Жаҳон | 07:28 / 26.12.2023
4389
2 дақиқада ўқилади

Малайзия 1 январдан бошлаб чет эл фуқаролари учун рақамли келиш карталарини жорий этмоқда

Малайзиядаги элчихона мазкур давлатга боришни режалаштираётган ўзбекистонликларга мурожаат қилди, деб хабар бермоқда “Дунё”.

Фото: Hari Anggara

Малайзия ҳукумати 2024 йил 1 январдан бошлаб шу давлатга ташриф буюрувчи чет эл фуқаролари, жумладан, Ўзбекистон фуқаролари учун рақамли келиш карталарини жорий этмоқда. Янги қоидага мувофиқ, мазкур онлайн картани олиш учун Малайзияга етиб келгунга қадар уч кун ичида веб-сайти орқали тўлдириш талаб этилади. Тўлдирилган ва принтерда чоп этилган картани мамлакатга кириб келганда паспорт назорати пунктларида тақдим этиш керак бўлади.

Мазкур картада саёҳатчилар ўзининг шахсий маълумотларини, жумладан, исм-шарифи, фуқаролиги, паспорт серияси, мамлакатга келиш ва ундан чиқиб кетиш саналари, телефон рақамлари, Малайзиядаги вақтинча яшаш манзили ва бошқа маълумотларни кўрсатиши шарт.

Ҳозирги вақтда Малайзияга кириш учун Ўзбекистон фуқароларига 30 кунгача виза талаб қилинмайди. Малайзиянинг миграция қонунчилигига мувофиқ, Ўзбекистондан келаётган фуқаролар қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиш зарур:

амал қилиш муддати 6 ойдан кам бўлмаган хорижга чиқиш паспорти;
мазкур давлатга кирган санадан бошлаб 30 кун ичида қайтиш ёки учинчи давлатга бориш авиачиптаси.

Паспорт назоратидан ўтаётганда фуқаролардан меҳмонхона (ётоқхона)ни банд қилгани тўғрисида ҳужжат ва мамлакатда бўлиши учун етарли маблағ мавжудлигини тасдиқлаш талаб қилиниши мумкин.

Зарур ҳолларда Малайзия Ички ишлар вазирлиги Миграция департаменти вакиллари чегара ўтиш жойларида (Куала-Лумпур халқаро аэропорти ва бошқалар) чет эл фуқароларига мамлакатга киришни рад этиш ҳуқуқига эга.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистоннинг Куала-Лумпур шаҳридаги элчихонаси Малайзияга саёҳат қилишни режалаштираётган ватандошларни маҳаллий ҳокимият органларининг ушбу талабларини инобатга олишга чақирди.

Мавзуга оид