Иқтисодиёт | 11:58 / 20.11.2023
19598
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонга цитрус мевалар, кешю ёнғоғи ва хурмо импорти бир неча бараварга ошди

МҲТИ мутахассисларига кўра, бунга қулай макроиқтисодий шароит, импорт божхона тўловларини нолга тушириш, озиқ-овқат чакана савдосининг ривожланиши ва аҳоли сонининг ўсиши таъсир кўрсатган.

Фото: Getty Images

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари 2018-2022 йилларда цитрус мевалар (киви, мандарин, апелсин), кешю ёнғоғи ва хурмо импортини таҳлил қилди. Қайд этилишича, ушбу даврда мазкур маҳсулотлар импорти сезиларли даражада ошган. Бунга қуйидаги омиллар таъсир ўтказган:

  • Республика иқтисодиётининг барқарор ўсиши ва аҳоли сонининг ортиши. 2018-2022 йилларда ялпи ички маҳсулотнинг ўртача ўсиш суръати 5,3 фоизни, аҳоли сонининг ўсиш суръати эса 1,9 фоизни ташкил этган;
  • Қулай макроиқтисодий шароит. Ялпи ички маҳсулотнинг аҳоли жон бошига улуши 2018 йилдаги 1604 АҚШ долларидан 2022 йилда 2255 АҚШ долларига кўтарилди. Бу ҳам 2018-2022 йилларда аҳоли реал умумий даромадларининг 32,1 фоиз ошишига замин яратган;
  • Импорт божхона тўловларини нолга тушириш. Жумладан, 2021 йилнинг октябр ойидан бошлаб Ўзбекистонда цитрус меваларни олиб киришда нол божхона ставкаси тартиби жорий қилинди ва бу муддат бир неча бор узайтирилди. Сўнгги бор нол ставка 2024 йилнинг 1 январигача узайтирилган.
  • Озиқ-овқат чакана савдоси ривожланиши. Маркетинг тадқиқотларига кўра, 2015−2021 йилларда республиканинг замонавий чакана савдо бозори йилига ўртача 17 фоизга ўсган. Савдо ҳажмининг 58 фоиздан ортиғи чакана озиқ-овқат савдосининг улушига тўғри келган. 2026 йилга бориб, Ўзбекистон бозоридаги замонавий чакана савдонинг улуши деярли икки баробар ошиши мумкин.

2022 йилда цитрус мевалар ва ёнғоқлар импорти ҳажми 2018 йилдагига нисбатан қуйидагича ошган:

Кешю ёнғоғи импорти 8,2 баробар.

Хурмо импорти 7,6 баробар.

Мандарин импорти 6,6 баробар.

Киви импорти 4,7 баробар.

Апелсин импорти 3,9 баробар.

«Ҳарвард университети Жамоатчилик соғлигини сақлаш мактаби тадқиқотига кўра, цитрус мевалар саломатлик учун кўплаб фойдали хусусиятларга эга. Жумладан, уларнинг таркибида С витамини, шунингдек, юрак қон-томир тизимига ижобий таъсир кўрсатадиган ва сурункали юрак қон-томир касалликларининг ривожланишига тўсқинлик қилувчи флавоноидлар катта миқдорда мавжуд», дейилади МҲТИ тадқиқотида.

Мавзуга оид