Тошкент вилояти ҳокими 3 та хизмат машинаси хариди учун маҳаллий бюджетдан 1,3 млрд сўм ажратди
BYD гибрид туркумидаги машиналарнинг иккитаси вилоят ҳокими ўринбосарларига, биттаси эса Юқори Чирчиқ тумани ҳокимига бириктирилади. Бу билан вилоят ҳокимлиги автопаркидаги машиналар сони 25 тага етган. Уларнинг 3 таси микроавтобус, 7 таси “иномарка” ҳисобланади. Ҳокимликнинг янги машиналар хариди ҳақидаги изоҳи расмий сайтидаги очиқ маълумотга мос келмаяпти.
Зойир Мирзаев 2023 йил 15 ноябр куни ўзининг икки ўринбосари ва Юқори Чирчиқ тумани ҳокимига BYD хизмат машиналарини харид қилиш учун 1 млрд 336,5 млн сўм ажратиш тўғрисида фармойиш чиқарди. Маблағ вилоят маҳаллий бюджетининг 2023 йил 3-чорак якуни билан шаклланган даромадлар режасининг орттириб бажарилган қисми ҳисобидана жратилиши кўзда тутилган.
Машиналар вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Абдурасул Абдуллаев, вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Отабек Султонбеков ва Юқори Чирчиқ тумани ҳокими Ускенбай Атемов учун харид қилиниши режалаштирилган.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати “Газета.уз” сўровига жавобан машиналар BYD гибрид туркумидаги автомобиллар эканини, амалдаги хизмат автотранспортларини алмаштиришга эҳтиёж улардан 5 йилдан ортиқ фойдаланилгани сабабли туғилганини билдирган.
Аммо ҳокимлик расмий сайтидаги очиқ маълумотларга кўра, янги хизмат машинаси олиб берилиши кўзда тутилаётган ҳоким ўринбосарларига айни вақтда бириктирилган автомобилларнинг ишлаб чиқарилганига 5 йилдан ошмаган.
Жумладан, вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари учун ажратилган Mersedes-Bens Е 450 4 Matic S русумли хизмат машинаси 2021 йилда, вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарига бириктирилган Lacetti русумли хизмат машинаси эса 2020 йилда ишлаб чиқарилган.
Янги харид қилинаётган 2 та BYD машинасидан сўнг вилоят ҳокимлиги автопаркидаги транспорт воситалари сони 25 тага етади. Уларнинг 3 таси меҳмонлар учун ажратилган микроавтобус ҳисобланади. Ҳокимлик автопаркида меҳмонлар учун Cadillac XTC “иномарка”си ҳам бор.
Шунингдек, очиқ маълумотга кўра, вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарига 2019 йилда ишлаб чиқарилган LAND CRUISER, қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосарига 2017 йилда ишлаб чиқарилган Toyota Land Cruiser Prado VX 2.7L машиналари бириктирилган.
Вилоят ҳокими Зойир Мирзаевга эса 2022 йилда ишлаб чиқарилган Mersedes-Bens S560 4 Matic W222 ҳамда 2018 йилда ишлаб чиқарилган TAYOTA LANG CRUISER машиналаридан фойдаланади.
Президентнинг 2022 йил 19 декабрдаги тегишли қарори билан тасдиқланган “2023 — 2025 йилларда давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган корхоналар томонидан харид қилинадиган электромобиллар ва гибрид автомобиллар бўйича мақсадли кўрсаткичлар”га кўра Тошкент вилояти ҳокимлигига 2023 йилда 1,2 млрд сўмга 3 та автомобил харид қилиш кўзда тутилган. Юқоридаги харид ушбу мақсадли кўрсаткич асосида амалга оширилган бўлиши мумкин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 апрелдаги қарорига мувофиқ, вилоят ҳокимларининг ўринбосарлари хизмат автотранспортининг энг юқори нархи — БҲМнинг 1500 баравари (495 млн сўм)дан, туман ва шаҳар ҳокимлариники — БҲМнинг 1000 баравари (330 млн сўм)дан ошмаслиги керак.
Ҳокимликнинг мазкур хариди ҳукумат белгилаган тартиб доирасида амалга оширилган.
Мавзуга оид
13:07
Пискент полигонидаги навбат электрон шаклга ўтказилди
12:06 / 16.11.2024
“Биз тўғридан тўғри завод билан ишлаймиз”: Тошкентда 16 кунлик фирма одамларни “ҳалол лизинг”га машина олиб беришга ишонтирмоқда
14:12 / 15.11.2024
Дилшод Султонов шаҳар ҳокимлигидан ҳам кетди
09:52 / 15.11.2024