Фан-техника | 22:47 / 28.11.2023
53842
2 дақиқада ўқилади

Биоёқилғи ёрдамида биринчи трансатлантик парвоз амалга оширилди 

Virgin Atlantic авиакомпанияси Boeing 787 самолётида экологик тоза ёқилғидан фойдаланган ҳолда биринчи трансатлантик парвозни амалга оширди. 

Фото: Getty Images

Британиялик миллиардер Ричард Бренсон томонидан асос солинган Virgin Atlantic авиакомпанияси Лондоннинг Ҳитроу аэропортидан Ню-Йоркка экологик тоза ёқилғидан фойдаланган ҳолда биринчи трансатлантик парвозни амалга оширди. 

Financial Times хабарига кўра, биоёқилғи ишлатилган ўсимлик ёғи, ҳайвон ёғлари ва бошқа ноанъанавий ёқилғи аралашмасидан тайёрланган. Парвоз авиация саноати томонидан декарбонизацияга интилишда муҳим босқич сифатида баҳоланди. 

Қайд қилинишича, парвоз биринчи марта тижорат авиакомпанияси томонидан экологик тоза авиация ёқилғисида (SAF) амалга оширилди. У анъанавий авиация ёқилғисига қараганда камроқ углерод чиқаради. 

Самолёт бортида бўлган Virgin Atlantic ҳаммуассиси Ричард Бренсон Атлантика океани бўйлаб экологик тоза ёқилғида учиш имконсиз деб ҳисобланганига қарамай, «бугун биз бундай эмаслигини исботладик» деди ва ҳали бу борада қилинадиган ишлар кўплигини таъкидлади. 

Қайд қилинишича, самолёт парвоз пайтида худди анъанавий реактив ёқилғиси каби бир хил миқдорда карбонат ангидрид чиқарган. Аммо кейинчалик, уларнинг миқдори 70 фоизгача пасайиши кутилмоқда. 

Авиацияда водород ёки электр энергиясидан фойдаланиш каби илғор технологияларнинг жорий қилиниши жуда кўп вақт талаб қилгани боис, соҳа келгуси ўн йилликларда айнан биоёқилғидан фойдаланишни режалаштирмоқда. Бу эса карбон чиқиндиларини 2050 йилга қадар сезиларли даража қисқартириш мажбуриятини бажаришда самара бериши мумкин.

Мавзуга оид