Байден: 24 соат ичида 74 АҚШ фуқароси Ғазо секторини тарк этди
Оқ уйга кўра, бир кун аввал Ғазо секторини фақат беш нафар америкалик тарк эта олган. Миср расмийларининг хабар беришича, 1 ноябр куни жами 360 дан ортиқ хорижлик Миср билан чегарани кесиб ўтган.
2 ноябр, пайшанба куни Ғазо секторидан эвакуация қилинган хорижликлар орасида 74 нафар АҚШ фуқароси инқирозли ҳудудни тарк этишга муваффақ бўлди. «Яхши хабар, биз бугун икки фуқаролиги бўлган 74 америкаликни қутқардик», деди президент Жо Байден Оқ уйда журналистларга.
Ўз навбатида, Миллий хавфсизлик кенгаши вакили Жон Кирби бир кун аввал беш америкалик Ғазо секторини тарк этишга муваффақ бўлганини айтди. Эвакуация қилинганлар сони реал вақтда ўзгариб боради, дея қўшимча қилди у.
Миср билан чегарадаги Рафаҳ назорат пункти орқали эвакуация
1 ноябр куни Исроил ва Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати ўртасида уруш бошланганидан бери илк бор Ғазо сектори ва Миср ўртасидаги чегарада Рафаҳ назорат-ўтказиш пункти эвакуация қилинаётганлар ва ярадорларнинг чиқиши учун очилди.
Миср расмийларига кўра, ўша куни Ғазо секторини 361 нафар хорижлик ва 46 нафар ярадор тарк этган. 2 ноябр куни яна 400 нафар хорижлик ва 60 нафар ярадор Рафаҳ назорат-ўтказиш пунктини тарк этиши кутилганди.
Айни пайтда, АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен 3 ноябр куни Исроилга янги ташрифи чоғида Ғазо секторидаги тинч аҳолини ҳимоя қилиш бўйича аниқ қадамлар излаш ниятида эканини айтди. У, шунингдек, АҚШ Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги урушнинг кейинги «эскалацияси» олдини олиш учун қўлидан келган барча ишни қилишга ваъда берди.
Исроил-Фаластин можароси
7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.
ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.
Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.
Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 8,7 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.
Мавзуга оид
21:54 / 18.11.2024
Трамп ноқонуний мигрантларни оммавий депортация қилиш режаси борлигини тасдиқлади
21:08 / 18.11.2024
Оқ уй Украинага АҚШ қуроллари билан Россияга зарба йўллашга рухсат берилганини тасдиқламади
20:14 / 18.11.2024
Украина ATACMS билан Россия ҳудудларига зарба бериши мумкин. Бу нимани ўзгартиради?
05:07 / 18.11.2024