Экологлар Қўштепа канали ўпирилганини айтишмоқда. Бу ҳақда нималар маълум?
Сунъий йўлдошдан олинган тасвирларда Амударёдан Афғонистон шимоли бўйлаб қазиб борилаётган Қўштепа канали ёқасида сунъий сув омбори акс этганини кўриш мумкин. Ҳозирча бу борада расмий изоҳ берилмаяпти.
Афғонистонда «Толибон» томонидан қурилаётган Қўштепа суғориш каналида ноябр ойи бошларида биринчи жиддий авария юз берган ва унинг оқибатлари ҳалигача бартараф этилмаган. Бу ҳақда «Чегара билмас дарёлар» халқаро экологик коалицияси экспертлари маълум қилди.
Термиз шаҳридан 25 км нарида, Афғонистондаги Зодиён аҳоли пункти шимолида жойлашган ва каналнинг ўпирилган деган даъво билан тарқатилаётган фотосуратлар 10 ноябр куни сунъий йўлдош орқали тасвирга олинган. Унда каналнинг ўпирилган жойи ва янги пайдо бўлган сунъий сув омбори кўрсатилган.
Сунъий йўлдош тасвирларида воқеалар хронологияси
Сунъий йўлдош суратларига эътибор қаратилса, сув сизиб чиқиши ноябр ойи бошларига тўғри келади.
26 сентябр. Бу кундаги тасвирларда авария содир бўлмаганини кўриш мумкин. Каналда қурилиш ишлари жадал давом этаётгани сабабли сув ҳам ҳали етиб келмаганди.
11 октябр. Қўштепа каналининг биринчи участкаси қурилиши якунланди. Балх вилоятида фойдаланишга топшириш маросими бўлиб ўтди. Афғонистон матбуотига кўра, канал биринчи участкасининг узунлиги 108 км – у Амударёдан бошланиб, Балхнинг Давлатобод туманига етиб боради.
16 октябр. Шу кундаги сунъий йўлдош суратларида канал сувга тўлдирилгани, аммо ҳали авария бўлмагани акс этган.
26 октябр. Сунъий йўлдош тасвирларида бу кун ҳам каналда сув ўпирилиши содир бўлмаганини кўриш мумкин.
5 ноябр. 31 октябр куни содир бўлган чанг тўзонлари тасвирларни хиралаштирган, кўриш имконсиз. Бу ҳодиса мана шу кунларда содир бўлган деган тахминларни юзага келтиради. Негаки, чанг тўзонлар камайганидан сўнг 5 ноябрдаги суратларда каналда ўпирилиш оқибатида сув сизиб чиққанини кўриш мумкин. Сув канал ўзанидан ёриб чиқиб, пастга қараб оққан ҳамда тахминан узунлиги 6 км ва эни 2 кмга тенг ҳудудга ёйилган кўл ҳосил қилган.
25 ноябр. Ноябр ойининг 10, 15, 20, 25-саналарида олинган тасвирларда ҳам каналдаги ёриқ орқали сув оқиб тургани акс этган, ҳосил бўлган сунъий кўл кенгайган. Катта эҳтимол билан, сувни тўхтатиш чоралари кўрилмаган.
Ҳудуддаги ҳолат бўйича энг охирги суратлар 30 ноябрда олинган. Аммо осмонда булутлар кўплиги учун тасвирлар аниқ кўринмаган.
Экологлар нима дейди?
Мутахассислар Афғонистон шимолидаги Қўштепа канали қурилиш майдончасининг сунъий йўлдош орқали олинган сўнгги суратларини ўрганган, канал қурилишининг биринчи босқичи (узунлиги тахминан 100 км) жорий йил октябр ойида «Толибон» томонидан очилганди.
Европанинг Sentinel-2 сунъий йўлдоши томонидан олинган космик суратлар канал Амударёдан сув билан тўла бошланганидан кейин биринчи ойда гидротехник иншоот деворлари сув оқимининг босимига бардош бера олмагани ва каналдан чиққан катта ҳажмдаги сув яқин атрофдаги ҳудудга тарқалганини кўрсатади.
«Каналдан чиқиб кетаётган сувнинг кучи ва ҳажми тўққиз километр узунликдаги сув майдонини ҳосил қилиш учун етарли эди. Сунъий йўлдошдан олинган сўнгги суратлар сув сизиб чиққан ҳудуд муттасил ортиб бораётганини кўрсатмоқда, бу эса «Толибон»нинг вазиятни тўғрилаш қобилияти ёки истаги йўқлигини кўрсатиши мумкин», — дейди «Чегара билмас дарёлар» коалициясининг Марказий Осиё бўйича координатори Александр Колотов.
Экологлар авариялар ва сув сизиб чиқишини ҳисобга олмаган ҳолда ҳам Қўштепа канали Амударё умумий оқимининг 15-20 фоизини ўзлаштиришга қодирлигини таъкидлайди. Амударёнинг юқори оқимидаги Вахш дарёсида Роғун ГЭС ишга туширилиши ҳам минтақадаги сув билан боғлиқ вазиятни янада мураккаблаштириши мумкин.
«Қўштепа канали ва минтақада барпо этилаётган бошқа гидротехник иншоотлар, масалан, Роғун ГЭС сув оқимининг мавсумий тақсимланишига ва сув ҳажмига таъсири Амударё ҳавзасида сув танқислигини сезиларли даражада ошириши мумкин. Келажакда юзага келиши мумкин бўлган сценарийларни аниқ тушуниш ва сув инқирозининг олдини олиш учун Афғонистон ва Тожикистонда ҳозирда амалга оширилаётган барча мегалойиҳаларни ҳисобга олган ҳолда Амударё ҳавзасидаги бутун сув хўжалиги комплекси ривожланишининг стратегик экологик баҳосини амалга ошириш зарур», — таъкидлайди «Чегара билмас дарёлар» коалициясининг халқаро координатори, Янги Жанубий Уэлс университети докторанти Евгений Симонов.
Ўзбекистонлик гидрометоролог Эркинжон Абдулаҳадов ҳам ўзи юритадиган телеграм-каналда 16 ноябрдаёқ Афғонистон шимолидаги Қўштепа канали атрофида йирик сув объекти ҳосил бўлганига эътибор қаратган.
«Сунъий йўлдош тасвирлари ҳамда турли замонавий спектрометрик тасвирларни филтирловчи маҳсулот маълумотларига кўра, мазкур сув объекти айнан канал сувининг сизиб чиқиш эффектими ёки табиий сув омбор объектими буни аниқлаш имкони бўлмади. Сув объекти ноябр ойининг биринчи ўн кунлиги бошида пайдо бўлган», деб ёзган у ва сунъий йўлдошдан туширилган тасвирни илова қилган.
У ҳам канал ўнг қирғоқ кўтармаси канал ичидаги сув босимни кўтара олмай, ёрилиб (ўпирилиб) тушгани эҳимоли юқорилиги, натижада канал суви сизиб чиқиб, қумликда йирик сув объектини ҳосил қилганини таъкидлаган.
«Қизиқ томони, ҳали-ҳануз бу каби сизиб чиқишларни тўхтатиш билан боғлиқ чора-тадбирлар “Толибон” ҳукумати томонидан бажарилмаганга ўхшайди. Ҳар ҳолда, юқорида турли муддатлар учун келтирилган сунъий йўлдош тасвирлари бу фикрларни тасдиқлайди», — деб ёзади у.
Ҳозирча ҳудуддаги ҳолат юзасидан маҳаллий расмийлар изоҳ бермаган, шунингдек, минтақа давлатлари ҳам бу масалага эътибор қаратгани йўқ.
Қўштепа канали қурилиши ва унинг оқибатлари
Қўштепа канали Афғонистоннинг Балх вилояти Калдор туманидан бошланиб, Жовузжон вилоятидан ўтиб, Фарёб вилоятининг Андхой туманигача етиб боради. Унинг узунлиги 280 километрни, эни эса 100 метрни ташкил этади.
Амударёнинг ўртача сув сарфи сониясига 2,5 минг метр куб. Унинг 80 фоиз сувини Панж ва Вахш дарёлари беради. Вахш Тожикистонда, Панж эса Афғонистон ва Тожикистон ҳудудида жойлашган. Панж дарёси сониясига 1,3 минг метр куб сув беради. Чирчиқ дарёси оқими сониясига 221 метр куб, Қўштепа канали шундан 3 баробар катта бўлади.
11 октябр куни Қўштепа канали қурилишида 2-босқичга старт берилган эди.
2023 йил июн ойида Ўзбекистон сув вазири Шавкат Ҳамроев Қўштепа канали орқали Афғонистон 300 минг гектарни суғормоқчи экани, бунга 4−5 млрд куб метр сув етиши, Ўзбекистон мана шу миқдор сақланиб қолишига интилишини айтган эди.
Қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Усмон Норқулов Қўштепа канали Амударё сувининг камида 15 фоизи олиниши, бироқ канал жойлашган шароитдан келиб чиқса, олинаётган сувнинг катта қисми тупроққа сингиб кетиши, парланиб кетиши мумкин ва фойдали иш коэффициенти кам бўлишини таъкидлаган.
«Чегара билмас дарёлар» экспертлари Афғонистон муваққат ҳукумати Қўштепа канали қурилишидан ташқари мамлакат шимоли-ғарбидаги Туркманистон чегараси яқинидаги Фарёб вилоятида иккита Дaxандара ва Алмар гидроэлектр станциялари қурилишини эълон қилганини эслатган.
Мавзуга оид
22:45 / 02.11.2024
Қўштепа канали бўйича афғон-ўзбек музокараларнинг учинчи босқичи Тошкентда ўтказилади
19:13 / 23.10.2024
Афғонистон Амударё ҳавзасида нефт қазиб олишни кўпайтиришга қарор қилди
12:52 / 30.07.2024
Қўштепа каналини қуришнинг иккинчи босқичи 58 фоизга якунланди
09:56 / 04.06.2024