«Кўҳна қитъа»га интилаётган африкаликлар учун қўналға – Европа Иттифоқига муаммо туғдираётган иккита анклав
Европа Иттифоқининг қуруқликдаги чегаралари фақат Евросиё бўйлаб ўтади деган одам адашади. «Кўҳна қитъа»нинг қуруқликда Африка, ҳатто Жанубий Америка билан ҳам чегаралари бор. Евроиттифоқнинг Жанубий Америкадаги чегараси Франция Гвианаси бўйлаб, Африкадаги чегараси эса Марокаш шимолига туташ бўлган иккита анклав орқали ўтади. Ана шу иккита анклав европаликлар учун анча муаммоларни келтириб чиқармоқда.
Бугун Европа Иттифоқи олдида турган энг долзарб муаммолардан бири «Кўҳна қитъа»га оқиб келаётган африкалик муҳожирлар масаласи ҳисобланади.
Бу муҳожирларнинг асосий қисми қўлбола қайиқларда Ўрта Ер денгизидан сузиб ўтиб Испания, Италия, Франция, Греция, Малта, Туркия ва Кипр орқали Европага кирмоқда.
Бироқ Африка шимолида иккита шаҳар борки, уларга кириб олган муҳожирлар тўғридан тўғри Европа Иттифоқига кирган ҳисобланади. Булар Ўрта Ер денгизи соҳилларида, Марокаш шимолига туташ ерда жойлашган Сабта ва Малиля шаҳарчалари.
Ҳар иккала шаҳарча бугун Европа Иттифоқи учун ҳақиқий бош оғриққа айланган. Ҳар йили мазкур шаҳарчалар орқали кўп сонли муҳожирлар Европа Иттифоқи ҳудудига ўтади.
Сабта ва Малиля шаҳарчалари анча йиллардан буён Испания ва Марокаш ўртасида талаш бўлиб келмоқда. Гарчи муҳожирлар билан боғлиқ муаммолар бўлса ҳам Испания ҳозирча уларни Марокашга топширмоқчи эмас.
Сабта ва Малиля тарихи
Сабта ва Малиля шаҳарчаларини европаликлар илк бор 15-асрда эгаллайди. Унгача ҳар икки шаҳарча араб ҳукмдорлари қўл остида бўлган.
Жумладан, Сабта шаҳрини 1415 йилда португаллар, Малиляни 1497 йилда испанлар эгаллашади. Кейинчалик 1580 йилда Сабта шаҳарчаси назорати португаллардан испанларга ўтади.
Араб ҳукмдорлари бу икки шаҳарчани қайтариб олиш учун кўп марта ҳужум қилишган. Бироқ бундай уринишлар муваффақиятсиз кечган ва испанлар уларни ўз назоратида сақлаб қолган.
17-18-асрларда Усмонли салтанати бутун Ўрта Ер денгизига эгалик қилган пайтларда ҳам ҳар икки шаҳарча испанлар назорати остида қолади.
Ўша пайтларда Болқон яриморолида Австрия-Венгрия империяси, Кавказда ва Қримда Россия империяси билан жанг олиб бораётган турклар Марокаш Ўрта Ер денгизининг ғарбий қисмида бўлган Сабта ва Малиляни озод қилиш масаласига жиддий қарамайди.
Қолаверса, ўша пайтда ҳар икки шаҳарчада жуда кам одам яшаган ва улар стратегик муҳим жой ҳисобланмаган.
Ҳар икки шаҳарчага эгалик қилиш масаласидаги можаролар 1956 йилда Марокаш Франция мустамлакасидан озод бўлгандан сўнг яна диққат марказига чиқади.
Ўшандан буён бу давлат ҳар икки шаҳарча ўзига тегишли эканини айтади. Испания эса бу даъволарни тан олмайди ва Сабта ва Малиляни Марокашга топширмоқчи эмас.
Бугун Сабта ва Малиля шаҳарчаларининг ҳар бирида 80 минг нафардан ошиқ одам яшайди. Аҳолининг бир қисми испанлар, қолгани араблар ва барбарлар. Шаҳарчада испан ва араб тилларидан бирдай фойдаланилади. Расмий тил испан тили ҳисобланади.
1978 йилда Испания конституциясида Сабта ва Малиля шаҳарларининг мақоми белгилаб қўйилади:
«Агар Сабта ва Малиля шаҳарларининг муниципал кенгашлари ўз аъзоларининг мутлақ кўпчилик овози билан қарор қабул қилса ва агар бу қарор конституцион қонуннинг 144-моддасида белгиланган тартиб билан тасдиқланса, ҳар икки шаҳар мухторият жамоаларини ташкил этиши мумкин».
Шундан сўнг Сабта шаҳарчаси конституцияда белгиланган нормадан фойдаланиб Испаниянинг мухторият ҳуқуқига эга бўлади.
Малиля шаҳарчаси Сабтага қараганда анча қадимий. Бу шаҳарчага эрамиздан бир неча аср аввал финикияликлар асос солишган. Шаҳарча ўз тарихида кўп марта қўлдан қўлга ўтган.
Уни Карфеган билан урушда ғалаба қозонган римликлар эгаллаган. Эрамизнинг тўртинчи асрида Рим империясининг жуда катта қисмини босиб олган вандаллар эгаллаб вайрон қилишган.
Кейинчалик византияликлар уни қайта тиклашган. Шаҳарча еттинчи аср охирроқларида мусулмонлар ҳукмронлиги остига ўтган. Ўша пайтда у Малиля номини олган. Барбар тилидан таржима қилинганда Малиля Оқ шаҳар маъносини англатади. Шаҳарчани 1497 йилда испанлар эгаллашади.
Сабта ва Малиля шаҳарчалари Испания билан ҳаво ва денгиз транспорти, автойўллар орқали эса Марокашнинг турли шаҳарлари билан боғланади.
Сабта ва Малиля – Европа Иттифоқи учун жиддий муаммо
Бугун Африкадан келаётган муҳожирлар оқими Европа иттифоқи жиддий муаммолардан бири ҳисобланади. «Кўҳна қитъа»гилар ҳарчанд уриниб африкаликларни тўхтата олишмаяпти.
Улар Африкадан келаётган муҳожирларни Европага ўтказиб юбормаслик эвазига Ўрта Ер денгизи бўйидаги давлатларга моддий ёрдам ёки бошқа кўринишда кўмак кўрсатишга ҳам тайёр.
Бироқ бундай чоралар билан ҳам мусофирлар оқимини тўхтатиб қолиш қийин бўлаяпти. Йилдан йил уларнинг оқими баттар кучайиб боряпти.
Сабта ва Малиля шаҳарлари Испания учун муҳим бўлиши мумкин. Шу учун ҳам бу давлат Марокашнинг биқинида жойлашган бу икки шаҳарни арабларга бермасдан келяпти.
Бироқ ҳар икки шаҳарча ҳам Европа Иттифоқи учун ҳақиқий бош оғриқ бўлмоқда. Бунга эса Африка қитъасидан Европага оқиб келаётган муҳожирлар сабаб бўляпти. Ана шундай вазиятда муҳожирлар учун Сабта ва Малиля шаҳарчаларининг аҳамияти катта бўлмоқда.
Ҳар йили Африка ва Осиёдан бир неча юз минг киши Европага яхши ҳаёт қидириб келади. Жумладан, 2022 йилда Европа Иттифоқига 330 минг ноқонуний муҳожир кирган. Уларнинг асосий қисмини африкаликлар ташкил этган ва улар Ўрта Ер денгизи орқали ўтишган.
Африкаликлар Европага интилар экан, улар кўҳна қитъага қуруқлик йўли билан фақат Сабта ва Малиля шаҳарчалари орқали ўтиши мумкин. Аммо бу жуда қийин. Шу сабабли улар ўз ҳаётини хатарга қўйиб, қўлбола қайиқларда Африка соҳилларидан Европага етиб олишга ҳаракат қилади.
Бугун кўҳна қитъага ошиқаётган африкаликларнинг Европага етиб келганларининг сони қисман маълум. Манзилга етиб келгунча Ўрта Ер денгизидан ўтиш чоғида чўкиб кетганларнинг сони маълум эмас.
Африкадан Европага интилаётганларни Ўрта Ер денгизидан қўлбола қайиқларда ўтказиб қўювчилар текинга хизмат қилмайди. Бу учун яхшигина хизмат ҳақи тўлаш керак.
Шу сабабли Сабта ва Малиля шаҳарчалари орқали Европа Иттифоқига ўтмоқчи бўлаётганлар сони кейинги йилларда мунтазам ошиб бормоқда.
Аслида бу икки шаҳарча орқали Европага ўтишни мақсад қилган муҳожирларни Марокаш ўз ҳудудига ўтказмаслиги ҳам мумкин. Бироқ Сабта ва Малиля учун даъво қилаётган ва Испания томонидан рад жавобини олаётган бу давлат Европага интилаётган муҳожирларнинг йўлини тўсмайди.
Шу сабабли Африка марказида жойлашган давлатлардан йўлга чиққан муҳожирлар Марокаш ҳудуди орқали бемалол ҳаракатланиб, Сабта ва Малиля чегарасигача етиб келишади.
Муҳожирлар Марокаш томондан қайиқда кирмаслиги учун ҳар иккала шаҳарчанинг Ўрта Ер денгизи соҳилларига туташ томони жиддий қўриқланади.
Марокаш билан қуруқликдаги чегарада эса баланд қилиб, икки қатор тиканли симтўр тортилган. У ер 24 соат давомида чегарачилар томонидан қўриқланади.
Бироқ муҳожирлар ҳам анойи эмас. Кичик гуруҳлар йиғилиб одамлар кўпайгунча Марокаш ҳудудида яшаб туришади. Сўнг йиғилганларнинг сони бир неча юз киши бўлгач, чегарадаги симтўрдан ошиб ўтиш бошланади.
Бундай пайтларда ҳар икки шаҳарни қўриқлаб турган чегарачилар ва полиция ходимлари барча муҳожирни тўхтатиб қолишга улгуришмайди. Натижада анча одам Европа Иттифоқининг бир бўлаги бўлган шаҳарчаларга кириб олади.
Айрим пайтларда «штурм»дан аввал йиғилган муҳожирлар сони бир неча минг кишидан ҳам ошиб кетади. Бундай пайтда испан чегарачилари ҳеч нарса қила олишмайди ва уларнинг катта қисми шаҳарчаларга кириб олади.
Баъзида муҳожирлар икки томондан, қуруқлик ва денгиздан киришга ҳаракат қилишади. Полиция ва чегарачилар қуруқликдаги муҳожирларни қайтариш билан банд бўлганида уларнинг бир қисми денгиз соҳилидан ҳам киришга уринишади. Бу иш аввалдан режалаштирилиб, амалга оширилади.
Ҳар икки шаҳарчанинг ўзида ва унга туташ бўлган Марокаш ҳудудида муҳожирлар вақтинча яшайдиган лагерлар бор. Марокаш ҳудудидаги лагерда шаҳарчага ўтиш учун келганлар қулай вазият бўлгунча яшайверади.
Муҳожирлар ҳар икки шаҳарчага кириб олишса, уларни ортга қайтариб юборишмайди. Энг аввал улар вақтинчалик лагерга жойлаштирилади. Сўнг вақти-вақти билан Европанинг турли давлатларига чиқарилиб юборилади.
Яъни Сабта ҳамда Малиля ва унинг атрофидаги вазият шундайки, чегаранинг икки томонида ҳам вақтинча яшаш лагерлари бор. Марокаш томондагисини муҳожирларнинг ўзлари, шаҳарчалардагини эса Сабта Малиля маъмурияти ташкил этган.
Марокаш томондаги лагерда яшаётганлар қулай вақтни кутишади. Шаҳарчаларда жойлашган лагерда яшаётганлар эса Европа қитъасига жўнатиб юборишларини.
Европа Иттифоқида муҳожирлар масаласи
1990 йилда Европа Иттифоқи давлатлари бошпана тақдим этиш бўйича сўровни кўриб чиқадиган давлатни белгиловчи Дублин конвенциясини имзолаган. Бу ҳужжатга кўра, қочқин ўзи кирган биринчи «хавфсиз мамлакат»дан бошпана сўраши шарт.
Айни дамда Европага муҳожирлар асосан Ўрта Ер денгизи бўйида жойлашган Испания, Италия, Малта, Греция ва Туркия орқали кириб келишмоқда. (2022 йил февралида Россиянинг Украинага босқинидан сўнг бир муддат украиналиклар киришган)
Муҳожирлар биринчи кирган давлатидан бошпана сўраганидан сўнг уни Европа Иттифоқидаги бошқа давлатлар қабул қилиши белгиланган.
Бироқ сўнгги йилларда «Кўҳна қитъа»даги аксарият давлатлар уларни қабул қилишдан бош тортмоқда. Оқибатда муҳожирлар илк кириб келган давлатларда инқироз юзага келяпти. Энг жиддий вазият Италияда содир бўлмоқда.
Жорий йилда Европа комиссияси миграция ва бошпана тўғрисидаги пактни тайёрлади. Унда миграция инқирози шароитида Дублин конвенциясини алмаштириш бўйича қатор қонунчилик таклифлари мавжуд.
Жумладан, Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен томонидан 2020 йил сентябр ойида Европарламентда эълон қилинган янги қоидалар асосан мигрантлар келган биринчи мамлакатдан миграция юкини олиб ташлаш ва уни барча аъзо давлатлар ўртасида тақсимлашга қаратилган.
Шартнома, шунингдек, Европа Иттифоқининг ташқи чегараларини мустаҳкамлаш, бошпана сўровларини топшириш ва рад этиш тартибини тезлаштиришни ҳам назарда тутади.
Ҳужжат, шунингдек, рад этилган қочқинларни ўз мамлакатларига қайтариш жараёнини соддалаштириш ва бу давлатлар билан ҳамкорликни кенгайтиришни ҳам ўз ичига олади.
Бироқ Европа Иттифоқи мамлакатлари бир қатор аъзоларининг миграция муаммосига мутлақо қарама-қарши позицияси туфайли умумий келишувга эриша олмай келяпти.
2020 йилда коронавирус пандемияси туфайли бирмунча вақт ноқонуний миграцияга қарши кураш масаласи Европа Иттифоқи кун тартибидан ташқарида қолди. Бироқ пандемия кўлами пасайгач, муҳожирлар оқими деярли барча йўналишлар бўйлаб «жонланди».
«Толибон»нинг 2021 йил ёзида Афғонистонда ҳокимиятга қайтиши ва 2022 йил бошида Россиянинг Украинага босқини туфайли вазият баттар чигаллашди ва Европа Иттифоқига интилаётган муҳожирлар сони яна ошди.
Бу ҳолат Европа Иттифоқини миграция муаммосини ҳал этиш йўлларини излашга эътибор қаратишга мажбур қилмоқда. Бироқ бу муаммо бўйича ижобий ечим кўринмаяпти.
Шунингдек, сўнгги йилларда Европа иттифоқи мамлакатларига муҳожирларни ноқонуний олиб кираётган жиноий гуруҳлар фаолияти кенг қулоч ёймоқда. Шу сабабли бир қатор давлатлар чегара назоратини кучайтиришга интиляпти.
Улар орасида Словакия ҳам бор. Бу мамлакат ИИВ маълумотларига кўра, 2023 йил 9 ойда Словакияга Болқондаги мамлакатлар орқали кириб келган 39 688 нафар ноқонуний муҳожир қайд этилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига қараганда ўн бир баробарга кўп экани айтилмоқда.
Умуман олганда сўнгги йилларда Европа Иттифоқи муҳожирлар оқими билан боғлиқ жуда кўп муаммоларга дуч келяпти. Муҳожирлар оқимига биринчи бўлиб дуч келаётган давлатларда вазият анча жиддий. Қитъа ичкарисида ёки шимолида жойлашган давлатларда эса ҳолат бирмунча мўътадил. Муҳожирлар эса йилдан йил кўпроқ кириб келишда давом этмоқда.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
17:48 / 06.11.2024
«Ўзбекистон қитъаларимиз чорраҳасида жойлашган ва глобал алоқаларимиз марказида бўлиши лозим» — Урсула фон дер Ляйен
22:39 / 04.11.2024
Хитой Европа Иттифоқи билан электромобиллар бўйича «савдо урушига» киришди
17:30 / 04.11.2024
ЕИда НАТОга қўшимча равишда хавфсизлик ва мудофаа иттифоқини тузиш таклиф этилди
10:10 / 04.11.2024