Ўзбекистон | 21:43 / 02.11.2023
9618
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган компания АҚШ санкциялари рўйхатига киритилди

Ушбу компания Украинадаги урушда Россия армиясини қўллаб-қувватлагани айтилмоқда.

Фото: iStock

АҚШ Савдо департаментининг Саноат ва хавфсизлик бюроси (СХБ) учувчисиз учиш аппаратлари сотиб олиш, ишлаб чиқариш ва етказиш орқали Россия армиясини Украинадаги урушда қўллаб-қувватлагани учун 13 та тадбиркорлик субъектини махсус назорат рўйхатига қўшди (.pdf).

Қоидага кўра, Департамент ушбу субъектларга нисбатан энг жиддий экспорт чекловларини қўллайди, улар учун АҚШ технологиялари ва товарлари бозорини ёпади.

Қайд қилинишича (.pdf), 13 та субъектдан 12 таси Россияда, 1 таси Ўзбекистонда жойлашган.

Маълумотларга қараганда, махсус назорат рўйхатига Ўзбекистоннинг Mvizion МЧЖ компанияси киритилган. У 2022 йил июн ойида давлат рўйхатидан ўтган. Фаолият тури сифатида электрон ва телекоммуникацион ускуналар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари улгуржи савдоси билан шуғулланиши кўрсатилган. Устав жамғармаси 1 млн сўм миқдорида белгиланган.

«Бизнинг миссиямиз тўғрисида аниқ тасаввурни сақлаб қолиш жуда муҳим. Биз Путиннинг Украина халқига қарши уруш олиб бориш имкониятини заифлаштиришимиз лозим», деди АҚШ савдо вазири ўринбосари Алан Эстевес. «Бугунги чекловлар АҚШ технологиялари душманларимиз томонидан ўз мақсадига етиши учун қўлланмаслиги кераклигини англатади».

Мавзуга оид