Исроил Россияни Сурияга зарбалар ҳақида олдиндан огоҳлантиришни тўхтатди
Суриядаги объектларга Исроил Россияни олдиндан хабардор қилмаган ҳолда амалга оширилган бир нечта ҳужумлар маълум, деб ёзади Bloomberg. Бу ҳолат Исроил ва Россия ўртасидаги шусиз ҳам мураккаб муносабатларни ёмонлаштиради, дея таъкидлайди агентлик.
ҲАМАС гуруҳига қарши ҳарбий операция бошланганидан сўнг Исроил Суриядаги Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган қуролли гуруҳларга қарши зарбаларни кучайтирди, шунингдек, Россияни Сурия ҳудудига ҳужумлар ҳақида огоҳлантирмай қўйди. Бу ҳақда Bloomberg 3 ноябр, жума куни манбаларга таяниб ёзди.
Шу тариқа, 30 октябр куни Исроил ҳарбий авиацияси Сурия жануби-ғарбидаги Дераа вилоятидаги ҳарбий базани бомбардимон қилди. Манбаларга кўра, аввалроқ у ерга Сурия қўшинларини Эрон ва унинг тарафдорларининг Исроил билан чегарадаги ҳаракатларига йўл қўйилмаслиги ҳақида огоҳлантирувчи варақалар ташлаб юборилган.
Ундан беш кун олдин Исроил Сурия жанубидаги қурол-яроғ омборига зарба бериб, 10 дан ортиқ суриялик аскар ва зобитни ўлдирган эди. Россия ҳарбий полицияси ходимлари вақти-вақти билан базага туташ ҳудудда бўлиб туради, бироқ улар Исроил ҳужуми пайтида у ерда бўлгани ёки бўлмагани номаълум.
Bloomberg суҳбатдошларига кўра, Исроил бу икки зарба ҳақида Россияни олдиндан хабардор қилмаган.
Агентлик суҳбатдошларининг қайд этишича, бу ҳолат Исроил ва Россия ўртасидаги шу пайтгача мураккаб бўлган муносабатларни ёмонлаштирмоқда, бундан ташқари, Суриянинг Исроил ва ҲАМАС ташкилоти ўртасидаги янги уруш фронтига айланиши хавфи бор.
Исроил-Фаластин можароси
7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.
ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.
Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.
Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 9 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.
Мавзуга оид
00:36
Россия БМТнинг Суданда ўт очишни тўхтатиш резолюциясига вето қўйди
21:08 / 18.11.2024
Оқ уй Украинага АҚШ қуроллари билан Россияга зарба йўллашга рухсат берилганини тасдиқламади
20:14 / 18.11.2024
Украина ATACMS билан Россия ҳудудларига зарба бериши мумкин. Бу нимани ўзгартиради?
20:09 / 18.11.2024