Жаҳон | 11:46 / 17.11.2023
5199
2 дақиқада ўқилади

Словакиялик юк ташувчилар Украина чегарасидаги назорат-ўтказиш пунктини тўсиб қўйди

Поляклар ортидан словакиялик юк машина ҳайдовчилари украиналик рақобатчиларга қўйилган талаблар юмшатилгани сабабли норозилик билдирмоқда.

Фото: Radovan Stoklasa/REUTERS

16 ноябр, пайшанба куни Словакия транспорт компаниялари Украина транспорт компанияларининг адолатсиз рақобатига норозилик сифатида юк машиналари учун Украина билан ягона чегара ўтиш пунктини тўсиб қўйди, дея хабар бермоқда dpa.

«Ужгород-Вышне Немецкое» назорат-ўтказиш пунктида словакиялик юк ташувчиларнинг митинги бўлиб ўтди. «Унас» транспорт ассоциацияси раҳбари Станислав Скаланинг сўзларига кўра, норозилик шунингдек, Полша-Украина чегарасида худди шундай блокада уюштирган полшалик ҳамкасблар билан бирдамлик намойиши сифатида ўтказилган.

Скала блокадани «эҳтиёткорлик» деб атади, чунки ҳаракат дастлаб бир соат билан чекланган эди. Юк ташувчилар, агар уларнинг талаблари бажарилмаса, доимий блокада бўлиши мумкинлиги, шу жумладан енгил автомобиллар учун ҳам амал қилиши тўғрисида огоҳлантирмоқда.

Украина юк машиналари ҳайдовчилари учун имтиёзлар

Словакиялик юк ташувчилар, полшалик ҳамкасблари сингари, Украина юк машиналарининг Европа Иттифоқига киришига мажбурий рухсатномалар тикланишига эришмоқчи. Россия Украинага кирганидан кейин Европа Иттифоқи Украина иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш мақсадида ушбу рухсатномаларни бекор қилди. Ушбу чора дастлаб бир йилга амал қилган, бироқ ўтган ёзда у 2024 йилнинг июнигача узайтирилган эди.

Украина билан чегарадош мамлакатларнинг транспорт компаниялари Украинанинг арзонроқ ташувчилари билан рақобатлаша олмайди, уларнинг сони рухсат бериш талаблари йўқлиги сабабли кескин ошди.

Шу ҳафта бошида Полшадан норозилик билдирган юк машиналари ҳайдовчилари делегацияси Украина ва Полша ҳукуматлари вакиллари билан учрашди. «Биз келишувга эришмадик. Украина томони бизнинг талабларимизни инобатга олмаяпти», деди Полша чегарасидаги Дорогуск шаҳрида норозилик намойиши етакчиларидан бири ижтимоий тармоқларда.

Мавзуга оид