Ўзбекистон | 17:26 / 08.11.2023
23931
13 дақиқада ўқилади

Болага стресс ва табақаланиш хавфи. Нега репетиторга бориш шарт бўлиб қолди?

Бугун Ўзбекистон болалари ўз келажагини яхши қуриш учун репетиторга боришга мажбур. Бусиз улар президент мактабига ҳам, сифатли олийгоҳга ҳам кира олмайди. Хўш, нега шундай бўлиб қолди? Келгусида бизни қандай оқибатлар кутаётган бўлиши мумкин?

Ўзбекистон бўйлаб айниқса шаҳарларда ўқувчиларнинг мактабдан ташқари пуллик таълим хизматлари, яъни репетиторларга бориши жуда оммалашган. Жуда кўп ота-оналар фарзандларини математика, кимё, биология каби фанлар ёки тил дарсларига беришади. Айниқса, мактаб битирувчиларининг олий ўқув юртига репетиторсиз кира олиши мифга айлангандек.

Хўш, аслида бундай таълим хизматларига нима учун эҳтиёж пайдо бўлади? Унинг мамлакат ва жамиятга манфаатли ёки зарар томонлари нимада? Kun.uz мавзуни таҳлил қилиш учун таълим соҳаси вакиллари – педагог Шокир Турсунов, тадбиркор ва бир қанча ўқув марказлари асосчиси Умиджон Ишмуҳаммедов, ҳам ўқитувчи, ҳам тадқиқотчи Искандар Саттибоев билан суҳбатлашди.

– Ўзбекистонда сўнгги йилларда репетиторларга эҳтиёжнинг ортганини мактаб таълим сифати билан корреляцияси борми?

Искандар Саттибоев: Таълим жараёнига нима сабаб бундай ажиотаж билан муносабатда бўлиняпти, яъни нима учун ота-оналар керак бўлса юзлаб, минглаб долларни репетиторларга сарфлашга тайёр? Чунки мамлакатимизда олий таълим ижтимоий трамплин ҳисобланади. Олий таълимга ва унинг дипломига эга инсон шу билан ишга жойлашиши, нисбатан барқарор маошга эга бўлиши ва натижада келажакда “ўзини эплайдиган одам” бўлиши мумкин. Ўқувчи ёки фарзандини олий таълимга жойлаштиштиришни мақсад қилган ота-онанинг перспективаси шу.

Искандар Саттибоев

Бу жараёнда давлат таълим муассасалари қандай ёрдам бера оляпти? Афсуски, репетитор тайёргарлигисиз ОТМга кириш айтиб ўтганингиздек мифга айланяпти ёки айланиб бўлган. Нимага? Чунки бугунги кунда, тан олишимиз керак, ОТМга кириш учун рақобат ўта кучли. Имтиёзлар туфайли ҳамма фандан 100 фоиз тўғри ечган талабалар ҳам ҳатто бюджетга кира олишмаган ҳолатлар бўлди. Озми-кўпми нуфузга эга ОТМга киришни истаган ёш ҳамма керакли фанлар бўйича қаттиқ тайёргарлик кўриши керак.

Бугунги кунда бир ҳақиқатга кўз юма олмаймиз, кўп давлат таълим муассасалари бу талабга жавоб бера олмаяпти. Натижада шартли равишда пайдо бўлган бўшлиқни хусусий сектор тўлдиряпти. Муаммони ҳал қилиш учун хусусий сектор ўз ўқув курсларини тақдим қиляпти.

1996 йилдан бошлаб тест асосида ўқишга кириш жорй этилган бўлса, шунча вақтдан бери [пуллик ўқув марказлари хизматлари] ўзини оқлаб келяпти. Элда номи чиққан, кўпчилик тан оладиган репетитор устозларнинг камида 50-60 фоиз ўқувчилари ҳар йили олийгоҳларга, керак бўлса, бюджет асосида қабул қилиняпти. Бу эса тилдан тилга ўтиб, ота-оналарнинг айнан шу устозларга қайта-қайта мурожаат қилишига сабаб бўляпти.

Демак, бу ерда давлат [умумтаълим] муассасалари ўз функциясини тўлиқ бажара олмаётгани туфайли юзага келган бир ҳодиса деб ҳисоблайман.

Умиджон Ишмуҳаммедов: Мустақилликдан кейинги даврни ҳисобга олсак, биз бозор иқтисодиётини танладик. Бозор иқтисодиёти нима дейди: ўзингни харажатинг ва фойдангни ўзинг бошқарасан. Бозор иқтисодиётига ўтилгандан кейин нарх-наволар ошади ва ўқитувчиларнинг ойлиги кўтарилмаганидан кейин ўқитувчи ўзининг билимини бошқа жойда сотишга мажбур бўлади. Хусусий таълим муассасалари ёки ўқув марказларининг негизи мана шу стратегиядан чиққан. Яъни мактабдаги таълимини бериб, ўзининг эҳтиёжини берилаётган маош билан қондира олмадими, у албатта ташқарига чиқиб ўқитишни бошлайди. Чунки у харажатларини қоплаши керак.

Умиджон Ишмуҳаммедов

Бутун дунёда бир стандарт бор, буни магнит дейишади. Кадр билан пул ёнма-ён юради. Яъни кадр қаерда бўлса, пул ўша ерда ёки пул қаерда бўлса, кадр ўша ерда бўлади. Уларнинг орасида магнит пайдо бўлади, хоҳлайсизми ёки йўқ, бу магнит бутун дунёда ишлайди. Ўзининг билимини бошқа жойда олдингидан ҳам каттароқ қиймат ва қадрга эгалигини билса, у мутахассис ўша ерга боради. Нега, чунки ўзининг яшаш шароити ва ҳолатидан келиб чиқиб инсон доим кўпроқ эҳтиёжини қондириш ва пул топишга ҳаракат қилади. Мустақилликка эришиб, бозор иқтисодиётига ўтганимиздан кейин ўқув марказларининг келиб чиқишининг асосий сабаби шу бўлади. Шундан келиб чиқиб, хусусий секторда таълим йўналишлари пайдо бўлди.

Энди бунинг пайдо бўлганидан нима фойда дейилганда, албатта, юқорида айтилганидек, бу икки томон ўртасида рақобат бўлиши лозим. Нима учун ўқув марказлари бераётган қийматнинг даражаси давлат бераётган қиймат даражасидан ўтиб кетди? Чунки ҳозир университетга кираман деса ёки бошқа жойга топшираман деса хусусий секторда ўқиган боланинг билим даражаси анча юқори бўлади.

Шокир Турсунов: Мен репетиторлар, хусусий таълим, ўқув курслари сонининг кўпайишини 2 та сабаб билан ажратган бўлар эдим. Биринчиси – давлат ўзининг вазифасини тўғри бажармаётгани. Яъни давлат ҳамма учун тенг, адолатли таълимни таъминлаб бера олмаётгани. Энг чекка ҳудуд ва шаҳар марказларидаги мактаб ўқитувчиларининг даражаси турлича экани. Айтишимиз мумкин, давлат буни ҳеч қачон тенг қила олмайди деб, аммо буни амалга ошириш мумкин. Масалан, Финландияга ўхшаган мамлакатлар буни эплаган. Мактабда ишламоқчимисан, ўз соҳанг бўйича бакалавриатни битирасан, биология бўйича шу соҳани ўқиб, таълимини битирасан. Кейин биология бўйича дарс бермоқчи бўлсанг, марҳамат қилиб бу бўйича магистратурани ҳам битирасан, ундан кейин педагогик курс оласан, ундан кейин биз сени имтиҳон қилиб, ишга оламиз. Яъни бу имтиҳон барча ўқитувчиларнинг даражасини ўз-ўзидан бир хил қилиб қўяди. Бу амалиётни Техас штати мисолида ҳам кўрганман. Техас таълимида ҳам мактаб ўқитувчилари ҳар 3-5 йилда лицензия олишга, уни янгилашга мажбур. Бу бўйича алоҳида имтиҳон ҳам топширишади. Агар лицензияси бўлмаса, мактабда 1 кун ҳам туришга ҳаққи йўқ.

Шокир Турсунов

Шунингдек, таълим стандартлари тўғри қўйилмагани учун ҳам дейман. Олий таълимга кириш учун репетиторга бораётганлар нима учун ўқув марказларига мурожаат қилади. Чунки улар 11 йиллик таълими давомида ҳеч қачон тест имтиҳонига тайёрланишмайди, бола ҳеч қачон ўқишга тушадиган стандартдаги саволларни кўрмайди. Давлат буни назарда тутмаган, аммо бунга ҳам тайёрлаш мумкин. Давлатнинг қўлида фанлар кесимида назорат ишлари мавжуд, битирув имтиҳонларида ҳам ўтказса бўлади. Репетиторлар ҳар ой шундай тестлар ишлатгани сабаб бола уларни яхшироқ деб қабул қилади. Бу биринчидан. Яъни хулоса, давлат ўз вазифасини тўғри бажара олмаяпти, адолатли таълимни таъминлаб бера олмаяпти.

Иккинчи томондан халқимизда сўнгги пайтларда пайдо бўлган истеъмол қобилиятини кўрсатиш имконияти. Масалан, тўйлар ҳақида гапирганимизда ҳам айтишимиз мумкин, дабдабали тўй билан у истеъмол қобилиятини кўрсатиб қўймоқчи, бу борада унда бошқа йўл йўқ. Боласини репетиторга олиб борадиган, курсма-курс етаклаб юрадиганларнинг битта сабаби шу бўлиши мумкин, яъни ўзининг истеъмол қобилиятини бошқаларга кўрсатиб қўйиш орқали даражаси ва савиясининг юқорида эканини кўрсатмоқчи бўлади.

Ва бизда охирги вақтда шундай тенденция пайдо бўлдики, кўп ўқитсам, яхши бўлади деган фикр шаклланиб қолди. Яъни биз болани муваффақиятли қилишга ҳаракат қилиб қолдик, сўнгги пайтларда “муаваффақиятли” сўзи машҳур бўлиб кетди. Менимча, биз муваффақиятли авлодни тарбиялашимиз керак эмас, ота-оналар бахтли авлод тарбиялашга ҳаракат қилишимиз кераклигини тушуниши лозим. Бу икки нарсанинг бошқа-бошқа нарса эканини тушунмай қолдик. Тадқиқотларда қўшимча академик ёрдам берадиган курслар (театр, спорт, рақс курслари бундан мустасно) болага ортиқча депрессия бериши исботланган. Биз шундай авлодни шакллантираётганимизни ҳам ҳис қилишимиз керак.

Демак, биринчи сабаби давлат ўз вазифасини адолатли таъминламаяпти, иккинчиси эса халқимизнинг ўзи ҳам боланинг муваффақиятли бўлишининг асосий сабаби кўпроқ ўқиши керак деган фикр шаклланиб қолганида.

Искандар Саттибоев: Тўғри, бугунги кунда одамларимизнинг елкасига муваффақиятлилик юки юклаб қўйиляпти. Лекин Эйнштейннинг бир гапи бор: “Балиқни дарахтга чиқиш бўйича баҳоласангиз, у 2 олади”. Шунга ўхшаб, ҳамма бола ҳам математикадан даҳо бўлиш учун туғилмаган. Кимнингдир овози чиройли, кимдир расмни яхши чизади. Яъни иқтисодиётни ривожлантириш учун диверсификация бўлиши керак, турли тармоқлар яратилиши керак деганимиздек, шахс ҳам худди шундай.

Менинг фикримча, мактабларда моддий-техник база шундай шакллантирилиши керакки, у ерда ўқиётган ўқувчи хоҳ амалий, хоҳ назарий йўналишда ўзини топишга шароит бўлиши лозим. Ва бу ердаги фикр яна шунга бориб тақаладики, бизда олий таълим ижтимоий трамплин сифатида кўрилади. Бугун жамиятда ким муаваффақиятли деб тан олиняпти, яхши пул топган дастурчи, IELTSдан юқори балл олган йигит ёки қиз... Ота-оналар боласининг қобилияти билан ҳисоблашиб кўрмасдан шу тарафга йўналтиряпти.

“Нуқсонлилик комплекси” деган тушунча бор, яъни ота-оналар бир вақтлар ўзлари қайсидир имкониятларни қўлдан чиқарган бўлса, шу нарса фарзандида ҳам такрорланишини истамай, болага ортиқча юк юклайди. Минг шароит яратилгани билан одамларда ирсият деган нарса бор, бунга улар мойилми? Яъни болани қайсидир соҳага йўналтириш билан уларни муваффақиятли қилиб бўладими? Ҳозирча бу борада саволларимиз кўп, аммо жавобларимиз кам.

– Жанубий Корея тажрибасига назар ташласак, уларда ҳам маълум вақт давомида пуллик ўқув курсларга бўлган талаб ортиб кетган. Оқибатда эса бутун бошли ривожланган давлатда ўртаҳол оилаларнинг камбағал бўлиб қолиши, бунинг ортидан эса депопуляция, яъни аҳоли сонининг камайиши кузатилган.

Дунёда эндигина ривожланаётган давлатлар қаторида турган ва ЯИМ унча ҳам юқори бўлмаган Ўзбекистонда репетиторларнинг кўпайиши ёки камайиши қандай аҳамиятга эга, бу нималарга сабаб бўлиши мумкин? Фойдали ва зарар бўлган жиҳатлари ҳақида гапирсангиз.

Искандар Саттибоев: Энди бу ерда жуда кўп омилларни инобатга олиш керак бўлади. Фақатгина қуруқ иқтисодиёт нуқтайи назаридан олиб қарасак, хусусий бизнес секторлари кўпаяди. Мувофиқ равишда субъектларнинг давлат рўйхатидан ўтиб, солиқларни тўлаши ЯИМнинг кўпайишига хизмат қилади. Мисол учун, АҚШ ёки Буюк Британияда айнан ўз билимларини хусусий секторда сотиш ЯИМнинг сезиларли фоизини ташкил қилади.

Энди ижтимоий томондан олиб қарасак, ҳозир давра суҳбатида бўлиб турган фикр – бу ерда ота-оналарнинг шахсий амбициясига боғлиқ. Яъни мисол учун, ўзбек ота-онаси менинг фарзандим мана бу ўқув марказида ўқийди дейиши учун ҳам фарзандини ўша марказга жўнатиши мумкин. Ҳаракатларнинг урфга айланиши марказдаги оқимни ҳам кўпайтиради. Демак, бу ерда менинг фарзандим шу марказда ўқийди дейиши билан ота-она боланинг маълум доирага мансублигини кўрсатишга шахсий эҳтиёжи бор.

Энди ўқув марказлар сонининг ортишини таълим жараёнига бевосита боғласак, биринчи навбатда давлат таълим муассасаларидаги давоматнинг пасайишига олиб келади, аслида олиб келиб бўлган. Яъни таълим марказидаги дарс 10:30да бошланади, бола эрталаб ўқийди, ё ўқитувчидан рухсат сўрайди, ё сўрамай кетади. Оқибатда синфдаги таълимнинг ўз ўрнида бўлиш имконияти йўқолади. Лекин шунга яраша таълим маркази ва мактаб гўёки ўзаро компромисга келишяпти. Чунки таълим марказларига баҳони халқ, яъни истеъмолчи беради. Мактаб фаолиятини эса давлат статистика асосида битирувчиларнинг қанчаси ОТМга кирганини аниқлаш орқали баҳолайди. Бу ерда холис ўйлайдиган бўлсак, давлат таълим муассасаси ўз ўқувчисининг хусусий марказларга боришидан манфаатдор. Чунки бола давлат мактабидан ололмаётган билимини ўқув марказидан олиб, олийгоҳга кириб, мактаб рейтингини ошириб беряпти.

·       Интервюнинг тўлиқ шаклини юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди.
Тасвирчи – Мирвоҳид Мирраҳимов.
Монтаж устаси – Муҳиддин Қурбонов.

Мавзуга оид