Зеленскийнинг Қримда мусодара қилинган квартираси аукционда сотилди
Россия томонидан мусодара қилинган уй-жой учун харидор 44,3 млн рубл тўлади.
Украина президенти Володимир Зеленский ва унинг рафиқаси Оленага тегишли бўлган квартира кимошди савдоси орқали сотилди. Қримнинг Ялта шаҳрида жойлашган уй-жой учун харидор 44,3 миллион рубл (5,8 млрд сўм) тўлади, бу бошланғич баҳодан 20 миллион рубл кўпроқ. Харидор квартира Украина президенти оиласига тегишли эканини билмаганини айтди.
Кимошди савдоси Россия давлат ва муниципал мулк объектларини сотиш бўйича аукционлар ўтказиладиган «ГИС Торги» порталида электрон шаклда ўтказилган. Квартира учун фақат икки иштирокчи курашган. Якунда москвалик Олга Липовецкая ғолиб деб топилган. Унинг турмуш ўртоғи Игорнинг қўшимча қилишича, ўзи ҳам, рафиқаси ҳам ўтмишда квартира кимга тегишли эканини кимошди савдоси тугагунига қадар билмаган.
Зеленский оиласининг собиқ квартираси Ливадия қишлоғида, «Император» элита турар-жой мажмуасининг бешинчи қаватида жойлашган. Уй-жой Олена Зеленская номига рўйхатга олинган. У квартирани 2013 йилда собиқ депутат Александр Бурякдан 163,8 минг долларга (2 млрд сўм) сотиб олган.
Қрим яримороли 2014 йилда Россия томонидан истило қилингач, кўплаб мулкларни мусодара қилиш кампанияси бошланди. Жумладан, Игор Коломойский, Ринат Ахметов, Арсений Яценюк, Нестор Шуфрич, Сергей Тарута ва бошқа кўплаб украиналик олигархлар, сиёсатчилар ва бизнесменларнинг мулки Россия томонидан ўзлаштирилди.
Шунингдек, Қрим Давлат кенгаши 2023 йил 24 май куни Ялтадаги Зеленский квартирасини ҳам мусодара этиш тўғрисидаги қарорни қабул қилди. Яриморолга Россия томонидан раҳбар қилиб тайинланган Сергей Аксёнов сўзларига кўра, 2014 йилдан бери Қримда 700 та объект мусодара қилинган.
Мавзуга оид
13:31
Ўзбекистон ва Россия қўшма корхоналарни кўпайтиришни муҳокама қиляпти
09:59
Украина хандақларида тақиқланган CS гази излари топилди
08:37
Сибига: Украина қанчалик узоқроқ зарба берса, уруш шунчалик тезроқ тугайди
01:00