Жаҳон | 20:47 / 11.12.2023
6729
1 дақиқада ўқилади

Навалний энди жазони ўташ колонияси рўйхатида йўқ, у билан алоқа узилгани айтилди 

Россиялик мухолифатчи Алексей Навалнийнинг матбуот котиби Кира Ярмиш сўзларига кўра, сиёсатчи жазони ўтаётган Мелеховодаги ахлоқ тузатиш колонияси рўйхатида йўқ. У билан алоқа 6 кундан бери узилиб қолган. 

«Мелеховодаги ИК-6 колонияси ходимлари адвокатга Навалний энди уларнинг рўйхатида йўқлигини айтишди. Уни қаерга ўтказишганини айтишдан бош тортишмоқда», деди Ярмиш. 

Аввалроқ, Ярмиш 6 кундан бери у билан боғлана олмаётгани ҳақида хабар берган эди. 

«Алексей Навалний видеоалоқа орқали судда яна иштирок этмади. Колония ходимлари «7 декабрдан бери электр таъминотини тузата олмаяпмиз», дейишди. Улар шунчаки масхара қилишяпти. 6 кундан бери Алексейнинг қаердалигини ва унга нима бўлаётганини билмаймиз». 

Олдинроқ, Ярмиш Навалний ўтган ҳафта ўзини ёмон ҳис қилгани, боши айланиб қолгани ва унга томчи укол қилинганини айтган эди. Шундан сўнг сиёсатчи билан алоқа йўқолди, у суд мажлисларида иштирок этмади. Адвокатлар ҳам унинг қаердалигини билишмайди.

Мавзуга оид