Жаҳон | 12:41 / 21.12.2023
13070
11 дақиқада ўқилади

Мис ўрамидаги хазина, қаердалиги номаълум қабр ва сунъий ғорлар – биз жавоб топа олмайдиган 8 та тарихий сир

Инсоният доимо янги нарсаларни кашф этишга уриниб келган. Шундан бўлса керак, бизга маълум бўлмаган бўшлиқлар қолмаганга ўхшайди. Ҳамма нарса маълум - ота-боболаримиз юз минглаб йиллар олдин нима истеъмол қилганидан тортиб, Марс атмосферасидаги органик моддалар миқдоригача. Аммо жавоблари ҳали топилмаган ва эҳтимол, номаълумлигича бўлиб қоладиган сирлар мавжуд.

Қадимги мисрликлар қандай кўринишга эга эдилар?

Мисрликлар ҳақида деярли ҳамма нарса ўрганилган - уларнинг тили, маданияти, қурилиш усуллари, ижтимоий ва сиёсий тузилиши. Аммо биз уларнинг қандай кўринишга эга эканлигини ҳали ҳам билмаймиз. Филмлардан уларнинг қора танли, арабларга бироз ўхшашлигини тушунишимиз мумкин, аммо мисрликлар Мисрни форслар томонидан босиб олингандан кейин шундай кўринишга эга бўлишган ва бу пирамидалар қурилганидан минг йиллар ўтгач содир бўлган.

XIX асрда Миср европаликларни қизиқтира бошлаганида, жамият ниҳоятда ирқчи эди. Шунинг учун улар баъзилари “оқ танли бўлмаганлар” бундай улуғвор иншоотларни қуришлари мумкинлигини тан олишмаган ва бу қадимги юнон худоларига ўхшаган одамнинг иши эканлиги тахмин қилинган. Кейинчалик, мисрликларнинг қора танли эканлиги ҳақидаги назария пайдо бўлди, чунки мамлакат Африкада жойлашган.

Фиръавнлар қабрларидаги чизмалар ҳам бунга аниқ жавоб бўла олмаган, чунки у ерда эркакларнинг териси қизил, аёлларники эса ёрқин сариқ шаклда тасвирланган расмлар бор эди. Ўрганишларга кўра, буларнинг барчаси терининг ҳақиқий жилоси ёки турли жинсларни фарқли тасвирлашнинг оддий усули бўлиши мумкин. Қадимги юнон манбаларида мисрликлар қора танли ва жингалак сочли сифатида тасвирланган, аммо бу эрда “қора тери” сўзи нимани англатиши ҳам ноаниқ. Балки улар юнонлардан бир оз ўткирроқ рангда бўлган одамлардир ёки негроид ирқининг вакиллари бўлгандир. Буниси эса, ҳозирча фанга номаълум.

Марказий Америкада тошдан ясалган улкан бошлар қандай пайдо бўлган?

Марказий Америкада, ацтеклар ва майялардан анча олдин, тошлардан баҳайбат бошларни ўйиб ясаган олмеклар яшаган. Уларда бунинг учун кўп вақт бор эди, чунки атрофда ҳеч қандай душман қабилалар, бирор таҳдид ёки машғулотлар бўлмаган. Бир қарашда бу жараёнда ғайриоддий нарса йўқдек туюлади, чунки Пасха оролида ва унга яқин ҳудудларда улкан тошдан ясалган бошлар ўйиб ишланган.

Аммо фарқи шундаки, олмеклар ушбу бошларни вулқон тошларидан ясашган. У эса ёдгорлик ўрнатилган жойдан тахминан 200 километр узоқликдан отилиб чиққан. Ҳар бир бошнинг оғирлиги тахминан 20 тоннани ташкил этади ва уларда тошларни ташиш учун ғилдираклар бўлмаган. Сиз мисрликлар оғир юкларни ғилдираксиз ҳам судраб юришни яхши билишган, деб ҳам айтишингиз мумкин. Биринчидан, улар бу йўл билан юкни кичик масофага кўчиришлари мумкин эди, лекин тошларнинг аксарият қисмини Нил бўйлаб узоқ масофадан олиб ўтишган. Иккинчидан, олмеклар ўрмон ва чакалакзорлардан орқали улкан тошларни судраб ўтишлари керак эди, мисрликлар эса бу ҳажмдаги юкни қуп-қуруқ чўлда юргандек қўлда кўтариб кетишган.

Ҳозиргача олимлар олмеклар улкан тошларни қандай қилиб ва нима учун бундай узоқ масофага судраб ўтгани ва бунинг учун қанча вақт сарфлашганини аниқ билишмайди.

Хитойдаги сунъий ғорлар тармоғини ким ва нима учун қурган?

1992 йилда Хитойнинг Лонгю қишлоғи аҳолиси насос ёрдамида ҳовуздан сув чиқаришга қарор қилишади. Сувнинг бир қисмини помпалагач, улар бу ҳовуз эмас, балки қадимий сунъий ғорнинг сув босган кириш жойи эканлигини тушунишади. Бу Хитой расмийларини қизиқтириб қўяди ва тадқиқот ишлари олиб борилади. Маълум бўлишича, бу Хан сулоласи даврига оид 36 та ғордан (ва моҳиятан хоналардан) бири бўлган. Уларнинг ёши тахминан икки минг йилга тенг.

Бу ғорларни ким ва нима учун қурганини ҳеч ким билмаслиги ҳам ғалати. Бу саволларнинг жавоби Хитой учун ҳам қизиқ. Сабаби маърифатли европаликларнинг энг қадимги даврлардан бери ҳар қандай ҳаракати ҳужжатлаштирилган. Ҳатто Буюк Хитой девори ва бошқа машҳур объектларни ким ва нима учун қурганини аниқ ҳужжатлардан билиш мумкин.

Аммо ғорлар ҳақида бундай деб бўлмайди. Улар тектоник силжишлар ва сув натижасида яратилган табиий ғорлар эмас, чунки биноларда чизмалар, нарвонлар, таянч устунлар ва одамлар томонидан яратилган тасвир излари топилган. Тахминларга кўра, бу бадавлат оила учун бошпана ёки дафн хонаси бўлиши мумкин.

Тарихдаги энг муҳим тиллардан бирини қандай ўқиш керак?

Айтиш мумкинки, биз қадимги Юнон, Рим ва Хитой тилларини қандай ўқишни аллақачон биламиз. Аммо этрусклар ҳақида бундай дея олмаймиз. Улар Тосканада римликлардан олдин яшаган халқ. Римликлар эмас, балки айнан этрусклар сув қувурлари, канализация, кўприклар, металлургия, йўллар ва шаҳарсозликни ихтиро қилганлар. Римликлар ҳамма нарса тайёр бўлганда шунчаки ўз қўлларига олишди ва ихтирони яхшилашди.

Тарихчилар ҳақиқатан ҳам этруск маданиятини яхшироқ билишни хоҳлашади, аммо бунга уларнинг тили тўсқинлик қилмоқда, бу ҳали ҳам олимлар учун сир бўлиб қолмоқда. Айни пайтда тадқиқотчилар этруск ва пуник тилларидан бир нечта сўзларни ўз ичига олган Пирги планшетлари ёрдамида ушбу тилни оз бўлсада ўрганишга муваффақ бўлишди. Мутахассисларга бошқа қадимги тиллар орқали ҳам омад кулиб боқиши мумкин. Сабаби баъзи ҳолларда ўша даврларнинг ҳукмдорлари ва тарихчилари ўзларининг қонунларини ёки илмий асарларини бошқа тилларга таржима қилишган (масалан, Росетта тошида бўлгани каби, қадимги мисрликлар тилини очишга ёрдам берган), аммо ҳозирча  этруск тилида бундай манба мавжуд эмас. Римликлар, юнонлар ва бошқалар ҳам бундай манбаларни яратмаган. Этруск тилида олимлар ўқишга иштиёқманд бўлган кўплаб ёзувлар мавжуд, аммо ҳозирча уларни очиш истиқболлари ноаниқ.

Денгиз халқлари кимлар эди?

Милоддан аввалги XIII асрда Ўрта ер денгизи соҳилидаги бир нечта шаҳарларга денгиздан келган жуда кўп номаълум одамлар ҳужум қилишди. Соҳилга тушиб, атрофдаги ҳамма нарсани йўқ қила бошладилар, шаҳарларни ёқиб юбордилар. Замонавий Туркия ҳудудида жойлашган Анадолу минтақаси биринчи бўлиб ҳужумга учради. Келганлар шунчаки бир нечта шаҳарларни ёқиб юборишди, кейин кемаларга ўтириб, яна йўлга чиқишди. Масалан, “денгиз халқлари” замонавий Сурия ҳудудида жойлашган Қадимги дунёнинг йирик савдо маркази бўлган Кадашни ёқиб юборишди. Улар том маънода бутун Ўрта ер денгизи қирғоқларини вайрон қилишди ва фақат Мисрда мағлуб бўлишди (ва шунга қарамай мисрликлар босқинчиларни қувиб чиқариш учун кўп меҳнат қилишларига тўғри келди).

“Денгиз халқлари” ким бўлганлиги ҳали ҳам номаълум. Олимларнинг фикрига кўра, бу бронза қулаши туфайли кўчиб кетишни бошлаган Ўрта ер денгизи халқлари гуруҳидир. Эҳтимол, улар Болқон ва Кичик Осиё минтақасидан келган бўлиши ҳам мумкин. Мисрдаги мағлубиятдан кейин бир неча гуруҳларга бўлинган “денгиз халқлари” Ўрта ер денгизи соҳилларига жойлашиб қолишган.

Клеопатранинг қабри қаерда жойлашган?

Миср маликаси Клеопатра, қадимги манбаларга кўра, милоддан аввалги 30 йилда Марк Антоний билан умумий қабрга дафн этилган. Плутарх қабр Исис ибодатхонаси ёнида жойлашганлигини ва энг гўзал санъат асарларидан бири эканлигини ёзган. Олимлар узоқ вақт давомида бу қабрни топишга ҳаракат қилишди (ҳали ҳам ҳаракат қилмоқдалар), аммо ҳеч қандай натижа бўлмади. 2010 йилда Искандария яқинида олиб борилган қазишмаларда Клеопатра ҳукмронлиги даврига оид бир қанча қабрлар топилган, бироқ Миср маликаси ва Рим консули дафн этилган жой топилмаган.

Археологларнинг таъкидлашича, Клеопатранинг қабри талон-торож қилинган ва уни энди аниқлашнинг имкони йўқ. Бу нуқтаи назар жуда тўғри, чунки Плутарх қабр олтин, кумуш, зумрад, марварид ва фил суяги билан безатилган, бу талончилар учун катта бойлик эди, деб ёзган.

Мис ўрамидаги хазина қаерда?

Мис ўрами Қумран ўрамлари билан бирга, яҳудий чўлидаги Қумран ғорларида Ўлик денгиз ўрамлари сифатида танилган. Пергаментга ёзилган бошқа ўрамлардан фарқли ўлароқ, бу мис ва қалай қотишмасида ёзилгани учун яхши сақланиб қолган. Варақда хазиналар яширинган жойлар рўйхати мавжуд бўлган. Бундан ташқари, уларнинг сони шунчалик кўпки, олимлар буни фантастика деб билишади.

Қўлёзма яҳудий мазҳабларидан бири бўлган Эссенлар томонидан милоддан аввалги 50-100-йилларда – Рим ҳукмронлигига қарши бир неча бор исён кўтаришга уринишлар бўлган бир пайтда яратилган. Олимларнинг фикрига кўра, хазина римликларга тушмаслиги учун яширилган. У ҳақиқийми ёки йўқ ва қаерда жойлашгани абадий сир бўлиб қолиши мумкин.

Бобилнинг осма боғлари мавжудми?

Қадимги юнон ва рим муаллифлари ўз асарларида дунё мўъжизаларидан бири - Бобилда жойлашган Бобил осма боғларини эслатиб ўтадилар. Мисол учун, тахминан милоддан аввалги 250-йилларда византиялик ёзувчи Филон бу боғларда ўсимликлар ерга қараб ўстирилганлигини ва дарахтларнинг илдизлари ерга эмас, балки юқори терассага жойлаштирилганини ёзган эди. Археологлар ҳанузгача осилган боғлар ҳақиқатини исботлай олишмаяпти.

Бугунги кунга қадар Бобилнинг осма боғлари дунёнинг етти мўъжизасидан бири бўлиб, унинг жойлашган ўрни ҳеч қаердан топилмаган. Бундан ташқари, улар ҳақиқатда мавжудми ёки йўқми, номаълум. Бобил жойлашган ҳудуд тез-тез талон-торож қилинганлигини ҳисобга олсак, олимлар бу топишмоққа жавоб топа олишмайди.

Махсума Оққўзиева тайёрлади. 

Мавзуга оид