Ўзбекистон | 13:32 / 15.11.2023
5368
1 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида аҳоли учун ажратилган кўмирни талон-торож қилиш ҳолати аниқланди

Пскент туманида куз-қиш мавсумида аҳоли эҳтиёжи учун имтиёзли нархда сотиш учун ажратилган кўмирни талон-торож қилиш ҳолати аниқланди.

Фото: Прокуратура департаменти

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Пскент туман бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган.

Маҳкама хабарига кўра, унда "Кўмир таъминот" МЧЖнинг Тошкент вилояти филиали раҳбари С.И., омбори мудири Ф.Х. ва бошқалар 2023-2024 йилги куз-қиш мавсумида аҳоли эҳтиёжи учун имтиёзли нархда сотиш учун ажратилган 794,2 тонна кўмирни Пскент тумани аҳолисига етказиб бермасдан, қалбаки юк хатларини расмийлаштириш орқали талон-торож қилгани аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга оид