Жаҳон | 20:51 / 15.11.2023
17617
6 дақиқада ўқилади

Рамзон Қодировнинг 15 ёшли ўғли тергов изоляторида маҳбусни калтаклаганидан кейин олтита орден олди

У Чеченистон Қаҳрамони бўлган ва «масъулиятли лавозим»га тайинланган.

Фото: Чеченистон Республикаси раҳбари матбуот хизмати

25 сентябр куни Чеченистон раҳбари Рамзон Қодиров ўзининг 15 ёшли ўғли Адам Қодировнинг Грознийдаги тергов изоляторида маҳбус Никита Журавелни калтаклаётгани тасвирланган видеони эълон қилганди. У Қуръонни ёқиш орқали диндорларнинг ҳис-туйғуларини ҳақорат қилишда айбланган эди.

Шундан сўнг давлат ва ҳуқуқ-тартибот идораларининг юқори мартабали вакиллари, ҳукуматпараст «ҳуқуқ ҳимоячилари» видеога фақат изоҳ беришди. Лекин мурожаатларга қарамай, аслида нима бўлганини тергов қилиш учун ҳеч нарса амалга оширилмади. Ҳеч бўлмаганда уларнинг муносабати оммага эълон қилинмади.

4 октябр куни Baza нашри ҳуқуқ-тартибот идоралари ниҳоят Қодиров ўғлининг Журавелга ҳужуми бўйича терговни бошлагани ва буни Грозний полициясига топширгани ҳақида хабар берди. Аммо, бир неча соат ўтгач Грозний полицияси Адам Қодиров 15 ёшга тўлгани, яъни жиноий жавобгарлик ёшига етмагани сабабли жиноий иш қўзғатишдан бош тортгани маълум бўлди. Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан бошқа ҳеч қандай муносабат билдирилмади.

6 октябр куни Адам Қодировга Чеченистон Республикаси Қаҳрамони унвони берилди. Бу ҳақда хабар берган Давлат Думаси депутати Адам Делимхонов Қодировнинг 15 ёшли ўғлини «ўта қобилиятли, ҳар томонлама билимли ва мақсадли йигитнинг ёрқин намунаси» деб атади.

15 октябр куни Рамзон Қодиров яна ўғлининг Журавелни калтаклагани акс этган видеони эълон қилди. Видео Чеченистон байроғи фонида Адам Қодировнинг сурати ва «Бўри тузоққа тушиб қолса, қандай қилиб қочиш ҳақида эмас, қандай қилиб қасос олиш ҳақида ўйлайди» деган сўзлар билан бошланади. Видео остида Чеченистон раҳбари кичик Қодировни «чечен халқининг тан олинган муносиб ўғлони» ва «барча мусулмонлар қаҳрамони» деб атаган.

24 октябр куни Татаристон раҳбари Рустам Миннихонов Адам Қодировни республиканинг иккинчи муҳим мукофоти – «Дўстлик» ордени билан тақдирлади. Кичик Қодиров «миллатлараро ва конфессиялараро тинчлик ва тотувликни мустаҳкамлашга қўшган катта ҳиссаси учун» тақдирлангани айтилди.

25 октябр куни Қорачой-Черкес Республикаси раҳбари Рашид Темрезов Адам Қодировни республиканинг олий давлат мукофоти – «Қорачой-Черкес Республикаси олдидаги хизматлари учун» ордени билан тақдирлади. Рамзон Қодировнинг ўғли ушбу мукофотга «миллатлараро ва минтақалараро бирдамликни ривожлантириш, анъанавий ислом қадриятларини мустаҳкамлашга қўшган шахсий ҳиссаси учун» сазовор бўлган ва Темрезов уни «кичик ватани ва Россиянинг ҳақиқий ватанпарвари» деб атади.

4 ноябр куни Адам Қодиров «масъул лавозимга» - Чеченистон раҳбарининг хавфсизлик бўлими бошлиғи этиб тайинланди. «Ҳурматли жиянимнинг бундай лавозимга тайинланиши мутлақо адолатли. Адам Рамзонович болалигиданоқ ўзини муносиб инсон сифатида кўрсатди, унинг учун ор-номус ва қадр-қиммат тушунчалари биринчи ўринда туради», деб ёзди Делимхонов кичик Қодиров ҳақидаги янги постида.

5 ноябр куни Рамзон Қодиров Шимолий Кавказ мусулмонлари фаолиятини мувофиқлаштириш маркази раиси, Қорачой-Черкес муфтийси Исмоил-Хожи Бердиев ўғли Адамни 1-даражали «Уммат олдидаги хизматлари учун» ордени билан тақдирлагани ҳақида хабар берди.

7 ноябр куни Адам Қодиров «Кабардин-Болқор Республикаси олдидаги хизматлари учун» ордени билан тақдирланди. «Рамзон Ахматович президентимиз Владимир Владимирович Путин томонидан ўзига юкланган вазифаларни муносиб бажариб, мамлакатимиз хавфсизлиги ва яхлитлигини мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшмоқда. Фарзандларини ҳам шундай руҳда тарбиялаяпти», деди вилоят раҳбари Казбек Коқов. У 15 ёшли Қодиров қандай хизматлари учун орден олганига аниқлик киритмади. «Верстка» нашри хабарига кўра, Чеченистон раҳбари маъмурияти вакиллари Кабардин-Болқор ҳукуматидан Адамга миллий, «қанчалик нуфузли бўлса, шунча яхши» мукофотлардан бирини топширишни сўрашган. Худди шундай илтимос Адигея раҳбариятига ҳам қилинган, аммо улар рад этишган.

9 ноябр куни Адам Қодиров ва унинг икки акаси, 18 ёшли Ахмат ва 16 ёшли Эли Чеченистон парламентининг энг олий «Даимехкан Сий» («Ватан шарафи») ордени билан тақдирланди. Республика маъмурияти улар «ёш авлод учун ёрқин ўрнак» эканини таъкидлади. «Улар болалигидан дин арконларини ўрганмоқда, Қуръони Каримнинг ҳофизи ҳисобланади, ўқиш, спорт ва ижтимоий фаолиятда муваффақият қозондилар. Қодировлар оиласининг бошқа муносиб вакиллари сингари улар ҳам ҳар бир ишида Ватан манфаатига хизмат қилишга интилмоқда, улар халқимизнинг ҳақиқий ифтихоридир», деб ёзди Қодиров ўғиллари ҳақида Республика Матбуот вазирлиги раҳбари Ахмед Дудаев.

15 ноябр куни Дудаев «азиз биродар» Адам Қодировни «Ислом динини мустаҳкамлаш ва унинг қадриятларини ҳимоя қилишга қўшган катта шахсий ҳиссаси учун» 1-даражали «Ислом динига хизматлари учун» ордени билан тақдирлангани билан табриклади. «Чеченистон Республикаси биринчи президентининг набираси умматнинг муносиб вакилидир, художўй ва жасур», деб ҳисобламоқда Чеченистон матбуот вазири.

Мавзуга оид