Жаҳон | 14:22
1071
3 дақиқада ўқилади

Перуда Хитой сармоясига қурилган мегапорт очилди

Хитой Халқ Республикаси ва Перу раҳбари Лима шимолида жойлашган Чанкай мегапортининг очилиш маросимида иштирок этди.

Фото: Angela Ponce/REUTERS

15 ноябр, жума куни Перуда қурилиши учун Хитой сармояси жалб қилинган Чанкай янги чуқур денгиз портининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда мамлакат президенти Дина Болуарте ва ХХР раиси Си Жинпинг видео-алоқа орқали иштирок этишди.

«Чанкай портининг очилиши Перу ва барча перуликлар учун тарихий лаҳзани ифодалайди», деди Болуарте маросимда ва мегалойиҳа Перуни «жаҳон даражасидаги логистика, технология ва саноат маркази»га айлантирадиган ўзгаришларнинг бошланиши эканлигини қўшимча қилди. 

Си Жинпинг, ўз навбатида, портнинг очилиши Хитой ва Перу ўртасида «Бир камар, бир йўл» лойиҳаси ҳомийлигидаги ҳамкорликнинг «муваффақиятли намунаси» эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бунинг натижасида Хитой ва Лотин Америкаси ўртасида «буюк инклар йўли ва «XXI аср денгиз ипак йўли»ни боғлайдиган ҳамда Перунинг гуллаб-яшнашига йўл очадиган» денгиз йўлагини яратиш мумкин бўлади. 

Жанубий Америкада Хитой томонидан бошқариладиган биринчи порт

Перунинг Тинч океани соҳилида, пойтахт Лимадан тахминан 80 км шимолда жойлашган Чанкай мегапорти Жанубий Америкада Хитой томонидан бошқариладиган биринчи логистика маркази бўлади. Лойиҳада Хитойнинг COSCO Shipping логистика компаниясининг улуши 60 фоизни ташкил этади. Жами инвестициялар - 3,4 миллиард доллар.

Порт нафақат Перу, балки Чили, Колумбия, Эквадор ва бошқа қатор Жанубий Америка мамлакатларига ҳам хизмат кўрсатиши, Осиё билан савдо қилиш учун Мексика ва АҚШ портларини четлаб ўтиш имконини бериши кутилмоқда. У бошқа нарсалар қаторида мавжуд бўлган энг йирик контейнер кемаларини сиғдира олади. Биринчи кема портни кейинги ҳафта тарк этиши керак.

Аввалроқ Хитой Халқ Республикаси раҳбари El Peruano газетасида чоп этилган мақоласида Чанкай порти Перудан Хитойга бўлган денгиз йўналишини 23 кунгача қисқартириши ва шу орқали логистика харажатларини камида 20 фоизга камайтиришини таъкидлаган эди. Инфратузилма лойиҳаси Перу учун йиллик 4,5 миллиард доллар даромад келтириши ва 8000 дан ортиқ иш ўрни яратиши кутилмоқда.

Мавзуга оид