Ўзбекистон | 14:32 / 13.12.2023
9454
4 дақиқада ўқилади

Талабаларга таътилдаги имтиёзли чипталарни истаган пайтда сотиб олиш имконини бериш таклиф этилди

Талабалар 26 декабрдаги поезд учун чиптани сентябрда ёки октябрда ҳам 50 фоизлик чегирма билан ола олиши керак, дея таклиф билдирди ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев. Иқтисодчи Отабек Бакировга кўра, бу имтиёз монетизация қилиниши, поезд ва самолёт чиптаси учун чегирмалар пул кўринишида берилиши тўғри бўлади.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда ҳар йили қишки таътил арафасида талабалар учун маҳаллий йўналишлардаги поездларга чегирма берилади. Бу йилги 50 фоизлик чегирма 25 декабрдан 2024 йилнинг 7 январгача амал қилади. Имтиёз SV /VIP класс вагонлари ва юқори тезликда ҳаракатланувчи “Афросиёб” электропоезди учун амал қилмайди.

Бу эълондан кейин, ижтимоий тармоқларда чипталар деярли сотиб бўлинганидан кейин талабалар учун чегирма берилиши яна танқидларга сабаб бўлди. Бунга жавобан “Ўзбекистон темирйўллари” АЖ бир нечта йўналишларда қўшимча поездлар қўйиш режалаштирилганини маълум қилди. Булар: “Тошкент – Урганч”, “Тошкент – Нукус”, “Тошкент – Самарқанд”, “Тошкент – Қарши”.

Бу мавзу куни кеча жамоатчилик фаолларининг YouTube'даги “Лолазор” подкастида ҳам муҳокама қилинди. Унда иқтисодчи Отабек Бакиров ва ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев ҳар йили бериладиган бу чегирма доимий равишда амал қилишини белгилаб қўйишни таклиф қилди.

“Имтиёз талабаларга ҳам, ўқувчиларга ҳам керак. Бутун дунёнинг тажрибаси шундай. Аммо бу манзилли бўлади, талабанинг ўрнидан кимдир фойдаланиб кетиб қолмайди.

Имтиёз талабанинг жинси ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, ҳаммасига тааллуқли бўлади. Иккинчидан, мен транспорт компанияларидан мазкур қоидаларни ҳамиша сақлаб қўйишларини сўрардим. Яъни июл ойидаям, август ойидаям талабалар билетларни 50 фоизлик чегирма билан олиши лозим”, деди Бакиров.

Хушнудбек Худойбердиев талабаларга темирйўл ва авиачипталарга чегирмаларнинг жуда кеч, яъни амалда бирорта чипта қолмагандан кейин эълон қилинишини танқид остига олди.

“Бугун 8 декабр (подкаст ёзилган кун – таҳр.), ҳали поездга чегирмалар эълон қилинмади. Айтайлик, бу 10 декабрда эълон қилинди. Аммо мазкур санага келиб 24 декабрдан 27 декабргача бўлган ҳамма билетлар сотиб бўлинган бўлади. Шу жиҳатдан талаба нима учун 10 декабрни кутиши керак? Сентябрда ёки октябрда ҳам 50 фоиз чегирма билан 26 декабрга мослаб билет олиб қўйса ҳам бўлади-ку” деди у.

Отабек Бакировнинг фикрича, талабалар уларга тақдим қилинаётган имтиёзларни пул кўринишида олиши керак.

“Поезд ва самолётга алтернатива – автомобил транспорти. Аммо автомобил транспорти ҳаддан ташқари нарх ўзгарувчанлигига мойил. Байрамлар арафасида энг кўп эътирозлар таксичиларга бўлади. Чунки нархлар талаб ўсишидан ҳам тезроқ қимматлашади. Шу сабабдан ҳам бу йўналишда давлат имтиёзларни номига берадиган эмас, балки ҳақиқий, ишлайдиган тизим яратилиши керак.

Бошқа яна бир йўли бор. Бу – имтиёзлар монетизацияси. Ўша “Ўзбекистон ҳаво йўллари”нинг, ўша “Ўзбекистон темирйўллари”нинг 50 минг талабага берадиган имтиёзларининг пулдаги қиймати бор. Шу шартли қанчадир 10 ёки 100 млрд сўмни талабалар пул кўринишида олиши керак. Имтиёзлар бутунлай бекор қилинган тақдирда, ҳар йили давлат байрамлар пайтида имтиёзларнинг пулдаги қийматини талабалар стипендиясига қўшиб бериши керак.

Бу нарсани пенсионерларга ҳам татбиқ қилса бўлади. Масалан, пенсионерларга метродан фойдаланиш текин, лекин уларнинг 10 фоизи ҳам бундан фойдаланмайди, мобил эмас. Аммо метрополитенга ҳар йили бюджетдан “пенсионерлар юрди” деб, субсидия берилади. Шуни пул кўринишида пенсионерларнинг ўзига бериш керак”, – деди иқтисодчи.

Эслатиб ўтамиз, бу йил ОТМларда қишки таътил 25 декабрдан 7 январигача давом этади. Дарслар 8 январ, душанбадан бошланади.

Мавзуга оид