Бугун Самарқанд шаҳри куни нишонланмоқда — фотолар
18 октябр – Самарқанд шаҳри куни муносабати билан шу кунларда жаҳон туризм пойтахти мақомида бўлиб турган кўҳна шаҳарда турли байрам тадбирлари бўлиб ўтмоқда.
Анъанавий тарзда шаҳар куни жамоатчилик иштирокида соҳибқирон Амир Темур мақбарасида Қуръон тиловати билан бошланди ва саркардага эҳтиром кўрсатилди.
Туризм соҳаси тобора юксалиб бораётган шаҳарда янги қурилиб ишга туширилган «Маржона» ва «Султон» меҳмонхоналарининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Кун давомида Самарқанд шаҳри куни муносабати билан Алишер Навоий кўчасида ташкилот ва муассасалар ўртасида «Энг яхши кўргазма ташкиллаштирган жамоа» танлови ўтказилди.
Мустафо Камол Отатурк кўчасида эса «Made in Uzbekistan» шиори остида озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркаси ташкиллаштирилди.
Шаҳар марказидаги Мармар деҳқон бозорида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркаси ўтказилди.
Шунингдек, шаҳарликлар ва меҳмонлар учун «Мўъжиза» амфитеатрида ҳамда Кимёгарлар қўрғонида жойлашган «Нурафшон» маданият саройида концерт дастурлари ташкиллаштирилди.
Кечқурун соат 18:00 да Қорасув масканидаги «Янги Ўзбекистон боғи»да шаҳар кунига бағишланган катта концерт дастури ўтказилиши режалаштирилган.
Қадимий шаҳарнинг юраги Регистон майдонида эса соат 20:30 да самарқандликлар ва шаҳар меҳмонлари учун байрам муносабати билан 3D-mapping форматида лазер шоуси тўлиқ намойиш этилади.
Самарқандда шаҳар куни муносабати билан соат 08:00 дан 16:00 гача жамоат транспорти бепул ҳаракатланади. Шунингдек, тарихий обидалар, диққатга сазовор жойлар ва давлат музейларига кириш ҳам ташрифчилар учун бепул қилинган.
Шуҳрат Шокиржонов, Kun.uz мухбири
Фотолар муаллифи: Бахтиёр Мустанов
Мавзуга оид
13:49 / 14.11.2024
Самарқандда ўқувчи автобус уриб юбориши оқибатида ҳалок бўлди
09:28 / 08.11.2024
Самарқандга 100 та электробус олиб келинади
10:53 / 07.11.2024
Миср Самарқанд вилояти туман ва шаҳарларида сув таъминоти тизимини модернизация қилиши мумкин
21:44 / 01.11.2024