Самарқандда ис газидан уч киши вафот этди
Вафот этганларнинг бири 53 ёшли аёл, икки нафари эса вояга етмаган болалар бўлган.
Самарқанд вилоятида ис газидан заҳарланиб уч киши вафот этган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби хабар бермоқда.
Ҳодиса 2023 йил 15 октябр куни Оқдарё тумани Тараққиёт маҳалласида жойлашган далаҳовлида содир бўлган.
Маълум қилинишича, вафот этганларнинг икки нафари вояга етмаган болалар, 9 ёшли қиз (4-синф ўқувчиси) ва 3 ёшли ўғил бола бўлган. Яна 53 ёшли аёл ҳам оламдан ўтган.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан тегишли модда билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
«Ҳурматли фуқаролар! Бундай кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида газ ускуналаридан ва иситиш мосламаларидан фойдаланишда ёнғин ва хавфсизлик талабларига қатъий риоя қилишингизни сўраймиз», дейилади Бош прокуратура матбуот котибининг хабарида.
Маълумот учун, Ўзбекистонда 2022 йилда ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ 90 дан ортиқ ҳолат содир бўлган. Бунинг оқибатида 146 киши вафот этган, яна 50 нафар фуқаро жабрланган. Ички ишлар вазирлиги фуқароларни кўмир, ўтин, нефть маҳсулотлари ва бошқа турдаги ёқилғидан фойдаланишда хавфсизлик чораларига қатъий риоя қилишга ва ностандарт ёки сертификатга эга бўлмаган иситиш печларидан фойдаланмасликка чақирган.
Ис гази билан заҳарланишга турли сабаблар келтирилади. Бирида мўриси тозаланмаган печка, бошқасида эса огоҳлантирмасдан ўчириб ёқилган табиий газ, бошқасида қўлбола иситиш печларидан фойдаланиш сабаб бўлади.
Аввалроқ Фарғонада икки киши, Жиззах ва Қашқадарёда тўрт киши, Самарқандда оила қурганига ҳали бир ой ҳам бўлмаган келин-куёв, Наманганда 8 яшар бола ис газидан заҳарланиб вафот этгани хабар қилинганди.
Мавзуга оид
15:57
Ис гази қандай қилиб инсонлар ўлимига сабаб бўлади? ФВВ масъули изоҳ берди
10:53
Миср Самарқанд вилояти туман ва шаҳарларида сув таъминоти тизимини модернизация қилиши мумкин
21:44 / 01.11.2024
Самарқандда автобус салонини аёллар ва эркаклар учун ажратган ҳайдовчига чора кўрилди
19:16 / 31.10.2024