Жаҳон | 07:29 / 19.12.2023
11144
2 дақиқада ўқилади

Хитойда зилзила оқибатида 100 дан ортиқ киши ҳалок бўлди

Гансу ва Цинхай провинцияларида содир бўлган зилзила оқибатида камида 220 киши жабрланди. Хитой раҳбари Си Жинпинг кенг кўламли қидирув амалиётини ўтказишга чақирди.

Фото: China Daily via REUTERS

Хитойнинг марказий қисмида содир бўлган зилзила оқибатида камида 111 киши ҳалок бўлди. Бундай маълумотлар 19 декабр, сешанба куни «Синхуа» агентлиги ва мамлакат марказий телевидениеси томонидан маълум қилинди. Хусусан, Гансу провинциясида қурбонлар сони 100 кишига етди, яна 11 киши Цинхай провинциясида ҳалок бўлди. 

Сув ва электр таъминоти узилиб қолган 

Бундан ташқари, камида 220 киши жабрланган - Гансуда 96 ва Цинхайда 124 киши, дея хабар беради расмий ОАВ. Унга кўра, офат зонасида сув таъминоти узилган, электр узатиш линиялари, шунингдек, транспорт инфратузилмаси объектлари шикастланган. Расмийлар зарар кўрган ҳудудларга чодирлар, йиғма каравотлар ва кўрпа-тўшаклар юборишни буюрган. Хитой раҳбари Си Жинпинг қурбонлар сонини камайтириш учун кенг кўламли қидирув амалиётини ўтказишга чақирди. 

Зилзила эпицентри Гансу провинциясида, Цинхай билан маъмурий чегарадан 5 километр узоқликда бўлган, дея таъкидлади «Синхуа». Хитой маълумотларига кўра, зилзила магнитудаси 6,2 баллни ташкил қилган. Шу билан бирга, АҚШ Геология хизмати бу кўрсаткични 5,9 деб баҳоламоқда. 

Хитойда сўнгги йиллардаги энг вайронкор зилзилалардан бири 2008 йилнинг май ойида Сичуан провинциясида кузатилган. Ўшанда 87 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган.

Мавзуга оид