Ўзбекистон | 08:02 / 02.11.2023
6997
4 дақиқада ўқилади

Ҳарбий хизматчилар мақоми тўғрисидаги қонун лойиҳаси эълон қилинди

Қонуннинг асосий мақсади ҳарбий хизматчилар ҳуқуқлари, мажбуриятлари, жавобгарлиги ва ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ чекловларни, шунингдек, ҳарбий хизматчилар ва ҳарбий хизматдан бўшатилган фуқаролар ҳамда улар оила аъзоларини ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Фото: Kun.uz

“Ҳарбий хизматчилар мақоми ва уларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.

Қонуннинг асосий мақсади ҳарбий хизматчиларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари, жавобгарлиги ва ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ чекловларни, шунингдек, ҳарбий хизматчилар ва ҳарбий хизматдан бўшатилган фуқаролар ҳамда уларнинг оила аъзоларини ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Қонун лойиҳаси билан:

  • ҳарбий хизмат назарда тутилган вазирлик ва идоралар, бошқа органлар ва ташкилотларнинг оддий аскар, сержант ва офицерлар таркибига мансуб контракт бўйича ҳарбий хизматчиларини ҳамда уларнинг оила аъзоларини;
  • олий ҳарбий таълим муассасаларининг курсантлари (тингловчилари)ни;
  • муддатли ҳарбий хизмат ҳарбий хизматчиларини;
  • сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмат ҳарбий хизматчиларини;
  • ҳарбий йиғинни ўтаётган резервдаги ва захирадаги ҳарбий хизматга мажбурларни;
  • ҳалок бўлган (вафот этган) ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларини ҳуқуқий ва ижтимоий жиҳатдан муҳофаза қилиш белгиланмоқда ҳамда шу каби бошқа асосий масалаларни тартибга солиш назарда тутилмоқда.

“Ҳарбий хизматчилар мақоми ва уларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси 4 та боб, 38 та моддадан иборат.

Биринчи бобда умумий қоидалар (қонуннинг мақсади, ҳарбий хизматчиларнинг мақоми ва уларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик, асосий тушунчалар, ҳарбий хизматчилар мақоми ва уларни ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги асосий принциплар, ҳарбий хизматчи мақомига эга бўлиш ва уни йўқотиш асослари, ҳарбий хизматчиларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш кафолатлари) ёритилган.

Иккинчи бобда ҳарбий хизматчиларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари (ҳарбий унвон олиш ва рағбатлантирилиш, эркин ҳаракатланиш, лавозимга тайинланиш ва хизмат жойини ўзгартириш, жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этиш, меҳнат қилиш ҳуқуқи, хизмат вақти ва дам олиш ҳуқуқи, пул таъминоти ҳуқуқи, озиқ-овқат таъминоти, кийим-кечак таъминоти, уй-жой ва пенсия таъминоти, соғлиқни сақлаш ва тиббий ёрдам олиш, суғурта кафолатлари, бошқа ижтимоий кафолатлар, таълим олиш ҳуқуқи, транспортдан фойдаланиш, мурожаат қилиш ҳуқуқи, жисмоний куч ишлатиш, махсус воситалар ва жанговар қуролни сақлаш, олиб юриш, қўллаш, шунингдек жисмоний ва юридик шахсларнинг транспорт воситаларидан фойдаланиш, фавқулодда ҳолат ва фавқулодда вазият шароитларида, жанговар ҳаракатлар ва бошқа махсус операциялар олиб борилаётган даврда ҳарбий хизматчиларга бериладиган қўшимча кафолат ва имтиёзлар, имтиёзли кредит билан таъминланиш ҳуқуқи, моддий ёрдам олиш ҳуқуқи, ҳарбий хизматдан бўшатилганда ишга жойлашиш ҳуқуқи, ҳарбий хизматчилар оила аъзоларининг ижтимоий ҳимояси) белгиланган.

Учинчи бобда ҳарбий хизматчиларнинг мажбуриятлари ва жавобгарлиги (умумий мажбуриятлар, лавозимга оид ва махсус мажбуриятлар, ҳарбий хизматни ўташ муносабати билан ҳарбий хизматчиларнинг айрим ҳуқуқларини чеклаш, ҳарбий хизматчиларнинг жавобгарлиги) белгиланган.

Тўртинчи бобда якунловчи қоидалар (ҳарбий хизматчиларнинг мақоми ва уларни ижтимоий ҳимоя қилиш билан боғлиқ тадбирларни молиялаштириш, низоларни ҳал этиш, ҳарбий хизматчиларнинг мақоми ва уларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик, қонуннинг ижросини, етказилишини, моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш, қонунчиликни ушбу қонунга мувофиқлаштириш, қонуннинг кучга кириши) ёритилган.

Мавзуга оид