Марказий банк асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди
Расмий релизга кўра, 2024 йилда базавий прогноз шартлари доирасида инфляция даражаси 8-9 фоиз оралиғида шаклланиши кутилмоқда. “Халқаро савдодаги мавжуд нобозор чекловлар ва фрагментация фонида инфляцияни оширувчи ташқи хатарлар сақланиб қолмоқда”, дейилади Марказий банк изоҳида.
Марказий банк бошқарувининг 2023 йил 14 декабрдаги йиғилишида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш бўйича қарор қабул қилинди.
“Иқтисодиётда инфляцион жараёнларнинг секинлашиб боришига қарамасдан, ушбу тенденциянинг давомийлиги бўйича ноаниқликлар сақланиб қолмоқда. Юқори ялпи талаб шароитида инфляцияни 2025 йилда 5 фоизлик таргет даражасигача пасайтириш вазифаси нисбатан қатъий пул-кредит шароитларини давом эттиришни тақозо этмоқда”, дейилади Марказий банк расмий релизида.
Таъкидланишича, инфляция даражаси октябр-ноябр ойларида пасайиб, йиллик 8,8 фоизни ташкил этган. Ушбу пасайиш ўтган йилги юқори база таъсири, импорт нархлари оширувчи ҳиссасининг камайиши, юридик шахслар учун энергия тарифлари оширилиши таъсирининг ҳали тўлиқ юзага чиқмаганлиги ҳамда нисбатан қатъий пул-кредит шароитларининг давом эттирилаётганлиги билан изоҳланган.
Прогнозларга кўра, 2024 йилда базавий прогноз шартлари доирасида инфляция даражаси 8-9 фоиз оралиғида шаклланиши кутилмоқда. Айни пайтда, халқаро савдодаги мавжуд нобозор чекловлар ва фрагментация фонида инфляцияни оширувчи ташқи хатарлар ҳамда тартибга солинадиган нархлар бўйича кутилаётган навбатдаги тузатишлар таъсирларининг кейинги чоракларда намоён бўлиш эҳтимоллари сақланиб қолмоқда.
Базавий инфляция йил бошидан секинлашиш динамикасини кўрсатиб, ноябр ойида йиллик 9 фоизни ташкил этган бўлса-да, айрим товарлар бўйича оширувчи босимлар таъсири кузатилмоқда. Инфляциянинг барқарор пасайишига эришиш маълум бир муддатни талаб этади.
Аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари жорий инфляция кўрсаткичларидан юқори даражада, 13-14 фоиз атрофида шаклланишда давом этмоқда.
Глобал инфляцион жараёнлар яхшиланишининг секин кечаётганлиги ҳамда жаҳон иқтисодиёти ривожидаги кутилмаларнинг ва халқаро хомашё бозорларидаги нархларнинг юқори ўзгарувчанлиги келгуси чоракларда ҳам ташқи молиявий шароитлар, хусусан, ташқи ресурслар ҳисобига молиялаштириш шартларининг қатъийлигича қолиши борасидаги тахминларни кучайтирмоқда.
Иқтисодий фаоллик асосан юқори ялпи истеъмол талаби ва хусусий инвестицияларнинг ўсиши ҳисобига таъминланмоқда. Истеъмол талабини давлат харажатлари ва чакана кредитлаш ҳажмларининг ошиши қўллаб-қувватламоқда. Таклиф томонидан иқтисодий ўсишнинг драйвери, ялпи ички маҳсулот ўсишининг қарийб ярмини таъминловчи хизматлар соҳаси бўлиб қолмоқда. Иш ҳақи ва аҳоли реал даромадлари ўсишининг ижобий динамикаси сақланиб қолиши келгусида истеъмол фаоллигини қўллаб-қувватлайди. Юқорида келтирилган омиллар инфляцион жараёнларнинг барқарор пасайишини таъминлаш билан боғлиқ хатарлар сақланиб қолаётганлигини кўрсатмоқда.
“Марказий банк бошқаруви ушбу шароитларда инфляциянинг мақсадли кўрсаткичига эришиш учун нисбатан қатъий пул-кредит сиёсатини давом эттиришга қарор қилди”, дейилади релизда.
Инфляциянинг пасайиб бориши ҳолатида асосий ставканинг ўзгаришсиз сақлаб қолиниши пул бозоридаги реал фоиз ставкаларининг мўътадил сақланиб қолишига хизмат қилади. Бу эса, кредитлаш суръатларининг мувозанатлашуви шароитида, жамғариш фаоллигида жорий динамиканинг сақланиб қолишига хизмат қилади ҳамда ташқи молиялаштиришнинг қимматлашуви фонида ички молиявий манбалардан кенгроқ фойдаланиш имкониятини оширади.
Миллий валютадаги депозитлар бўйича юқори реал фоиз ставкалари шароитида банк депозитлари ҳажмининг юқори ўсиш суръатлари давом этиши кутилмоқда.
Келгусида узоқ муддатли нархлар барқарорлигига эришиш бюджет тақчиллиги қисқариши ва иқтисодиётга бозор тамойилларини қўллаш кўламининг кенгайиш суръатлари билан боғлиқлиги тобора долзарб бўлиб боради.
Мавзуга оид
11:56
Туркий давлатлар ташкилоти Марказий банклари кенгаши ташкил этилади
18:34 / 08.11.2024
Марказий банк 7 та банк ва 2 та микромолия ташкилотини жаримага тортди
23:10 / 07.11.2024
Ўзбекистон олтин-валюта захиралари 43 млрд доллардан ошди
11:23 / 01.11.2024