Тошкент вилояти ҳокимлиги 3 та хизмат машинаси учун 1,3 млрд сўм ажратилганига изоҳ берди
Бу президент қарорида белгилаб қўйилгани, шунингдек, амалдаги хизмат машиналари «ўта таъмирталаб» ҳолатга келгани билан изоҳланди.
Тошкент вилояти ҳокимининг икки нафар ўринбосари ва Юқори Чирчиқ ҳокимига хизмат машиналари олиш учун 1,3 миллиард сўм ажратилиши президент қарорига асосан амалга оширилган. Шунингдек, амалдаги хизмат машиналари ўта таъмирталаб ҳолатга келиб қолган. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги хабар берди.
Аввалроқ, вилоят ҳокимлиги ўринбосарлари учун Хитойнинг BYD гибрид туркумидаги иккита машина, Юқори Чирчиқ тумани ҳокимига битта машина сотиб олиш учун маҳаллий бюджетдан 1,3 млрд сўм маблағ ажратилгани, бу билан вилоят ҳокимлиги автопаркидаги машиналар сони 25 тага етгани, уларнинг 3 таси микроавтобус, 7 таси «иномарка» экани ҳақида хабар берилган эди.
Тошкент вилояти ҳокимлиги берган тушунтиришга кўра, бу «Электромобиллар ишлаб чиқаришни ташкил этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарорига асосан амалга оширилган. Жумладан, унда харид қилинадиган электромобиллар ва гибрид автомобиллар бўйича мақсадли кўрсаткичлар белгиланган бўлиб, Тошкент вилояти ҳокимлиги учун 1 миллиард 200 миллион сўмга 3 дона ҳарид қилиниши қайд этилган.
Шунингдек, қарорда давлат ҳокимияти органлари томонидан сотиб олинадиган транспорт воситасининг энг юқори нархи бўйича ўрнатилган чекловларга электромобиллар ва гибрид автомобилларнинг бозор нархидан келиб чиқиб тегишли ўзгартиришлар киритиш мумкинлиги белгилаб қўйилгани таъкидланмоқда.
Бундан ташқари, ушба қарор ижросини таъминлаш борасида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Тошкент вилояти ҳокимлигига кўрсатма хати ҳам юборган.
Қайд қилинишича, вилоят ҳокимининг икки ўринбосари ва Юқори Чирчиқ тумани ҳокимининг амалдаги хизмат машиналари ўта таъмирталаб ҳолатга келган, таъмирлашга кўп маблағ сарфланиши, эскирган автомашиналар кўп ёқилғи сарф этгани ҳам инобатга олинган.
Мавзуга оид
18:42 / 30.10.2024
Мактаб дарсликлари ижараси учун тўлов тикланиши мумкин
14:37 / 30.10.2024
Toyota автомобилларини ишлаб чиқариш ҳажми кетма-кет саккизинчи ой пасайди, сотувлар ҳам қисқарди
12:10 / 29.10.2024
Тошкент вилоятида фуқаро ўзи ташлаган чиқиндини ўзи тозалади
18:54 / 25.10.2024