Ўзбекистон | 11:38 / 18.12.2023
36784
2 дақиқада ўқилади

Ҳафтанинг иккинчи ярмидан ҳарорат кўтарила бошлайди 

Ўзбекистон бўйича 18-22 декабр кунларига об-ҳаво прогнози эълон қилинди.

Фото: Kun.uz

Бугун кундузи Ўзбекистон ҳудуди бўйича ҳаво бироз ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Куннинг иккинчи ярмида ҳаво +8...+13 даражагача кўтарилади.

“Ўзгидромет” хабарига кўра, фақат республиканинг шимоли-ғарбий ҳудудларига нам ҳаво кириб келиши кутилмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида баъзи жойларда бироз қор ёғади.

Эртага, 19 декабр куни нам ва нисбатан совуқ ҳаво массаси Ўзбекистоннинг барча ҳудудларига тарқалади. Республиканинг аксарият ҳудудларида ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади. Бухоро, Навоий вилоятларида фақат кечаси ва эрталаб бироз ёғингарчилик бўлиши мумкин. Республика жанубида ва Фарғона водийси вилоятларида ёғингарчиликсиз об-ҳаво сақланиб туради.

20-22 декабр кунлари республика ҳудуди бўйича ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, фақат 20 декабр, чоршанба куни республиканинг айрим тоғолди ва тоғли ҳудудларида асосан қор кўринишидаги ёғингарчилик бўлиши сақланиб туради.

19-21 декабр кунлари даврида ҳаво ҳарорати кечалари -0...-5 даражагача, шимолда -5...-10 даражагача, кундуз кунлари +2...+7 даражагача пасаяди, бу ушбу давр учун бўлган меъёрий қийматлардан 2-3 даражага пастдир.

22 декабрдан ҳарорат кўтарила бошлайди, кундуз кунлари ҳаво +7...+9 даражагача етади. Ҳавонинг илиши кейинги дам олиш кунларида ҳам давом этади.

Республика бўйича баъзи жойларга туман тушади. 18-19 декабр кунлари айрим жойларда шамол 15-20 м/с гача кучайиши мумкин.

Пойтахтда бугун ёғингарчилик кутилмайди, ҳарорат +9...+11 даража бўлади.

Эртага, 19 декабрда вақти-вақти билан бироз ёмғир ёғади, қорга айланиши мумкин. Шамол шарқдан 5-10 м/с тезликда эсади, 12-15 м/с гача кучаяди. Ҳарорат кечаси +1...+3 даража, кундузи +3...+5 даража бўлади.

20-22 декабрда ёғингарчилик кутилмайди, кечаси ва эрталаб туман тушиши мумкин.

Ҳарорат кечалари асосан -2...+1 даража, кундузи 20 декабрда +3...+5 даража бўлади, 21-22 декабрда +7...+9 даражагача аста-секин кўтарилади.

Мавзуга оид