ўринни эгаллади
16:52 / 07.11.2024