Жаҳон | 10:43 / 25.12.2023
5081
2 дақиқада ўқилади

Чехия Украинага қайтишга тайёр бўлган қочқинларга пул тўлашга тайёр

Прага ватанига қайтишга рози бўлган украиналикларга молиявий ёрдам кўрсатади. Нақд тўловнинг аниқ миқдори ҳали аниқлаштирилмаган.

Фото: Stephan Schulz/dpa-Zentralbild/picture alliance

Чехия ўз ватанига қайтишга қарор қилган украиналик қочқинларга молиявий ёрдам кўрсатади, деб хабар берди The Insider 24 декабр, якшанба куни Чехия Ички ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган ва мамлакат президенти Петр Павел томонидан имзоланган қонунга таяниб. Прага ҳукумати ҳали тўловнинг аниқ миқдорини аниқлаштирмаган, бироқ уни олиш ҳуқуқидан фақат бир марта фойдаланиш мумкинлиги маълум.

Репатриация учун маблағ олган украиналиклар ўзига кўрсатилган ёрдамнинг ярмини Чехия давлатига қайтарган тақдирдагина Чехияга қайтиши мумкин бўлади. Қонунга тушунтириш хатида Украинадаги уруш яқин орада тугамаслиги, шунинг учун Чехиядаги украиналик қочқинларни ҳимоя қилиш дастури 2025 йил 31 мартгача узайтирилиши қайд этилган. 

Илгари муҳожирларни ватанига қайтариш тўғрисидаги қонун фақат аризачига ўз ватанига самолёт ёки поезд чиптасини сотиб олиб бериш имкониятини назарда тутган эди. Шунингдек, Ички ишлар вазирлиги ходимлари репатриантларга барча керакли ҳужжатларни тайёрлашда ёрдам кўрсатиши лозим бўлган. 

Украиналикларнинг атиги 10 фоизи ватанига қайтишга тайёр 

Халқаро миграция ташкилоти (IOM) ўтказган сўров натижаларига кўра, Чехиядаги қочқинларнинг 10 фоизи яқин келажакда Украинага қайтишни режалаштирган. 66 фоизи қачондир ватанига қайтишига умид билдирган, бу кўрсаткич 2022 йилда нисбатан юқори бўлган. 

Ҳозирда Чехиядаги украиналик қочқинларнинг 75 фоизи бошқа давлатга кўчиб ўтишни режалаштирмаяпти.

Мавзуга оид