Жаҳон | 11:24 / 17.11.2023
5155
2 дақиқада ўқилади

Озарбойжон АҚШда Арманистон билан музокара ўтказишдан бош тортди

Боку Озарбойжон ва Арманистон ташқи ишлар вазирларининг Қўшма Штатлардаги учрашувидан бош тортди ва давлат котиби ёрдамчисининг сўзларидан сўнг Вашингтонни «нохолисликда» айблади. Учрашувда икки давлат муносабатларини нормаллаштириш масалалари муҳокама қилиниши режалаштирилган эди.

Фото: MEDIA.AZ

Озарбойжон ва Арманистон ташқи ишлар вазирларининг 20 ноябр куни АҚШ пойтахтида ўтказилиши режалаштирилган учрашуви бекор қилинди. Озарбойжон ТИВ 16 ноябр, пайшанба куни маълум қилишича, «Вашингтоннинг нохолис позицияси» туфайли Боку унда иштирок этишдан бош тортди. Учрашувда Арманистон-Озарбойжон муносабатларини нормаллаштириш масалалари муҳокама қилиниши керак эди.

Озарбойжоннинг рад жавобига АҚШ давлат котибининг Европа ва Евросиё масалалари бўйича ёрдамчиси Жеймс О`Брайеннинг бир кун аввал айтган сўзлари сабаб бўлди. У Вакиллар палатасининг Тоғли Қорабоғ масаласи бўйича ташқи ишлар қўмитасида сўзлаган нутқида, «тинчлик сари олға силжиш» кўринмагунича, АҚШ билан Озарбойжон муносабатлари «19 сентябр воқеаларидан кейин нормал ҳолатга қайтмайди», деди. Боку О`Брайеннинг сўзларини «тескари, асоссиз ва қабул қилиб бўлмайдиган» деб атади. Озарбойжон Ташқи ишлар вазирлиги, шунингдек, «АҚШнинг бир томонлама ёндашуви Жанубий Кавказда икки давлат ўртасидаги можарода унинг воситачи ролини йўқотишига олиб келиши мумкинлигини» таъкидлади.

Тоғли Қорабоғ бўйича можаро

Озарбойжон ва Арманистон 30 йилдан ортиқ вақтдан бери қарама-қаршиликда. СССР парчаланганидан кейин ҳар икки давлат Озарбойжоннинг Бокудан мустақиллигини эълон қилган, асосан, этник арманлар яшайдиган Тоғли Қорабоғ бўйича келишмовчиликни ҳал қила олмади. Ушбу тўқнашув бир нечта қуролли тўқнашувларга, шу жумладан иккита кенг кўламли урушга олиб келди.

Озарбойжон 19-20 сентябр кунлари икки кунлик ҳарбий амалиётлар натижасида Тоғли Қорабоғни тўлиқ ўз назоратига олди. Ўшандан бери минтақада яшовчи 120 минг этник арманнинг деярли барчаси Арманистонга чиқиб кетди.

Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок 3 ноябр куни Ереванда сафари чоғида Арманистон ва Озарбойжонни можарога сиёсий ечим топиш учун музокара столига қайтишга чақирди.

Мавзуга оид