Жаҳон | 21:51 / 02.11.2023
15428
2 дақиқада ўқилади

Франция президентининг Ўзбекистонга расмий ташрифи якунланди

Икки кунлик ташрифдан сўнг Эммануэл Макрон ватанига жўнаб кетди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Франция президенти Эммануэл Макрон Ўзбекистонга расмий ташрифини якунлади. Самарқанд аэропортида мартабали меҳмонни президент Шавкат Мирзиёев кузатиб қўйди. Давлат раҳбарлари самимий хайрлашди.

Эммануэл Макроннинг Самарқанд шаҳрига икки кунлик ташрифи доирасида бир қатор икки томонлама тадбирлар бўлиб ўтди.

1 ноябр куни давлат раҳбарлари Регистон майдонида самимий мулоқот қилиб, тунги Самарқанд бўйлаб сайр қилдилар, «Боқий шаҳар» мажмуасини бориб кўрдилар.

2 ноябр куни тор ва кенгайтирилган таркибда олий даражали мулоқотлар бўлиб ўтди, улар якунида давлат раҳбарлари икки томонлама муносабатларни стратегик шериклик даражасига кўтаришга келишиб олдилар. Қўшма баёнот қабул қилиниб, қатор ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар имзоланди.

Давлат раҳбарлари Франциянинг етакчи компания ва банклари вакиллари иштирокидаги қўшма бизнес форуми очилишида иштирок этдилар.

Фото: Президент матбуот хизмати

Куннинг иккинчи ярмида президентлар Самарқанддаги Конгресс марказида биргаликда дарахт экдилар, Ўзбекистоннинг маданий мероси кўргазмаси билан танишдилар. Француз алянсининг Самарқанддаги филиали очилишида иштирок этдилар.

Франция делегацияси Самарқанднинг тарихий-меъморий дурдоналари билан танишди. Давлат раҳбарлари Мирзо Улуғбек расадхонаси ва музейини бориб кўрди. Меҳмонлар музейда Мирзо Улуғбек даврига оид ашёлар, китоблар, қўлёзмалар, асл нусхадаги квадрант асбобини кўздан кечирди.

Шунингдек, президентлар Амир Темур мақбарасига боришди. Олий мартабали меҳмонга буюк Соҳибқироннинг ҳаёти, ҳарбий маҳорати, бунёдкорлик ишлари ҳақида сўзлаб берилди.

Давлат раҳбарлари Регистон мажмуасида ҳам бўлди. Меҳмонларга аждодларимизнинг меъморчилик анъаналари, пештоқлардаги нақшлар ва маънолар ҳақида сўзлаб берилди.

Сўнг президентлар Шоҳи Зиндага борди. Меҳмонлар мажмуа дарвозаси ва мақбаралар тарихи билан танишди. Самарқанд обидалари меҳмонларда катта таассурот қолдиргани айтилди.

Мавзуга оид