Жаҳон | 07:18 / 15.11.2023
12528
3 дақиқада ўқилади

Исроил Аш-Шифо касалхонасида операция бошлаганини эълон қилди

ЦАҲАЛ Аш-Шифода ҲАМАСга қарши операция бошланганини эълон қилди. Шифохонада ишловчи доктор Al Jazeera’га кучли отишма ва доимий портлашларни эшитаётганини айтди. Касалхона ҳудудидан ракеталардан қочган минглаб одамлар бошпана топган.

Фото: AP

Исроил мудофаа кучлари Аш-Шифо касалхонасида ҲАМАСга қарши операция бошлаганини эълон қилди. Бу ҳақда BBC хабар бермоқда.

ЦАҲАЛнинг ижтимоий тармоқлардаги постида айтилишича, «мақсадли» операция шифокорлар гуруҳлари ва араб тилини биладиган одамлар иштирокида амалга оширилмоқда.

«Улар ҲАМАС тирик қалқон сифатида фойдаланаётган тинч аҳолига зарар етказмаслик учун шундай оғир ва нозик муҳитда ҳаракат қилиш мақсадида махсус тайёргарликдан ўтган», — дейилади хабарда. 

Исроил армияси Ғазо сектори расмийларига бир кун аввал ултиматум қўйганини билдирди: қуролли тузилмалар 12 соат ичида Аш-Шифо касалхонасини тарк этиши керак. Ултиматум бажарилмади. 

Ҳарбийлар шифохонадан оммавий эвакуация уюштирганини ва унинг раҳбарияти билан доимий алоқада эканини маълум қилди. Бу ҳақда ҳозирча ҳеч қандай тасдиқ йўқ, фақат ҲАМАС назоратидаги Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби исроилликлар ҳужум бошланишидан бироз олдин уларни хабардор қилгани тўғрисида баёнот берди.  

BBC билан суҳбатлашган гувоҳнинг айтишича, исроиллик аскарлар аллақачон Аш-Шифо касалхонасига кирган.

Касалхонада бўлган Хадер Заанун BBC’нинг Ғазодаги мухбири Рушди Абу Алуфга телефон орқали Исроил ҳарбийлари тутунли граната улоқтирганини ва уларни касалхонанинг жарроҳлик биносига бостириб кирганини кўрганини айтган. Шундан сўнг Хадер Заанун билан алоқа узилган.

Исроил армияси Аш-Шифо касалхонасида операция бошлаганидан сўнг, ҲАМАС баёнот бериб, бу операция оқибатлари учун тўлиқ жавобгарликни Исроил ва шахсан АҚШ президенти Жо Байденга юклади. 

ҲАМАСга кўра, кеча АҚШнинг исроилликлар айтганидек, Аш-Шифо касалхонаси остида ҲАМАС қўмондонлик пункти жойлашгани тўғрисида берган баёноти Исроил армиясига касалхонага бостириб кириши учун яшил чироқ ёқди. 

ҲАМАС шифохонадан ўзининг ерости қўмондонлиги ва таянч пункти учун қалқон сифатида фойдаланишини рад этиб келади. 

Исроил армияси бугун ҲАМАСга қарши операция ўтказаётган Аш-Шифо касалхонасида нималар бўлаётгани ҳақидаги маълумотлар ҳамон ниҳоятда кам. Аш-Шифо касалхонаси шифокорларидан бирининг Al Jazeera телеканалига айтишича, шифохона мажмуаси ҳудудида Исроил танклари ва булдозерлари пайдо бўлган. 

Al Jazeera таянган шифокорнинг сўзларига кўра, исроиллик аскарлар ҳозирча асосий касалхона биносига киргани йўқ. 

Х тармоғидаги Gaza notifications Фаластинни қўллаб-қувватловчи аккаунт томонидан ҳам шундай маълумот тақдим этилган: унга кўра, исроилликлар касалхона ҳудудига асосий эшик яқинидаги махсус жарроҳлик биносига кирган, аммо асосий бинога ҳали киргани йўқ.

Аш-Шифо мажмуаси олтита бинодан иборат. 

Шифохонада ишловчи доктор Al Jazeera’га кучли отишма ва доимий портлашларни эшитаётганини айтган. 

Ижтимоий тармоқларда Аш-Шифо йўлакларида кўплаб одамлар, жумладан, қуролсиз ёш йигитлар қочиб, қичқираётгани акс этган видео тарқалмоқда. 

Мавзуга оид